Мақолалар

Ифторлик – савоби улуғ амал, аммо дабдабабозлик эмас

Муборак Рамазон ойи ўзининг шукуҳ ва файзи билан давом этмоқда. Имон-эътиқодли ҳар бир юртдошимиз тилу дилида шукроналик билан ушбу табаррук ойнинг савоби самарасидан баҳраманд бўлишга бел боғлаган.

Рамазон ойини Аллоҳ хоссатан уммати муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазоннинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Аввало, Рамазон Қуръон ойи дейилади. Чунки Қуръони карим ушбу ойда нозил бўлган. Хатму Қуръон ва таровеҳлар адо этиладиган, жину шайтонларнинг энг ёмонлари занжирбанд қилинадиган, раҳмат, мағфират, дўзахдан озод бўлиш, дуолар қабул бўладиган, хайр-саховат амаллари бажариладиган ва кўплаб фазилатлар ойи эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Мана шу улуғ айём кунлари ўзини мусулмонман деган киши борки, инсонпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби олижаноб туйғуларга асосланган ислом дини мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан хабар олишга, эҳтиёжмандларга мурувват қўлини чўзишга, бир-бирига ўзаро меҳр-оқибат кўрсатишга ошиқмоқда.

Бу ой рўза тутиш билан бир қаторда бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойи ҳамдир. Имом Термизий ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни бу ойда меҳр-мурувват кўрсатишга чорлаб: «Эҳсонларнинг афзали Рамазон ойида қилинганидир», дея марҳамат этганлари келтирилган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ривоят қилинган Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жумладан, бундай дедилар: “…Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади». Шунда биз: «Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймизку», дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади», дедилар».

Демак, кимки бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилар экан ва ўзига ҳам рўзадорники билан тенг савоб ёзилар экан. Бу ривоятдан бохабар юртдошларимиз муборак ойда имкон қадар рўзадорларга ифторлик беришга ҳаракат қилади.

Астойдил, холис савоб учун қилинган бағрикенглик, саховатпешалик чинданда эътирофга лойиқ. Атрофдагиларга кўз-кўзлаш, ўзини кўрсатиш, шунинг кетидан қандайдир манфаатга эришиш мақсадида саховат кўрсатиш эса кибр ва манманлик белгисидир. Афсуски, моҳи Рамазонда амалга оширилаётган айрим тадбирларда ана шу иллат кўриниб қолаётир.

Юқорида зикр этганимиз ҳадиси шарифда рўзадорга ифтор қилиб беришнинг савоби айтилиши билан бир қаторда бунга моддий имконияти бўлмаганларга Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам берилиши айтиб ўтилган.

Рамазон — тақво ойи, Рамазон — меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта, бу саховат ўз ўрнида қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не наф? Устига-устак бундай маросимларда исрофгарлик жуда авжига чиқади.

Таассуфки, ифторлик беришда ҳам «кимўзар»га тушмоқдамиз. Қолаверса, бугун бу эҳсон тадбирни уйида эмас, ресторанларда катта жамоатни йиғиб, ўта дабдабали дастурхон атрофида ўтказиш ҳам тобора урф бўлиб бормоқда. Аслида киши ўзи истиқомат қиладиган хонадонга яқинлари, қўни-қўшнилар ва муҳтожларни таклиф этиб, камтарона қилган ифторлик ҳар томонлама мақбулдир. Унда силаи раҳм, қўшнининг ҳаққи ва муҳтожларга кўмак ҳосил бўлади, риё, манманлик ва исрофдан узоқлик бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).

Яна бир мулоҳаза. Аслида ифторлик фақат тўп-тўп одам чақириб, зиёфат бериш эмас. Балки эҳтиёжманд инсонларга озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб бериш, даволанишга имконияти йўқ беморларга дори-дармон улашиш, эҳтиёжлари учун уларнинг қўлига озми-кўпми, маблағ бериш ҳам энг аъло ифторликдир.

Бу табаррук ойнинг моҳиятию қимматини англаб, ўтказаётган тадбирларимизда, бажараётган амалларимизда, аввало, Яратган розилигини мақсад қилсаккина, муродга етишган бўламиз. Аллоҳ таоло ато этган барча неъматлар учун шукрона айтиб, бир-биримизга фақат ва фақат яхшиликни илинсак, эзгу амаллар йўлида саъй-ҳаракат қилсак, ҳар бир куни йилларга тенг бебаҳо ойнинг савобига эришишимиз мумкин, иншааллоҳ.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили.

 
Read 2180 times

Мақолалар

Top