Мақолалар

Дардга йўлиқишимиз гуноҳларимиз кўплигиданми?

916-CАВОЛ: Аллоҳнинг амрисиз зарра тикон ҳам кирмайди дейишади. Турли хил дардга йўлиқишимиз гуноҳларимиз кўплигиданми ёки бошқа сабаби ҳам борми?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бугунги кунда мусулмон одам гирифтор бўлаётган ҳар қандай бало-офат, қийинчиликлар – улар умумий бўлсин, хос бўлсин – инсонларнинг зулми туфайли берилган илоҳий жазо деган тушунча пайдо бўлиб қолган. Кимдир бирор балога йўлиқса, у одам солиҳми, фосиқми, каттами, кичикми, балоғатга етганми, етмаганми, оқилми, мажнунми, масъулми, масъул эмасми, айбдорми, беайбми – фарқи йўқ, ҳаммаси қилган зулми ва гуноҳлари учун илоҳий жазо олибди, дейишади. Нимага бундай деяпсиз деб сўралса, Аллоҳ таолонинг “Сизга қайси бир мусибат етса, ўз қўлингиз қилган касбдандир”, деган ояти билан жавоб беришади (Шууро сураси, 30-оят).

Бошимизга тушган бало-мусибатларнинг сабаби ҳақиқатдан ҳам гуноҳларми? Бу оятнинг ягона тафсири шуми?
Муфассир Икрима ушбу оятнинг шарҳида “Банданинг қоқилиши ёки ундан қаттиқроқ нарсага учраши Аллоҳ унинг бирор гуноҳини мағфират қилиши ёки бирор даражага кўтариши учундир”, деган (Тафсири Бағовий).

Бало-офат ва қийинчиликлар одамнинг ўз қўли билан касб қилган иши учун жазо ўлароқ берилгани каби бошқа сабабларга кўра тушиши ҳам мумкин. Масалан, пайғамбарларга, солиҳларга тушадиган балолар ана шундай. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг энг оғир балога учрайдигани анбиёлардир, сўнг энг афзалларидир”, деганлар (Баззор, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган).

Икрима айтганидек, бу каби балолар банданинг зулми туфайли берилган жазо эмас, балки унинг даражасини кўтаришдир.

Бу борада шайх Ибн Ошур шундай дейди: «Солиҳларнинг бошига тушган бало-офатлар, мусибат ва аламлар уларнинг ажри зиёда бўлишига ва Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган бошқа нарсаларга сабаб бўлади. Аллоҳ баъзан ҳаддидан ошганларга яхшиликлар, неъматлар ҳам беради, бу эса азобини кечиктириш ва бундан бошқа, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган сабаблар учундир. У Зот махлуқотларининг барча сир-асрорларини, ниятларини, яхшилик ва ёмонликлардан иборат амалларининг миқдорини ҳамда нафслари ва ақлларининг турли яхшилик ва ёмонликларга бўлган истеъдодини билади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ мўмин учун бирор нарсани тақдир қилса, унга албатта яхшилик бўлади ва мўминлардан бошқаларда бундай бўлмайди: агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун яхшилик бўлади; бирор зарар етса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун яхшилик бўлади», дедилар». Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Telegram (https://t.me/diniysavollar) | Instagram (https://www.instagram.com/fatvouz/) | Facebook (https://www.facebook.com/diniysavollar) | Tiktok (https://www.tiktok.com/@fatvouz)

Read 2029 times

Мақолалар

Top