Мақолалар

ИМОН-ЭЪТИҚОД МУСТАҲКАМЛИГИ –  ИККИ ДУНЁ САОДАТИ

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, Янги Ўзбекистонда қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларида инсоннинг эътиқод эркинлиги, қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳамда унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш яққол ўз ифодасини топмоқда.

Айни кунларда юртимизда Конституциямиз қабул қилинган сана кенг нишонланмоқда. Бугун рўёбга чиқаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар замирида Асосий Қонунимизнинг мазмун-моҳияти мужассам, десак айни тўғри гапни айтган бўламиз. Чунки, унда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилган. Шу нуқтаи назардан Давлатимиз Раҳбари амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асосий мақсадини “Одамларни ҳаётдан рози қилиш – асосий мезон” деган юксак тамойилга қаратмоқдалар.

Мутасаввиф олим Мир Алишер Навоийнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” – деган, байтларида жуда ҳам чуқур ҳаётий ҳикмат бор. Ҳақиқатда Ҳазрати Навоий айтганларидек, инсон қачонки миллати, халқи, динининг ғами билан яшаса, шундагина комил инсон, ҳақиқий маънода одамийликка эришади.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан  бу дунё машаққатларидан бир машаққатни кетказса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат куни машаққатларидан бирини кеткизади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ  унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади” дедилар.

Дарҳақиқат, одам борки, аввало, кундалик ҳаётида у ёки бу нарсадан манфаат кўришни кўзлаб олдинга интилади, меҳнат қилади. Агар фаолияти ҳалол-пок йўл билан ризқ топишга, савобли ишларга қаратилган бўлса, нафақат ўзига балки эл-юртига ҳам манфаат етказаверади.

Инсон манфаатлари ичида энг асосийси – юрт тинчлиги ва оила хотиржамлигидир. Юртимиздаги бундай осойишта кунларни қадрлаш, энг аввало, аҳил-иноқ бўлиб яшаш, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш, ҳар бир масалага маслаҳатлашган ҳолда ёндашиб, ўзаро иззат-ҳурмат туйғусига таяниб иш кўриш ҳозирда кенг қулоч ёзмоқда.

Маълумки, Қуръони каримда инсон қадр-қиммати доимо улуғланган. Каломи шарифда: “Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга от-улов ва кемаларга миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70), деб баён қилинади.

Юқоридаги ояти каримадан аён бўладики, инсон Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам хилқат. Ҳақ таоло одамни Ўз қудрати билан яратиб, уни мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир.

Шундай экан бугунги кунда “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” шиори остида амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар ўзининг яхши натижаларини бераётганини ҳар қадамда кўриш мумкин.

Бош Қомусимизнинг муҳим бандларидан бири – Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат – инсоннинг ҳаёти ва ҳуқуқларидир. Унда фуқароларнинг манфаатлари қонуний равишда мустаҳкамланган ва қатъий кафолатлангандир.

Ислом шариатининг ҳам асосий мақсадлари одамларнинг бу дунё ва охиратдаги саодатини таъминлаш, машаққатларини енгиллатишдан иборат. Шариатнинг бирламчи мақсадлари 1. Дин 2. Ҳаёт 3. Насл 4. Ақл 5. Мулк кабиларни муҳофаза қилиш ҳисобланади. Буларни сақлаш инсониятнинг саодати ва яшаб қолиши учун энг муҳим омиллардир.

Инсон ҳаётини ҳимоя қилиш Қуръон ва Суннатда кўп таъкидланади, шариат киши ҳаётини дахлсиз деб эълон қилган, хусусан суиқасд қилишни тақиқлайди, бегуноҳ инсонни ўлдирганлик учун қаттиқ жазо жорий этади. Ҳатто унинг гуноҳи бутун инсониятни ўлдирганликка тенглаштирилади.

Ҳаётнинг давом этишини таъминлаш, наслни сақлаш учун Ислом дини никоҳ асосида оила қуришни тарғиб этади, силаи раҳм ва фарзандлар тарбиясини ҳам муҳим деб ҳисоблайди.

Ақлни сақлаш мақсади эса илм олиш орқали яхши ва ёмонни ажратиш, жамиятнинг ривожи йўлида хизмат қилишни билдиради. Зеро усиз саодат ва адолатли жамият қуришнинг имкони йўқ. Бунинг учун шариат ақлни кетказувчи ҳаракат ва нарсалар истеъмол қилишни тақиқлайди.

Мулк ва бойликларни сақлаш шариатнинг асосий мақсадларидан бири бўлиши яхши яшаш ва адолатли жамият қуришда нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. Ҳалол йўл билан мол-мулк топиш, бой ва камбағаллар орасида катта тафовут пайдо бўлишининг олдини олишга катта эътибор қаратилади.

Эътибор қиладиган бўлсак, ушбу беш нарсанинг барчаси Бош қомусимизда ўз ифодасини топган. Жумладан, 13-моддада инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, 24-моддада яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани ва 63-моддада эса никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосида барпо этилиши кабилар алоҳида қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, тараққиётимизнинг янги даврида инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, халқимизни маънан юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Айниқса сўнгги йиллардаги мусулмонларга яратилаётган имкониятлар барча мўмин-мусулмонлар учун катта имкониятлар эшигини очиб берди. Буларнинг бари виждон ва эътиқод эркинлиги тўла таъминланганига яққол далилдир.

Маълумки, шу йил 5 июль куни диний-маърифий соҳадаги улкан ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори бўлмиш «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши ушбу йўналишдаги ишларни янада сайқал топтирди. Қонун билан эътиқод эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари, диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари, имтиёзлари ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди.

Эътироф этиш керакки, Давлатимиз Раҳбарининг тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва илғор ташаббуслари билан юртимизда мана шундай дин ва эътиқод эркинлиги борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқдаки, бунинг учун Яратган Парвардигорга чексиз шукроналар айтишимиз керак бўлади.

Ҳақ таоло она-Ватанимиз тараққиёти, қонун устуворлиги ва халқимиз манфаати йўлида олиб борилаётган улуғвор ишларда мададкор бўлиб, улкан муваффафиятлар ато этсин, Омин ё Роббал аламийн.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ ҳазратлари

Read 2162 times

Мақолалар

Top