Мақолалар

Лоқайдлик тинчликка рахна солади

Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бу бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.

Ислом КАРИМОВ  

Эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида илдамлаб бораётган Ўзбекистонимиз тарихан жуда қисқа даврда улкан ютуқларга эришмоқда. Миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз тикланди, ўзлигимизга қайтдик. Тинчлик ва барқарорлик қарор топди.

Айни пайтда, осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз кучларнинг мавжудлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шу жиҳатдан, тинчликни асраш бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Юртимизга нисбатан таҳдидлар диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм ва террорчилик каби кўринишларда намоён бўлмоқда. Буни ислом динини ниқоб қилиб, Ўзбекистонни демократик тараққиёт йўлидан оғдиришдек ғаразли мақсадни кўзлаб фаолият олиб боришга интилаётган экстремистик ташкилотлар ҳаракати мисолида яққол кўриш мумкин. Улар ўзларининг бузғунчи ғояларини тарқатишга иродаси бўш, дин ҳақидаги билимлари саёз кишиларни таъсир доирасига тортишга ҳаракат қилмоқдалар. Хориждаги террорчи ва экстремистик кучлар ҳамда марказлар қўллаб-қувватлаётган бундай оқимлар ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга ошириш йўлида жуда катта куч ва маблағ сарф қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ҳушёрликни таъминлаш масаласида майда-чуйда деган нарсалар бўлмайди. Зеро, "Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради", дейдилар... Шундай бўлса-да, афсуски, ҳали-ҳануз беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлат иши деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Аммо жамиятда лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солиши ҳаммага аён. Луқмони Ҳакимдан "Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?" деб сўрадилар. У киши: "Одамларнинг ёмонлик қилаётганини кўра туриб, кўрмасликка олгани, бепарво, лоқайд бўлганидир", деб жавоб бердилар.

Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабабчиси бўлган. Донишмандлардан бирининг "Душманлардан қўрқма – нари борса, сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши оқибатида Ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади", деган фикри ҳам бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.

Баъзи одамлар "тинчлик-осойишталикни асраш" деганда қўлда курол билан мамлакат чегарасини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунади. Аслида тинчликни асраш фақат ҳарбий мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Осойишталик жами эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон "юртим тинч – мен тинч", деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватан хавфсизлиги учун қайғуриши, бу ишни бурчи деб билиши зарур.

Фарзандларимизни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, Ватанга садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. «Бекордан Худо безор», дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақтини унумли ўтказишга, касб-ҳунарга, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгаракларга спорт клубларига жалб қилиш ғоят муҳим.

Ҳар бир инсон ўз ишини сидқидилдан бажарса, лоқайд бўлмасдан атрофдаги воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, ҳушёр бўлиб яшаса, тинчлик-осойишталигимиз барқарор бўлади, иншоаллоҳ!

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл туманидаги "Жомеъ" жоме масжиди имом-хатиби 

Read 5342 times
Tagged under

Мақолалар

Top