Мақолалар

Умар ибн Абдулазиз буйруқларига кўра битилган ҳадис тўпламлари

Тарихда бешинчи одил халифа номини олган Умар ибн Абдулазиз (61-101 ҳ./720-781 м.) умавийларнинг ҳукмдорларидан бўлиб, унинг даврида ҳадисларни ёзиб олиш ва тўплам (китоб) ҳолига келтириш ҳали бирламчи босқичда эди. Яъни бу иш ҳукумат миқёсига чиқмаган эди. Бу даврга келиб Қуръон мусулмонлар оммаси ичига тўлиқ сингиб бўлган эди. Ҳадиснинг Қуръонга аралашиб қолиши ва бу борада тушунмовчиликлар чиқиши хавфи бу замонда барҳам топган эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳадис илмига расмий ҳомийлик қилган, муҳаддис олимларни қўллаб-қувватлаган ҳукмдор эди. Зотан, илм-фан ҳукмдорлар ва бой-бадавлат одамларнинг ҳомийлиги ва қўллаб-қувватлаши сабабли ривож ва тараққий топиши ҳақиқатдир. Чунончи, «Саҳиҳ ал-Бухорий»да бир ривоят таълиқан келтирилган:

Умар ибн Абдулазиз Мадинага, қози Абу Бакр ибн Ҳазмнинг номига бир хат ёзган эканлар. Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм ал-Ансорий ал-Маданий мадиналик табаъа тобеъинлардан бўлиб, Мадинада қози ва бир муддат амир бўлганлар ҳамда 120 ҳ./738 м. йилда 84 ёшларида вафот этганлар. “Саҳиҳи Бухорий”да айтилишича, мактубда мана бу ҳукм бўлган:

وَكَتَبَ عُمَرُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ إِلَى أَبِي بَكْرِ بْنِ حَزْمٍ انْظُرْ مَا كَانَ مِنْ حَدِيثِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَاكْتُبْهُ فَإِنِّي خِفْتُ دُرُوسَ الْعِلْمِ وَذَهَابَ الْعُلَمَاءِ وَلَا تَقْبَلْ إِلَّا حَدِيثَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَلْتُفْشُوا الْعِلْمَ وَلْتَجْلِسُوا حَتَّى يُعَلَّمَ مَنْ لَا يَعْلَمُ فَإِنَّ الْعِلْمَ لَا يَهْلِكُ حَتَّى يَكُونَ سِرًّا

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидаги мазмунга қараб уни ёзиб олгин! Чунки мен илм дарсларидан ва уламоларнинг кетиб қолишидан қўрқиб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан ўзгасини қабул қилмагин! Илмни эса ёйинглар. Билмаган кишига ўргатилмагунча ўтираверинглар! Зотан, илм махфий бўлмагунча ҳалокатга учрамайди!» (Бухорий, 100-ҳадис олдидан таълиқан келтирилган ва Доримий, 1/497).

 Имом Молик (93-179 ҳ./712-795 м.) «ал-Муватто» асарида ҳам шу хат борасида ривоят келтирилган. Ўша ривоятда ҳадиси набавия билан бирга суннати хулафои рошидийнни ҳам жамлаш зикр қилинган (Молик, 1/935).

Иккала китобдаги мазкур ривоятда бу кўрсатма фақат Мадинанинг қозисига берилган.

Лекин баъзи ривоятлардан ўша хат барча Ислом ўлкаларининг қозиларига юборилгани маълум бўлади. Унда: «Бу хатни барча ўлкаларга ёзиб жўнатди», ‒ дейилган.

Демак, Умар ибн Абдулазиз биринчи бўлиб ҳукумат миқёсида ҳадиснинг тадвин ва китобат қилинишини бошлаб берганлар. Чунончи, у кишининг буйруқлари остида биринчи ҳижрий юз йилликнинг охирида қуйидаги ҳадис китоблари юзага келган:

