Мақолалар

“Ақида билмаган шайтона элдур”

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли «ақоид» бўлади. Ислом ақидаси ҳар доим инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуидан иборатдир.

Киши одатда бирор нарсага эътиқод қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда ақида борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур. У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб мағзини англашда илму маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради.

Бинобарин, динда ҳар доим ҳам ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз нажот топаман деган кишилар адашади. Илм нажот ва бахт-саодат калитидир. Буюк тобеъин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилди. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқди. Агар уларда илм бўлганида, бу ишни қилмаган бўлар эди”.

Ақида софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Чунки ақидасиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ. Буюк бобокалонларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмининг зарурлигини баён қилиб шундай деганлар:

 

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса елдур.

 

Дарҳақиқат, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, ақида нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Динда ғулувга кетиш ҳам шулар жумласидандир. Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади.

Ғулувдан сақланиш борасида Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта айтганлар.

Шунингдек, у зот умматини огоҳлантириб бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).

Бундан билинадики, мусулмон киши шариатда буюрилмаган турли ибодатларни ўзича кўпайтириб олиб, белгиланган меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юбормасин. Ғулув диннинг кушандаси экани аниқ манбаларда қайд этилган.

Ақидани нотўғри танлашнинг салбий оқибатларидан яна бири динни жуда ҳам енгил олиб, шаръий аҳкомларни бажаришни ортга суришдир. Бунинг ҳар иккиси ҳам нотўғридир.

Ҳакимлардан бири бундай деган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: биринчиси, банданинг амалда ғулувга кетиши бўлса, иккинчиси, амалда нуқсонга йўл қўйишдир. Шайтон буларнинг қайси бири ғолиб бўлишига асло парво қилмайди”.

Банда иблис алайҳил лаънадан устун келиши учун амалини шариат мезонига солиб кўрсин. Агар унда нуқсон бўлмаса ва ҳаддан ҳам ошмаса, зафар уники. Аксинча бўлса, оқибати ҳам, шубҳасиз, аксинча бўлади. Буни билиш учун албатта илм керак. Инсон аввало тўғри йўл қайсилигини билиб олмоғи лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.

Биз ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини ўйласак, кўпроқ ўқишимиз, виждонни поклаб, комилликка интилишимиз зарур. Шунингдек, аҳил ва иноқ бўлишимиз, бир-биримизга манфаат етказишимиз, бир ёқадан бош чиқариб, мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва бузғунчи кучлардан кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз даркор.

Бугунги кунда келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларнинг ақидаси тўғри бўлиши ҳамда динда ғулувга кетмасликлари учун ота-она, маҳалла, мактаб, устоз ва мураббийлардан катта масъулият талаб этилади. Ёшларимиз турли интернет ёки шу каби ахборат воситаларига боғланиб қолар экан, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри эътиқодга кириб қолишлари ҳам мумкин. Чунки, илм интернетдан олинмайди.

Афсуски, бугунги кунда айрим мамлакатларда динни ниқоб  қилиб олган  каслар бегуноҳ одамларнинг қонини тўкмоқда, обод шаҳар-қишлоқларни вайрон қилмоқда. Энг ачинарлиси, жангарилар ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқариб, қатл қилаётир.

Инсон огоҳ ва ҳушёр бўлсагина, ўзининг келажагига теран назар ташлайди, мушоҳада этади, фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Барчамиз неъматларга шукр қилиб, уламоларимиз айтган панду-насиҳатларга қулоқ солсак, мамлакатимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлади.

Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Аждодларга муносиб тўғри ақидада собит турадиган авлодлардан қилсин. Ҳеч кимни соф ақидадан адаштирмасин!

 

Мақсуд АКРАМОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячиси, Қироат фани мударриси

 

Read 12788 times
Tagged under

Мақолалар

Top