Мақолалар

РАМАЗОН — ҚАЛБЛАР УЙҒОНИШИ, ЯШАШГА, ЯНГИЛАНИШГА, ЭЗГУ АМАЛЛАР ҚИЛИШГА ИШТИЁҚ ОРТИШИ ФУРСАТИ

Муборак ой

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ўлкамизга ойларнинг султони, Аллоҳнинг муборак китоби — Қуръони карим нозил бўлган ой моҳи шарифи Рамазон ташриф буюрди. Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шу боис, бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиради.

Тинчлик бўлмаса, тўй татимайди

Рамазон ойи гуноҳлардан ювилиб, дўзахдан паноҳ бўладиган ой. Ҳақ таоло барчамизни мана шундай муборак ойга насиб этиб турибди. Расулимиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадиларки: “Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади.” (Имом Бухорий). Шу боис, ҳар йили юртдошларимиз ушбу ойни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандлик ила кутиб олади.

Аллоҳга шукрки, масжидларда мўмин-мусулмонлар билан таровеҳ намозларини адо этамиз, хатми Қуръон ўқиймиз, юртимизга қут-барака ёғилишини Ҳақ таолодан сўраймиз. Бу йил юртимиздаги 1520 дан ортиқ масжидда хатми Қуръон қилинади, иншааллоҳ.

Мамлакатимизда бунинг учун барча шароитлар яратилган, имкониятлар етарли. Энг муҳими, икки бебаҳо неъмат ҳаётимизни, турмушимизни файзиёб қилиб турибди. Булар – юртимиз тинчлиги ва халқимиз саломатлиги. Расулимиз Муҳаммад (с.а.в) “Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Булар сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир”, дедилар.

Бугун дунёнинг турли нуқталарида мувозанат бузилган: уруш, турли ихтилоф ва жанжаллар минглаб, миллионлаб одамларнинг ҳаётига хавф солиб турибди. Очлик, сарсон-саргардонлик тинкасини қуритаётган миллатлар, элатлар борлигини, афсуски, инкор эта олмаймиз. Дунё синовли кунларни яшаётган бир даврда Аллоҳ томонидан берилган неъматларни асраб-авайлаш олий бурчимиздир. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Юртимиз тинч, тану қалбимиз саломат бўлса, турмушимизда фаровонлик, тўкинлик акс этади, ибодатларимизни тўла-тўкис адо этамиз.

Тинчлик бўлмайса, тўй татимайди, дейди доно халқимиз. Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Рамазон рўзасини тутиш, ибодатларда собит бўлиш учун давлатимиз томонидан барча шароит ва имкониятлар яратилган.

Рамазон ойининг айни уйғониш мавсумида ташрифи қалбларимизга илиқлик бағишлайди. Кўклам ёмғирга сероб бўлди. Она замин оби раҳматга тўйинди. Бу халқимиз дастурхонига тўкинлик, ҳаётига файз киритади. Табиатга ҳамоҳанг рўзадор қалблар ҳам қайта уйғонади. Яшашга, янгиланишга, эзгу амаллар қилишга иштиёқимиз ортади.

Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.

Диний-маърифий ислоҳотлар самараси

Куни кеча Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда Рамазон ойини халқимизга хос меҳр-оқибат ва шукроналик туйғуларини юксалтириш, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу қаратилгани барча мўмин-мусулмонларни мамнун этди.

Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.

Юртимиз бўйлаб қад ростлаган, муҳташам қиёфа касб этган масжидлар сони 2100 дан ошди. Сўнгги 5 йилнинг ўзида 70 га яқин янги масжид oчилди, 200 дан зиёди қайта бунёд этилди. Бундай ишлар жадал давом этмоқда.

Охирги йилларда 3 та диний таълим муассасаси – Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси таъсис этилди, қабул квоталари бир неча баробар оширилди. Шунингдек, умра зиёрати бўйича ҳам катта натижаларга эришилди.

