Мақолалар

Имом Мотуридий ҳақида уламоларнинг билдирган фикри

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида «Бу илмни кейинги келган одамлардан одиллари (тақводорлари) кўтариб юрадилар. Улар илмни ғулуга кетувчиларнинг ўзгартиришидан, ботилга чиқарувчиларнинг динни ўзиники қилиб олишидан ва жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қиладилар», деганлар. (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар эътиқодига турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган раббоний олимлардан эди.

Уламолар томонидан Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни «Имамул ҳудо», «Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна» деб аталган ва эътироф қилинган. Барча уламолар у зот ҳақида илиқ фикрларни билдиришган. Жумладан, Имом Кафавий раҳимаҳуллоҳ «Аъламул ахёр» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади: «Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчисидир. Аллоҳ у кишига сиротул мустақим, яъни тўғри йўлни насиб қилиш ила нусрат берди ва у киши дин нусрати йўлида юрди. Буюк китобларни тасниф этди ва ботил эътиқод соҳибларига раддия берди»[1].

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий раҳимаҳуллоҳ «Ал-Фатҳул мубин» асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб адашган ва мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олимлардан эди»[2].

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ «Завожир ан иқтирофил кабоир» китобида Имом Мотуридий ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган:

«Аҳли Сунна эътиқоди деганда Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳларнинг эътиқодлари назарда тутилади»[3].

«Ар-Ровзатул баҳия» китобининг муаллифи Шайх Ҳасан ибн Абу Азуба раҳимаҳуллоҳ инсон қайси олимга эргашса Аҳли Сунна тоифасига киришини баён қилиб шундай деган:

«Шуни билки, Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодининг мажмуаси икки қутбнинг сўзидир. Бу икки қутб: Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Бу икки имомнинг қай бирига эргашсанг, ҳидоятга эришиб бузуқ эътиқод ва тойилишдан саломат қоласан»[4].

Аллома Тошкупризода раҳимаҳуллоҳ ақоид илмининг икки имоми ҳақида «Мифтаҳус саодат» китобида шундай деган: «Аҳли Сунна вал Жамоанинг калом илмидаги раиси икки кишидир: бири ҳанафий мазҳабига мансуб Абу Мансур Мотуридий. Иккинчиси эса шофеъий мазҳабига мансуб Абул Ҳасан Ашъарийдир»[[5].

Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ «Мирқотул мафатиҳ» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади:

«Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингми» оятидаги ҳавойи нафсга Китобу суннатга хилоф бўлган эътиқодий фосид ҳавойи нафсларнинг барчаси киради. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ мункар ёмон ҳавойи нафсни баён қилиб шундай деган: «Мункар ҳавойи нафс бу Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имоми: Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийнинг эътиқодларига  мухолиф бўлган фосид эътиқодлардир»[6].

Имом Кавсарий раҳимаҳуллоҳ Имом Мотуридий ҳақида «Муқаддиматул Кавсарий» китобида шундай деган:

«Ашъарий ва Мотуридий булар ернинг машриқу мағрибида Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имомидир. Улар санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп китоб таълиф қилишган. Бу икки имом ўртасидаги хилофларнинг аксари лафзийдир. Бу борада кўплаб китоблар ёзилди. Байзовийнинг «Ишаротул маром фи иборотил имом» китоби бу борадаги энг яхши китобдир. Зубайдий «Иҳё»нинг шарҳида Байзовийнинг ўша китобидан нақл қилган»[7].

Абул Ҳасан Надавий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Рижалул фикр вад даъва» китобида бу зот ҳақида шундай деган: «Имом Мотуридий кенг фикрли, заковат ва фаҳм эгаси, турли фанларни ўзлаштирган буюк олим бўлган»[[8].

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтининг 

 4- босқич талабаси Нурмуҳаммедова Васила

[1] Абул Бақо Ҳусайн Кафавий. Аъламул ахёр мин фуқаҳои мазҳабин Нўъмон мухтор. – Теҳрон: Кутубхона Мажлис шўро, 2011. – Б. 138

[2] Абдуллоҳ Мустафо Муроғий. Ал-фатҳул мубийн фи табақатил усулиййин. – Байрут: Дорул ирфон, 1986. – Б. 241

[3] Ибн Ҳажар Ҳайтамий.Завожир ан иқтирофил кабаир. – Қоҳира: Дору дарбул ислам, 1987. – Б. 80

[4] Шайх Абдулвожид Халлоф. Хилофу танаввуъил Мотуридий вал ашъарий. – Қоҳира: Дору кутубил илмийя, 1425. – Б. 23

[5] Аллома Аҳмад ибн МустафоТошкуброзода. Мифтаҳус саодат. – Байрут: Дору кутубил илмийя, 1985. – Б. 33

[6] Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон. Мирқотул мафотиҳ  – Байрут: Дору кутубил илмия, 1998. – Б.452

[7] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Муқаддимот Кавсарий. – Байрут: Дорус салом, 1425. – Б. 51

[8] Абул Ҳасан Надавий. Рижалул фикри вад даъвати. – Байрут: Дору муассасатир рисала, 2003. – Б. 432

Read 20947 times

Мақолалар

Top