Мақолалар

Ростгўй тижоратчининг даражаси улуғ

Динимиз инсонларни савдо-сотиқ ва тадбиркорлик билан шуғулланиш­да ҳалол бўлишга чақириб, ўзганинг молини ноҳақ йўл билан ейишдан қай­таради. Савдода рибо, қимор, пора­хўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда ошириш, ўғрилик, товла­мачилик кабиларни тақиқлайди. Қай­си жамиятда бу иллатлар илдиз отса, ҳар хил келишмовчилик ва их­тилофлар пайдо бўлади.

Қуръони каримда бундай дейилади: «Эй имон келтирганлар! Мол-мулкла­рингизни ўртада ноҳақ (йўл­лар) билан емангиз! Ўзаро розилик асоси­даги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-би­рингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир» (Нисо сураси, 29-оят).

Бугун юртдошларимиз орасида тижо­рат, тадбиркорлик билан шуғулланадиган­лар бисёр. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бу касбнинг нозик сирларини, айниқса, ўз­галар ҳақидан эҳтиёт бўлиш кераклигини билавермайди. Динимизга кўра, бу ишни касб тутганлар ҳалол-ҳаромни яхши бил­моғи, ўзгалар ҳақи борасида адолатли бўл­моғи шарт.

Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳунинг бу борадаги сўзлари жуда машҳурдир: “Бозо­римизда фақат (тижорат илмини) яхши билган кишигина тижорат қилсин, акс ҳолда, судхўрлик қилиб қўяди”.

Савдо илмидан бехабар кишилар ўз­лари билмаган ҳолда рибога аралашиб қолиши ҳеч гап эмас. Натижада мол-дунё­сига талафот етиши, касбидан барака кўта­рилиши каби нохушликларга дуч келади. Айниқса, савдода тарозидан уриб қолса, катта гуноҳкор бўлади. Унинг жазо­сини нафақат қиёматда, балки шу ҳаётда ҳам олиши тайин. Бундай инсонлар хор-зор бўлганини кўрганмиз, кузатганмиз.

Аллоҳ таоло бу ҳақда огоҳлантириб: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи экан­ларини ўйламайдиларми Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Пар­вардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кун-да?!» (Мутаффифун сураси, 1–6-оятлар), деган.

Қолаверса, савдо ишида ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, қасам ичиш ҳам оғир гуноҳдир. Афсус, бугун бозорларда, турли савдо шохобчаларида айримлар молини ўтказиш учун ёлғон гапириб, пул топади. Бу иши билан, гарчи савдоси юришса-да, лекин бараканинг кўтарилиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун бўлар-бўлмасга қасам ичиш, ёлғон сўзлаш жоиз эмас. Чун­ки бу билан охиратини куйдириши мумкин. Аслида, барака ростгўйликда. Агар савдо молининг айби бўлса, сотувчи уни айтиб сотиши лозим. Харидорни алдаши ҳаром иш ҳисобланади.

Абу Қатода розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Савдода кўп қасам ичишдан сақланинг, чунки у савдони юриштиради, сўнгра баракани кетказади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Аслида, тижорат билан шуғулланиш фа­зилатли касб ҳисобланади. Бу ҳақда Ҳа­бибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Киши бундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши лозим.

Аслида, намоз, рўза, закот, ҳаж ва шу ка­би амаллар ибодатимиз бўлганидек, ҳалол тижорат ҳам ибодат мақомидадир. Мазкур ибодатларнинг рукн, шарт, суннатлари ҳамда уларни бузадиган ҳолатлар бўлга­ни каби тижорат касбининг ҳам рукн ва шартлари, тақиқлари бор.

Бирор кимса тижорат билан шу­ғулла­нишни бошлар экан, илк қиладиган иши яхши ниятдир. Яъни: «Аллоҳ таоло биз бандаларни касб қилишга буюрган, Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тижорат билан шуғулланганлар», деган ниятда касбга киришса, ундай киши фарз­га ҳам, суннатга ҳам амал қилган бўлади. Шунингдек, ушбу улуғ амалларнинг савобини қўлга киритиш учун савдонинг шаръий қоидаларига риоя қилиши, доим тақвони муқаддам қўйиши керак. Агар шу билан мол-дунё топса, Аллоҳга ҳамд айтсинки, динида ҳам, дунёсида ҳам фойда кўрибди. Мол-дунё топмаса ҳам ҳамд айтсинки, тақвоси сабабли динини асрабди, дейилади муборак китобларда.

Зокиржон ШАРИФОВ,

Тошкент шаҳри Олмазор тумани

“Тўхтабой” жоме масжиди

имом-хатиби

Read 1638 times

Мақолалар

Top