Мақолалар

«Қарзи ҳасана» нима?

Қарз муносабатлари ҳаётимизга чуқур сингиб кетган. Ҳаётда кимдир кимдандир қарз олишга мажбур бўлиб қолади. Ислом ҳаётнинг барча жабҳаларини тартибга солгани каби қарз масалалари илоҳий қонунлар билан белгилаб қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни муҳтожларга қарз бериб, уларни қўллаб-қувватлашга даъват этар эдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар” (Бақара сураси, 245-оят).

Оят мазмунидан кўриниб турибдики, Аллоҳ Ўзининг йўлида “қарзи ҳасана” – яхши қарз берадиганлар борми, йўқми деб сўраяпти. Муфассирлар “қарзи ҳасана” деб инсоннинг Аллоҳ йўлида сарфланган бойлигини тушунтирганлар. Бу бойликнинг бу дунё ҳаётида қайтарилиши шарт қилинмаган. Одатда, қарзнинг моҳиятида уни берган одамга қайтариш шарти мавжуд.

Аллоҳга қарзи ҳасана берган мўминга оламлар Раббиси бу қарзни бир неча баробар қилиб қайтаради. Одамнинг табиати шуки, агар кимгадир қарз берсам, мол-дунём камайиб қолади, деб хавотирланади. Аллоҳ бу хавотирдан мўминларни қайтармоқда. Демак, ризқни танг қиладиган ҳам, кенг қиладиган ҳам Аллоҳ.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Аллоҳга “Қарзи ҳасана” қиладиган киши борми?” ояти нозил бўлганда, Абу Даҳдаҳ исмли саҳоба:

– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ биздан қарз сўраяптими? – деди.

– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – дедилар Сарвари олам. Шунда Абу Даҳдаҳ Расулуллоҳ алайҳиссаломга: .

– Қўлингизни беринг, – деди ва:

– Мен Раббимга боғимни қарз бердим, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом:

– Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган хурмозорлар Абу Даҳдаҳники бўлди, – дедилар”.

Бугун қарз олди-бердиси катта муаммолардан бирига айланди. Бу масалада қуйидаги ҳолатларга дуч келяпмиз:

Муҳтож бўлмаса ҳам, одамларни алдаб қарз олиб, шунинг эвазига яшайдиганлар кўпайди;

Қарз олгач, имконияти туғилса ҳам, уни қайтармаётганлар учраяпти;

Жуда муҳтож одам қарз сўраб келса ҳам, беришни истамайдиган инсонлар бор.

Умуман олганда, бу каби ҳолатларни ислоҳ қилиш ўзимизга боғлиқ. Инсон қарз берар экан, сўровчининг ростгўйлиги, асл ҳолати ҳақида маълумотга эга бўлган ҳолда қарор қабул қилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, қарз олганлар ҳам имконлари бўлиши билан уни қайтаришлари керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиси шарифдан маълум бўляптики, қарз олаётганда инсон ниятни тўғрилаб олиши лозим. Яъни қарздан мақсад – қийин молиявий шароитдан чиқиб, дарҳол уни соҳибига етказиш. Аллоҳ қарздорнинг ҳар икки ниятига етказади: қайтараман деса, унга барака ёғдиради. Қайтармайман деса, қўлини қисқартириб, яна ҳам оғир, яна қашшоқ ҳолга тушишини ирода қилади. Бу ҳақиқатнинг жонли мисолларини кўп  кўрамиз.

Аслида, қарз садақадан яхшироқ деб айтилади. Чунки садақа олган одам уни қайтариш ҳақида ўйламайди. Қарздор эса қайтариш учун ҳаракат қилади ва танбалликдан ҳимояланади.

Аллоҳ таоло қарздорларга нажот берсин! Бизни қарз оладиган эмас, балки муҳтожларга Аллоҳ йўлида қарзи ҳасана берадиган бандалари қаторидан қилсин!

Абдул Ҳамид Маликов,

“Пискент” жоме масжиди имом хатиби

 

manba: fitrat.uz

Read 2703 times
Tagged under

Мақолалар

Top