Мақолалар

Ҳаж сафари атрофидаги гап-сўзларга муносабат

Азиз юртдошлар! Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, мана, 2 йилдан бери интиқлик билан кутганимиз ҳаж сафарига ҳам йўллар очилди. 2022 йилги мавсумда ўзбекистонлик зиёратчилар учун квоталар миқдори 7200 кишидан 10 минг 865 нафарга оширилди. Бу, шубҳасиз, миллионлаб инсонларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди. Кексалар тилида дуо: етказганига шукр, кимлар етди кимлар етмади, Аллоҳ қодир қилсин, ҳаммани Ўзининг байтига етказсин...

Таассуфки, юртимиз бўйлаб ана шундай хурсандчилик шукуҳи кезиб юрган бир маҳалда айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари интернет тармоқларидаги тўлиқ асосга эга бўлмаган маълумотларни тарқатиб, одамларда норозилик кайфиятини уйғотишга ҳаракат қилаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Ушбу мақолада юртдошларимиз ижтимоий тармоқлардаги турли асоссиз ва таги йўқ маълумотларга чалғиб қолмасликлари учун қуйидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

 

Биринчидан, “Ҳаж-2022” мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм сўм этиб белгилангани ва ушбу тўловга нималар кириши ҳақида тўхталиб ўтсак.

Аввало, Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинганини, шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошганини айтиб ўтиш лозим.

Қолаверса, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган.  Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

Ўрганишлар натижасида айрим давлатларда ҳаж сафари учун “Иқтисодий”, “Люкс” ва “VIP” пакетларда хизмат кўрсатилмоқда.

Энг эътиборли жиҳати – Ўзбекистон томони Саудия билан олиб борилган узоқ музокаралар натижасида зиёратчиларимиз учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришди ва тўлов учун ўрта нархни белгилади.

Эслатиб ўтамиз, айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган.

 Иккинчидан, юртдошларимиз жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар. Аслида, мазкур меҳмонхоналар люкс даражасида хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар сирасига киради. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида яшайдилар.

Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимли экани, муқаддас қадамжоларга яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси барча ҳожиларимизни бир вақтда жойлаштириш имкониятига эга.

Учинчидан, юртимиз зиёратчиларининг сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

Тўртинчидан, яна бир муҳим жиҳат – жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг “Ҳаж электрон портали” орқали белгиланган тартибда амалга оширилди. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.

Бешинчидан, жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Шундай бўлсада, иқтисодий пакет олинди ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилди.

Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмаса-да, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Олтинчидан, ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагиар киради:

  • Ҳаж визаси;
  • Авиабилет;
  • Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
  • Мадина шаҳрида “Зам-зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхонаси;
  • Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
  • Макка шаҳрида “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси;
  • Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
  • 24 соат тиббий хизмат;
  • Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
  • 24 соат транспорт хизмати;
  • 3 маҳал исиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
  • Ҳаж қўлланмаси;
  • Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
  • «Замзам» суви (5 литр);
  • Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
  • Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс;
  • Қурбонлик.

Юқоридагилардан ҳам англаган бўлсангиз, бу йил зиёратчиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Бунинг учун барча куч ва имконият сафарбар этилган.

Мақсад аниқ – юртдошларимизнинг ҳаж амалларини ишончли ва хавфсиз ташкил этиш ҳамда ибодатлари мукаммал бўлишини таъминлаш!

 

Азиз юртдошлар!

Ушбу муборак сафарни ташкил этиш ишлари мўмин-мусулмон юртдошларимизни рози қилиш тамойили асосида олиб борилаётганини эслатиб ўтамиз ҳамда вазиятни тўлиқ ва  пухта ўрганмасдан тарқатилаётган бир ёқлама маълумотларга алданиб қолмаслигингизни сўраб қоламиз.

Сўзимиз якунида, икки йиллик танаффусдан сўнг, ҳаж сафарига йўл очилгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, зиёратчиларимизнинг ҳажлари мабрур, гуноҳлари мағфур, саъйлари машкур бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz

 

Read 4759 times
Tagged under

Мақолалар

Top