Мақолалар

Дуо қабул бўлишининг одоблари

1. Ҳалол луқма. Саъд ибн Абу Ваққос дуоси ижобат бўлмаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирар экан, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”.

 2. Қиблага қараб дуо қилиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага юзланиб дуо қилардилар.

 3. Паст товушда одоб, хушуъ, хокисорлик ва тавозе билан дуо қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).

 4. Чин ишонч ва ихлос билан дуо қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, Сизлар Унга динни холис қилган ҳолингизда дуо (ибодат) қилингиз!” (Ғофир сураси, 65-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ижобатига ишонган ҳолингизда Аллоҳга дуо қилинг! Билиб қўйингки, ғофил ва сўраган нарсасига эътибори йўқ кимсаларнинг дуосини Аллоҳ ижобат қилмас!” дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бировингиз дуо қилса, тилакни жиддий қилсин! “Ё Аллоҳ, хоҳласанг, берарсан!”, демасин. Чунки Аллоҳ таолони мажбурловчи (куч) йўқдир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 5. Умид ва сабр қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! (Аъроф сураси, 56-оят).

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади”, дедилар. Саҳобалар: “Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ!” дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Бировингиз дуо қилсам ижобат бўлмади!” дея шошқалоқлик қилмаса, дуоси ижобат бўлади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Мен дуонинг ижобати ташвишини қилмайман, балки, дуо қилиш ташвишини қиламан. Чунки дуо қилишга илҳом берилса, албатта у ижобат бўлади”, деганлар.

 6. Дуо аввали ва охирида Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳга салавот айтиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирортангиз намоз ўқисангиз, Аллоҳга ҳамду сано айтиш ила бошланг, кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтинг. Сўнгра истаган дуони қилинг”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 7. Дуо сўнггида қўлни юзига суртиш. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон дуода икки қўлларини кўтарсалар, уларни юзларига суртмасдан туриб қайтармас эдилар”.

 8. Дуони қисқа, сермаъно қилиш. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуонинг қисқа ва кўп маънолисини яхши кўрар ва бошқасини тарк этар эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).

 9. Кафтнинг ичи билан дуо қилиш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан кафтларингизнинг ичи билан сўранглар, сирти билан сўраманглар. Қачон фориғ бўлсангиз, уларни юзингизга суртинг”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 10. Дуони уч марта такрорлаш. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уч марта дуо қилиш ва уч марта истиғфор айтиш ёқар эди” (Имом Абу Довуд ривояти).

 11. Ўзгалар ҳаққига дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта: “Омийн! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!” дейди”» дедилар (Имом Муслим ривояти).

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4448 times

Мақолалар

Top