Мақолалар

Нажот топадиган, Аллоҳ тезда раҳм қиладиган, ҳақиқий мўминларнинг аломатлари

Мўминлик инсон учун энг катта шараф. Агар инсон бу дунёда мўмин деган ном олса, мўминга хос яшаса, дунёдан ўтганида мўмин деган ном билан кетса, демак, умри беҳудага ўтмабди. Агар, ушбу мўминлигини Аллоҳ таоло этироф қилган бўлса, Аллоҳ мўминларга хослаган сифатлар ила зийнатланган бўлса, охиратдаги мақоми ҳам баланд бўлади. Жаҳаннамдан, азоб ва маломатдан нажот топади. Аллоҳ таоло унга раҳм қилади ва олий мақомлар билан сийлайди. Хўш, бунинг учун қандай ҳислатларга эга бўлиш керак? Роббимиз таърифлаган ҳақиқий мўминларнинг сифатлари қандай бўлиши керак? Бу саволларнинг жавоби ҳам илоҳий Каломда баён қилингандир. Роббимиз айтади:

“Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида камтардирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар. Улар закотни адо этувчидирлар. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчи кишилардир. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро) аҳдларига риоя этувчи зотлардир. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)лардир. Айнан ўшалар, меросхўрлардир, Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, у ерда улар мангу қолувчидирлар”. (Мўминун сураси 1-11-оятлар)

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир”.  (Тавба сураси 71-оят)

“Албатта, Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир”. (Анфол сураси 2-3-4-оятлар)

Хулоса: демак, Аллоҳ таърифлаган мўминлар:

  • Намозини хушуъ ва хузуъ билан адо қилади.
  • Дунё ва охирати учун фойда бермайдиган гап сўзлардан, амаллардан юз ўгиради.
  • Закотини адо қилади.
  • Авратларини номаҳрамлардан сақлайди.
  • Зиммаларига юклатилган омонатларга хиёнат қилмайди.
  • Ваъдасига, аҳдига вафо қилади.
  • Намозини бесабаб қазо қилмайди. Ўз вақтида адо этади.
  • Яхши, хайрли амалларни бажаришга бошқаларни ҳам тарғиб қилади.
  • Гуноҳ ва ёмон амалларни қилишдан бошқаларни ҳам қайтаради.
  • Аллоҳ таоло ва Росулуллоҳ с.а.в.нинг буйруқларига сўзсиз итоат қилади.
  • “Аллоҳдан қўрқ”, дейилганда қалбида қўрқув пайдо бўлади. Роббисининг улуғлигини, қудратини ва шиддатли азобини ҳис қилади.
  • Қуръон ўқилганда ундаги ваъдалар, мукофотлар, башорат ва қайтариқларни ҳис қилиб, иймонининг қуввати зиёда бўлади. Хайрли амалларга рағбати кучаяди.
  • Аллоҳгагина таваккал қилади.
  • Ўзига берилган яхшиликлардан бошқаларга ҳам инфоқ эҳсон қилади.

Мана шу сифатларга эга бўлган мўминлар “Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, у ерда улар мангу қолувчидирлар”. “Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур”. “Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда, юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир”.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби:  Ёрбек Ислом

Read 3428 times

Мақолалар

Top