Мақолалар

Тавбани кечиктирмайлик

Агар тавбанинг барча шартлари топилиб, у ўлим келмасидан ва қуёш кун ботардан чиқмасдан аввал қилинса, ҳар қандай гуноҳдан бўлса ҳам шаксиз қабул бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “يَوْمَ يَأْتِي بَعْضُ آَيَاتِ رَبِّكَ لَا يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آَمَنَتْ مِنْ قَبْلُ أَوْ كَسَبَتْ فِي إِيمَانِهَا خَيْرًا” , яъни: (Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди...) (Анъом, 158).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар. (Муслим ривояти). Яна бошқа бир ҳадис ҳам айни мана шуни таъкидлаб келади. Имом Аҳмад ва Термизийлар ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: Росулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: Албатта, Аллоҳ банданинг тавбасини модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса, қабул қилади», дедилар. Демак, банданинг жони ҳалқумига келиб қолмагунча Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилаверар экан. Ушбу ҳолат ўлим келган ҳолат бўлиб, у келиб қолгандан кейингина тавба қабул қилиниши тўхтатилар экан.

Шунинг учун ҳам тавбани кечиктириш гуноҳ амаллардан ҳисобланади. Чунки банда унинг ажали қачон етиб келишини билмайди. Олимларимиз тавбани ортга сурувчи инсонни икки хатардан бирига йўлиқиш эҳтимоли бор, дейдилар. Биринчиси, гуноҳлари кўпайиб қалбини қорайтириб юборади ва натижада маъсият қилишлик унинг одатига айланиб қолишликдан иборат бўлса, иккинчиси, тўсатдан касалликка йўлиқиб қолишлик оқибатида қалбидаги қораликни ўчиришга имкон топа олмай қолишликдир. Буларнинг ҳар бири ёмон хотимага сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Банда ҳеч қачон қайта гуноҳ содир қилиб қўйишликдан қўрқиб, тавбани кечиктирмаслиги керак. Чунки бундай фикрни инсон қалбига одатда, шайтон олиб келади. Ҳаттоки, ҳозир ёшлигимда ва куч-қувватим борида маъсиятларни қилиб оламан кейинчалик тавбага улгураман, деб ҳам ўйлаб қолиши мумкин. Касал бўлган бир солиҳ кишини зиёратига кириб кўнглингиз нима хоҳлаяпти, деб сўраганларида, ўлимимдан олдин Аллоҳ мени тавбаларимни қабул қилишини, деб жавоб берган эканлар.

Тавбани ортга суриб юрувчи инсонни уламоларимиз қуйидаги масалдаги дарахтни қўпормоқчи кишига ўхшатган эканлар. Бир киши дарахтни юлиб ташламоқчи бўлибди. Қараса уни суғуриш ўта қаттиқ машаққатни талаб қилар экан. Шунда у киши бу ишни кейинги йили қиламан, деб қолдирибди. Ҳолбуки, у киши  ёш дарахт қанча кўп турса унинг ерга ўрнашиши шунчалик мустаҳкамланаверар ва ўзи эса ёши катталашган сари заифлашиб боришини яхши биларди. Дунёда бундан-да ортиқроқ аҳмоқлик бўлмаса керак, чунки кучли бўла туриб заиф дарахтни кўчира олмаган, қандай қилиб ўзи ҳолсизлашиб, заиф эса кучайиб олгандан сўнг бу ишни бажарсин.

Аллоҳ қайси бир бандага хайрни хоҳласа, унга тавба, синиқлик, ялиниб-ёлборишлик, уялиш ва надомат чекишлик эшикларини очиб қўяр экан. Ҳаттоки, инсон маъсиятни қилиб жаннатга ва аксинча, ҳасанотларни қилиб дўзахга кириши ҳам мумкин экан. Чунки гуноҳ қилган доимо қўрқувда, Аллоҳдан ҳаё қилиб, синиқ кўнгил билан бош эгиб, қилиб қўйган иши учун пушаймон бўлиб йиғлаб юрса, унинг бу маъсияти баъзи тоатлардан кўра соҳибига манфаат келтирар экан. Ҳасанот қилган эса, амаллари учун миннат қилса, кибрланса, ўзига бино қўйиб ортиқча баҳо бериб юборса ва мен фалон-фалон ишларни қилиб қўйганман деб юрса, бу амаллари инсонни ҳалокатга элтувчи сифатларга эга бўлишига олиб борганлиги учун унга фойда ўрнига зарар берди.

Демак, Аллоҳ таоло бандани қалбини синиқ қиладиган, ўзини паст тутишга сабаб бўладиган амалларга рўпара қилса, унга хайрни ирода қилгани экан. Агар унга ёмонликни хоҳласа, уни ўз ҳолига ташлаб қўяди ва натижада у, амаллари билан керилиш, фахрланиш, бировга қилган яхшиликларини миннат қилиш каби сифатлар эгасига айланар экан. Шунинг учун ҳам ориф зотлар якдиллик билан, тавфиқ бу Аллоҳ бандасини ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги, хорлик эса Аллоҳ уни ўз ҳолига ташлаб қўйиши, деб билган эканлар.

Саййид Жамол

Read 6258 times

Мақолалар

Top