Мақолалар

Рашкчи оналар

Ўғлимни келинимдан қизғаняпманми?”. Ҳаёлига келган бу саволдан Дилбар бир оз ўнғайсизланди. Аммо асли ҳақиқат ҳам шу эди.

Ёлғизини унаштирганида  боши осмонга етган Дилбар борини ўғли ва келини учун сарф қилди. Уни биргина орзуси бор эди. “Ўғлим бахтли бўлса бўлди!”. Аммо  ҳар бир ишида онаси билан маслаҳатлашиб иш қиладиган, қўшнисиникига чиқса ҳам кетидан қидириб борадиган ўғли уйлангандан кейин ўзгарди қолди.

Она бўлиб тушунишга ҳаракат қиларди. Ўғлини ҳам меҳри иккига бўлинган, келин ҳам  оилага кўникиши учун  ўғли хотинини еру-кўкка ишонмас эди.  Айниқса онасининг олдида хотинига ҳар турли қилиқлар  қилиши онани ғашига тега бошлади.

Дилбар ўғлининг ўзгаришига келини айбдордек, келининг ҳар бир ишидан айб ахтарадиган, камситадиган бўлди. Имкон топди дегунча  ўғлига келинини ёмонларди.  Бундай ҳолатлар бора-бора ўғлининг асабига таъсир қиларди. Келини эса доим вазиятни юмшатишга ҳаракат қилар, ойижонисини кўнглини олиб, ҳар бир ишни ўз вақтида қилишга тиришарди.

Келини ёш эмасми, ўзига қараб, гулдек очилиб эрини кутиб олишини ҳам  “енгилликка” йўйиб, жанжал кўтарди.  “Бир кун жанжал кўтарилган уйда қирқ кунлик барака кетади” деганларидек оиладан хотиржамлик кўтарилди.

Онасининг гапларидан асаблари таранглашган ўғли уйга кечалари келмайдиган одат чиқара бошлади.

Келин туширганига  тўрт ой бўлибди, синглисидан хабар олгани келган Дилором опа  Дилбар синглисини  ўзини тутишидан ёқа ушлади.

“Синглим, бу нимаси? Қараб турсам, келиннинг ҳар бир ишидан хато қидиришга уриняпсан. Ахир келин ҳам Яратганнинг неъмати.  Ўзинг эндигина эплаган ишларни қилишни, шунга яраша ақл, фаросатини ишлатишини келиндан талаб қилишинг ҳеч бир ҳолатга тўғри келмайди. Сенинг ёшингга етганда келин ҳам сенга ўҳшаб фикрлайдиган бўлади.

Синглим, мабодо ўғлингни қизғанмаётибсанми? Аллоҳдан қўрққин!”.

Дилбар опасининг танбеҳ билан айтган гапларига жавоб қайтармоқчи эди-ю, аммо охирги сўзлари уни тўхтатиб қолди.

Аслида ҳам шундай!

Кўпгина ажрим масалаларини ўрганилганда айрим қайноналар ўғлини келин “ўзига оғдириб олганини” айтиб,  ўғлига талоқ қилишини, онани ёки хотинни танлашни шарт қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Илгари қайноналар Аллоҳдан қўрққанлари учун ҳам келиннинг ишидан айб топмасдан, аксинча, тарбиялаб олижаноб келинга айлантиришга харакат қилишган. Келиннинг онаси ҳам қизим бировнинг хонадонига борганда қийналмасин, деб рўзғорнинг икир-чикиригача ўргатишган. Агар келиннинг қайнонаси диёнатли бўлса, қаноат билан тарбиялаб йўриғига солиб олади, аммо диёнатсиз қайнона бўлса, 2-3 ойда кўч-кўрони билан онасиникига қайтариб юборади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” (Такосур сураси, 8 оят).

Доим ёдимизда сақлашимиз керак бўлган ҳақиқат. Сиз  келинингизни кўнглига қараб, қилган хизматлари учун  дуо қиляпсизми, билингки бошқа бир хонадонда сизнинг ҳам қизингиз дуоларга кўмилиб юрибди.  “Она  бўламан” деб, ният қилдингизми, Аллоҳ ниятингизга яраша шафқат, меҳр эшигини очади. Келинингизга ёққанингиз ўз фарзандингизга ёққанингиздан кўра гаштлироқ.  Феълимизни кенгроқ қилайлик, кечиримли бўлайлик. Келинингизни суйганингиз сари Аллоҳ таоло  қувончли кунларингизни  кўпайтираверади. Аллоҳ  барчамизни ҳидоят йўлида қилсин!

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

Read 7024 times
Tagged under

Мақолалар

Top