  1. Қози Абу Бакр ибн Ҳазмнинг китоблари. «Муватто»да келтирилишича, Абу Бакр ибн Ҳазм бир нечта ҳадис тўпламлари жамлаганлар. Аммо улар халифага етиб боришидан аввал халифа вафот топганлар (Молик, 1/935).
  2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Солим ибн Абдуллоҳнинг садақалар борасидаги рисолалари. Солим ибн Абдуллоҳ ал-Қураший ал-Адавий 106 ҳижрий, 725 милодий йилда вафот этган, Мадинанинг етти нафар фақиҳидан бири. Тобеъинларнинг улуғларидан ва уламоларидан ҳисобланади. Аллома Жалолиддин ас-Суютий (849-911 ҳ./1445-1505 м.) ўзларининг «Тарих ал-Хулафо» номли китобида: «Бу рисола ҳазрати Умар ибн Абдулазизнинг буйруқларига биноан ёзилган», ‒ деганлар.
  3. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг дафтарлари. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг тўлиқ исмлари Абу Бакр Муҳаммад ибн Муслим ибн Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий бўлиб, 58 ‒ 124 ҳижрий, 678 ‒ 742 милодий йилларда яшаганлар. Тобеъинларнинг улуғларидан ва уламоларидан бўладилар. Ибн Абдулбарр (368-463 ҳ./978-1071 м.) «Жомеъ баён ал-илм» номли китобларида Имом аз-Зуҳрийнинг қуйидаги гапларини нақл қилганлар: «Бизларга Умар ибн Абдулазиз суннатларни жамлашни буюрди. Биз уларни дафтар-дафтар қилиб ёзиб қўйдик. Подшоҳи бор ҳар бир ерга ўша дафтарларни юборди» (“Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи”, 1/337).

Ўша даврда Имом аз-Зуҳрийчалик кўп ҳадис ёзган киши бўлмаган. Шу сабабдан ҳадисларни расмий равишда тўплам ҳолида ёзган биринчи олим Имом аз-Зуҳрий деб айтилади. Кейин Умар ибн Абдулазиз ўша дафтарларни Ислом ўлкаларига юборганлар.

  1. Макҳулнинг «Китоб ас-Сунан» асари. Абу Абдуллоҳ Макҳул ибн Абу Муслим ал-Ҳузалий раҳимаҳуллоҳ (ваф. 112 ҳ./730 м.) Шом фақиҳи ва таниқли ҳадис ҳофизи ҳисобланадилар. У зот, аслида, Кобулда туғилган бўлиб, асир тушиб, Мисрга бориб қолганлар. У ерда озод бўлиб, илм ўрганганлар ва олим бўлиб етишганлар. Унинг ушбу китоби билан ҳадис ёзишнинг тўртинчи босқичи кириб келди. Ибн ан-Надийм (ваф. 438 ҳ./1047 м.) ўзларининг «Феҳрист» номли китобида буни зикр қилганлар. Зоҳиран бу китоб ҳам Умар ибн Абдулазизнинг фармонларига биноан ёзилган. Зеро, ҳазрати Макҳул ҳам ҳазрати Умар ибн Абдулазизнинг замонларида қози бўлганлар.
  2. Имом аш-Шаъбийнинг «ал-Абвоб» асари. Абу Амр Омир ибн Шураҳбийл аш-Шаъбий ал-Ҳимйарий (19-103 ҳ./640-721 м.) ҳам тобеъинларнинг улуғларидан бўлиб, Кўфада туғилиб-ўсган ва у ерда истиқомат қилганлар. Эшитган барча ҳадисларининг ёдида сақланиши ҳақида айтиб ўтганлар. Аллома ас-Суютий «Тадриб ар-Ровий»да Ҳофиз ибн Ҳажар (773-852 ҳ./1372-1449 м.) ҳаволаси билан: «Абвоби Шаъбий» ҳадис илмида бобларга бўлиб тадвин қилинган биринчи китобдир», ‒ деганлар. Имом аш-Шаъбий Кўфа шаҳрида Умар ибн Абдулазизнинг қозиси бўлганлар. Шунга биноан бу киши ҳам ҳадисларни Умар ибн Абдулазиз буйруқларига биноан ёзган бўлишлари мумкин.

Ҳазрати Умар ибн Абдулазизнинг вафотлари бир юз биринчи ҳижрий йилда бўлган. Юқорида санаб ўтилган китобларнинг барчаси у кишининг вафотларидан аввал ёзиб бўлинган. Мазкур китоблар ва ҳадис тўпламлари ҳадис илмининг биринчи босқич даврини белгилаб беради. У даврда ҳадис илмий расмий равишда сиёсат даражасида ўқиб-ўраганилган ҳамда китобат ва тадвин ҳолига келтирилган.

 

Абиев Ҳикматуллоҳ Ҳасанович,

Имом ат-Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими, “Аҳмаджон қори” жомеъ масжиди имом-нойиби

 

Read 1925 times

Мақолалар

Top