Пандемия туфайли умра зиёратига ҳам бир қатор чекловлар ўрнатилган эди. Жорий йил бошида яна йўллар очилиб, навбатда турган 23 минг юртдошимиз шу кунгача муборак сафарни адо этди. Яна бир ойдан зиёд вақт давомида 13 минг юртдошимиз Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилади.   

Бир пайтлар Саудия Арабистонидаги меҳмонхоналарга ҳавас билан боқардик. Қачонлардир халқимиз ҳам мана шундай жойларда яшаб, ибодат қилиши мумкинлиги кимнинг хаёлига келибди дейсиз?! Аллоҳга шукр, бугунги ислоҳотлар самараси билан юртимиздан борган зиёратчилар беш юлдузли замонавий меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда. Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчилар учун шароитларни ҳозирлаш, Икки Ҳарам масжидига яқин меҳмонхоналарни танлаш, замонавий транспорт ва бошқа хизматлар сифатини ошириш каби ишлар амалга оширилди. Юртдошларимизнинг саломатлиги тиббиёт мутахассисларининг доимий эътиборида.

Бугун динимиз таълимотларини илмий ўрганиш ва кенг тараннум этишга ҳар қачонгидан кенг эътибор қаратилмоқда. Бу борада Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда.

Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, турли ҳудудларда Ҳадис, Калом, Ақида, Тасаввуф, Фиқҳ илмий мактаблари иш олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, барча ислоҳотлардан кўзланган мақсад – она Ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ва ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш. Мухтасар айтганда, барча соҳа ва йўналишлардаги ишлар “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутади.

Хайр-саховат ойи

Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришади. Рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилади, масжидларда таровеҳ намозлари адо этилади, хатми Қуръон ўқилади.

Рамазон – Қуръон ойи. Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло бундай дейди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185).

Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган.

Рамазон — хайр-саховат ойи. Пайғамбаримиз бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар.

Рамазон инсонларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, кексалар ва беморлар, яқинлар ҳолидан хабар олишга, муҳтожларга хайр-саховат қилишга чақиради. Шу орқали шахсда меҳрибонлик, хокисорлик, бағрикенглик фазилатларини тарбиялайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (“Саба” сураси, 39-оят). Бинобарин, карамли инсон ҳеч қачон зиён кўрмайди, мол хайр-эҳсон қилиш билан камаймайди, балки савоб кўпаяди, Рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар” (Имом Бухорий).

Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланган. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этиши ҳам шундан. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсони билан бир қаторда закотини ҳам шу ойда чиқаради.

Рамазон – руҳ, қалб ва тан саломатлигини

тиклаш учун бир имконият

Рамазон рўзаси шарофати билан руҳ, қалб ва тан нафсоний ҳаваслардан тийилади, тартибга келади. Инсоният диний амалларда собит туриб, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, хайр-саховат улашишга, яхшиликлар қилишга интилади.

Руҳ тарбияси. Руҳ инсоннинг ҳаётий асоси, қувват манбаи. Шунинг учун инсон ўз умри давомида руҳий тарбияга мунтазам эҳтиёж сезади. Руҳан соғлом ва баркамол шахсгина кўзлаган манзилларига эриша олади, камолот касб этади. Рамазон ойида тоат-ибодатни, зикр ва истиғфорни ҳар қачонгидан ҳам кучайтириш руҳ ва қалбни поклаб, юксалтиради. Бу ойдаги барча хайрли амаллар, рўза ва ибодатлар руҳий комилликка хизмат қилади.

Нафс тарбияси. Нафс дунёвий неъматлардан баҳрамандликка интилиш бўлиб, унинг салбий жиҳатлари, оқибатлари сероб. Шунинг учун нафс ҳамиша тарбияга муҳтож. Рамазон ойи нафсни тарбиялашда ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, нафс тарбияси мўминнинг бирламчи вазифаси саналади. Ҳамма раҳмат ва неъматлар нафсни жиловлаш, унга ҳукмронлик қилиш ортидангина ёғилади. Нафсга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдеворидир. Тарбия илмининг барча уламолари жамики яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканини таъкидлаб келади. Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Нафсга фақат гумроҳ, ғофил кимсаларгина эргашади ва руҳий-маънавий тубанлашиб, ҳалокатга юз тутади. Улуғ мутасаввуф Аҳмад Яссавий ҳам бежиз:

Нафсинг сени охир дамда гадо қилғай,

Дин уйини ғорат қилиб, адо қилғай,

Ўлар вақтда имонингдан жудо қилғай,

Оқил эрсанг нафси баддин бўлгин безор, дея уқтирмайди.

