Мақолалар

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН — ИНСОН ҚАДРИ УСТУВОР БЎЛГАН МАМЛАКАТ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва овул қолмади. Бугунги кунда давлатимиз инсон учун, халқ учун баралла очилди. Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг барчаси халқимиз қадр-қимматини янада юксалтиришга, одамларни рози қилиш, ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилганини бугун ўз ҳаётимизда ҳис этяпмиз.

2021 йил 6 ноябрь куни янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари қаторида камина ҳам иштирок этдим.

Ушбу тантанали маросим ва унда Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичини ўз ичига олган дастур тақдим этилишини миллионлаб мўмин-мусулмонларимиз катта қизиқиш билан кузатди. Аҳамиятлиси, ана шу теран мулоҳаза ила узоқни кўзлаб қилинган чиқишнинг ҳар бир жиҳати жуда ҳам кенг масалаларни ўз ичига қамраб олган эди.

Давлатимиз раҳбари келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида нутқ сўзлар экан, Янги Ўзбекистон стратегиясининг узвий ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишини, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича янги тизим яратилди. Ҳаётимизда “Давлат — инсонлар учун” деган халқчил ғоя қарор топди ва бу тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш тамойили ислоҳотлар моҳиятини ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, амалий натижа, инсон манфаати, унинг қадр-қиммати бош мақсадга айланган.

Дарҳақиқат, Ислом дини инсон қадрини ниҳоятда юқори даражага кўтаради. Қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли нарсалар билан боғлиқ ҳолда талқин қилинган. Ҳар бир жамият мафкурасидан, дунёқарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган.

Қайсидир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган бўлса, бошқа бир жамиятда ҳукмдор, амалдорлар қадр топган. Исломда эса куч, мансаб, кўрк ва молу дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси, холос.

Биз яшаётган янги Ўзбекистонда ҳам, аввало, инсон ким бўлишидан қатъи назар, унинг ҳақ-ҳуқуқларига катта эътибор қилинмоқда.

Динимизда инсоннинг қадр-қиммати қалби поклиги, мақсади эзгулиги, ундаги имон-ихлос ва қилган яхши амал­лари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина одамлар ҳақиқий қадрини топади. Зотан, Ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон қадрини улуғлашдир. Дунёдаги барча нарсалар инсонга беминнат хизмат қилиш учун яратилгандир.

Қуръони каримнинг бир неча оятида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Масалан, Исро сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, дейилади.

Тафсир китобларида инсон қайси неъматлар туфайли мукаррам экани тўғрисида кўп мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилган: Биринчиси — жисмоний неъматлар. Бунга мисол: сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилар. Бу неъматлар барча бандаларга баробар берилиши мумкин. Иккинчиси — руҳоний ёки маънавий неъматлар. Бунга мисол: имон, ислом, рушду ҳидоят, ахлоқ, тавфиқ каби ижобий сифатлардир. Бу неъматлар фақат Аллоҳ таоло иноят қилган бандаларгагина насиб этади.

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон манфаати учун зарур бўлган барча нарсаларни муҳайё қилди ҳамда уни икки дунё саодатига етказадиган қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ инсон зотини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкор. Шубҳасиз, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бу афзаллик ва неъматларнинг масъулияти ва жавобгарлиги бор.

Юқоридаги ояти каримадан аён бўладики, инсон Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам хилқатдир. Аллоҳ таоло одамни Ўз қудрати билан яратиб, уни мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боис ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан азиз қилди. Ақл билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устундир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деган эканлар. Мана бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейиладики, яъни “Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш, шаҳвоний ҳирсни қониқтиришга ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳу маъсият ишларидан қайтмасликка бошлайди.

Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак, у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади. Аммо борди-ю, нафсу шаҳвати ақлидан ғолиб келиб, уларнинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак, у ҳайвонлардан ҳам паст мартабада қолган бўлади.

Малоикалар инсон Аллоҳ томонидан яратилгани учун унга ҳурмат бажо келтириб, таъзим саждасини адо қилди. Мана шу нарса инсонни олий мақомга кўтарди. Раббоний жон ато этиш инсонни инсон қилди. У энди Аллоҳнинг ер юзидаги ўринбосари, деган муборак номга мушарраф бўлди.

Инсон дегани шундай мукаррам зот экан, унинг сири Илоҳий руҳ билан яратилгани ва Инсон қиммати ҳам шунга боғлиқ экани маълум бўлди. Аллоҳ таоло инсонга осмонлар ва ер юзидаги барча нарсаларни бўйсундириб қўйди. Унга ботиний ва зоҳирий неъматларнинг ҳаммасини берди.

Демак, Ҳақ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган экан, уни камситиш, унга зиён етказиш, озор беришдан сақланиш, аксинча, унга кўмак бериш, мушкулини осон қилиш, манфаат етказиш лозим. Зеро, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида бундай марҳамат қиладилар: “Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимики ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”.

Янги Ўзбекистонда ҳам барча ислоҳотлар мана шундай инсон дарду ташвишларини енгиллатиш, унинг фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган. Инчунин, бугун инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари бошчилигида миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон — халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси илгари сурилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсондаги азизлик ва мукаррамлик шарафи кишига фахру ифтихор бағишлаши баробарида, халқ манфаати, дин ривожи ва мамлакат ободлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшишга ундайди.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021 йил 9 ноябрь, 224(480) сон
Read 2711 times

Мақолалар

Top