Мақолалар

Мусулмон ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас!

Аллох таоло инсониятни барча мавжудодлар ичада энг улуғи  қилиб яратди. Уларга ҳалол неъматлардан ризқ ва чорпо ҳайвонларидан  уловлар берди. Қолаверса, энг буюк неъмат ақл ва идрок билан бошқа мавжудодлардан фазилатлик қилиб қўйди.

Шундай экан, одам фарзанди шу улуғлигига яраша ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади.

Ҳозирги шундай тинчлик хотиржамлик, тўқчилик замонасида ҳам баъзи инсонларнинг ўртасида душманлик, ўзаро аразлашиш ва ҳасад қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлинг! Мусулмон учун ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас”, дедилар.

Демак, мўмин-мусулмон кишилар бир-бирларини ёмон кўришлари мутлақо мумкин эмас. Ахир мўминларни Қуръони Карим биродар деб атаган. Улар қандай қилиб бир-бирларини ёмон кўришлари мумкин.

Ато ибн Язид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Бирор кишига ўз биродари билан уч кечадан ортиқ аразлашиш мумкин эмас, ҳалол эмас, ҳаром. Икковлари учрашиб қолса, бири у ёққа, бири бу ёққа қараб, тескари бўлмасин. Икковидан яхшиси биринчи салом берганидир”.

Бу ҳадиси шарифда аразлашиб қолганларни яраштиришнинг жуда бир ажойиб услуби ўргатирмоқда. У ҳам бўлса, аразлашиб қолган икки киши учрашиб қолса, шу ерда бир томон савоб умидида яхшиликни бўйнига олиб, салом бериши керак экан. Салом берган одамнинг гуноҳи тўкилади. Чунки у Аллоҳнинг амрини бажарган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳисобланиб, аразлашганлик гуноҳидан фориғ бўлади. Нариги одам алик олса, икковлари ҳам бу гуноҳдан қутулади. Алик олмай кетган бўлса, гуноҳ унга бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биринчи бўлиб салом бергани яхшиси”, - деганлар.

Ҳар биримиз ушбу ҳадисни яхши ўзлаштириб олишимиз керак. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо бир билан аразлашиб қоладиган бўлсак, араздан кейинги биринчи учрашувдаёқ ярашиб кетишга одатланишимиз керак. Албатта, бу иш араздан уч кун ўтмасдан олдин юз бериши лозим.

Муъоза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Ҳишом ибн Омирдан эшитдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмон киши учун бошқа бир мусулмондан алоқасини уч кундан ортиқ узиши ҳалол эмас. Агар икки киши орасидаги алоқа узилган ҳолида давом этса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади. Агар улардан қайси бири аввал қайтса, бу амали унинг гуноҳларига каффорот бўлади. Агар алоқалари узилган ҳолда вафот этсалар, икковлари ҳам абадий жаннатга кирмайди. Агар бири салом берса, иккинчиси унинг саломига алик олишдан бош тортса, салом берганга фаришта алик олади. Алик олишдан бош тортган одамга эса шайтон гапиради”.

Демак, бирига фаришта, иккинчисига шайтон дўст бўлади деганидир.

Буни ҳар бир мўмин-мусулмон жуда яхши билиб олиши керак, мўмин-мусулмонлар бир-бири билан уришиб, ўзаро алоқани узиб, душман ҳолатда юрса, икки томон ҳам тўғри йўлдан четда юришар экан.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни тўғри йўлда бардавом қилсин! 

 

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

 “Полосон” жоми масжиди имом хатиби

Отабек домла Мамадиев

 

Read 2447 times

Мақолалар

Top