Инсон тирик экан, нафс унинг доимий ҳамроҳи, эҳтиёжи, талаби. Шу боис, нафс тарбияси кундалик заруратдир. Киши ўз нафси билан ҳар куни, ҳар кеча шуғулланиши керак. Рамазон ойи ҳам нафсни жиловлаш, бўйсундириш учун энг қулай фурсат ва имкониятдир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатувида эканини ҳис қилади ва ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди.

Ирода тарбияси. Рамазон рўзаси шахсни иродали қилиб тарбиялайди. Ирода қувватидан нафсга бўйсунилмайди, адолатсизлик қилинмайди, Аллоҳ розилиги йўлида рағбатлардан четлашилади. Тонг отгандан қуёш ботгунига қадар емоқ-ичмоқ ва нафсоний ҳаваслардан тийиладиган киши, заифлашмайдиган иродали, азми-қарори қатъий, қалби пок ва бақувват инсонга айланади. Чунки у ҳеч кимнинг олдида заифлашмайди, барқарор ривожланади. Агар инсон рўза мактаби ахлоқларидан бўлган шу олиймақом хулқни шакллантира олса, икки дунёда ҳам азиз ва мукаррамлардан бўлади.

Сабр тарбияси. Сабр соҳибини юксакларга кўтарадиган, унга нусратни нақд қиладиган гўзал хулқлардандир. Ҳадиси шарифларда келишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билингки, нусрат сабр биландир, кушойиш машаққат биландир ва, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, “Ҳар бир сабр ортидан ажру мукофот бордир”, дея таълимот берадилар. Инсон ўз сабр-қаноати билан дунё машаққатларини енгиб ўтишга қодир. Рамазон рўзасида енгилтаклик ва бесабрлик тарбияланади, очликда, ғазаб келганда тийилиш орқали инсоннинг сабри янада мутаҳкамаланди,

Хушфеъллик, хушмуомалалик тарбияси. Хушфеъллик, ширин муомала ҳар қандай муаммо-азиятга гўзал ечим беради, қалбларни туташтиради, яхшиликка ундайди. Шу боис, Рамазон ойи инсониятни янада хушфеъл, хушмуомала, ширин сўзли бўлишга чақиради. Саҳиҳ ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади: “Рўза қалқондир. Бирингиз рўза тутса жанжаллашмасин, бақир-чақир, фисқу фужур қилмасин. Агар уни бирортаси ҳақоратласа, мен рўзадорман, десин”. Ҳа, инсондаги қанчадан- қанча хунук сўз, ҳақорат қилиш, тили ўткирлигига рўза бир сўз билан қатъий жавоб қайтаради.

Дуолар қилайлик...

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шарифида рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб, рўзадорнинг дуоси мақбулдир, дейилди. Чунки инсон Аллоҳ таоло учун нафсининг орзуларини тарк этгани боисидан дуоси ижобат бўлади. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, ич-ичдан, дунё ва охират саодатини астойдил сўраб дуолар қилишимиз керак.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад).

Биз Парвардигори оламнинг раҳмат ва мағфирати жўш уриб, Ер юзига илоҳий нурлар ёғиладиган ойда турибмиз. Ушбу ойни ғанимат билиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва ризқимиз тўкинлигини Аллоҳ таолодан сўрайлик.

Рамазони шариф ҳар бир хонадонга, жонажон юртимизга қут-барака, соғлик-омонлик ва бахту саодат ҳамда файзу футуҳ олиб келсин!

Барчамизга фазилатли Рамазон ойи муборак бўлсин!

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий

Read 2585 times

Мақолалар

Top