Шом вақти. Деразадан ташқарига назар солар эканман, кўчада ёш болаларини олиб, сайрга чиққан келинларга кўзим тушади. Шом бўлгани боис кўчада чопаётган болаларнинг бир-бири билан урушиши, йиқилиб лат егани боис йиғи овозлари эшитилиб туради.
Болалик чоғларимизда бувим раҳматликнинг бот-бот қайтарадиган гаплари бўларди. “Шомда кўчага чиқманглар, жинлар кўпаядиган вақт”. Шу гаплари таъсир қилганидан бўлса керак, сал қоронғу тушиши билан уйларимизга чопар эдик.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Идишларингиз устини ёпинглар, қопнинг оғзини боғланглар, эшикларни қулфланг, кеч кирганида болаларингизни қайтаринг. Сабаби, (бу пайтда) жинларнинг тарқалиши ва тез ҳаракатланиши бор. Ётишдан олдин чироқларни ўчиринг. Сабаби сичқон пиликни олиб, хонадон соҳибларини ёқиб юбориши мумкин” (Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Бу ривоятда бир қанча фойдали маслаҳатлар берилмоқда. Жумладан, идишлар устини очиқ қолдирмаслик, қопнинг оғзини боғлаш ва кеч кирганда болаларни кўчага чиқармаслик ва шомдан кейин ташқари эшикни қулфлаш, ётишдан олдин шамни ўчириш таъкидланмоқда.
“Шомдан кейин кўчага чиқиб бўлмайди”, деган гап мана шу ҳадисга асосланиб айтилган бўлса, ажаб эмас. Бу гапларнинг асоси бор. Сабаби шом пайтида жинлар ер юзи бўйлаб тарқалади. Бу пайтда жинлар кўчада юрган болаларга зиён етказиб қўйиши мумкин.
Ҳозирги вақтда хасталикларнинг тури кўпайиб кетган. Аммо ҳар доим ҳам касалликнинг келиб чиқишига асосий омил қилиб экологияни рўкач қилишимиз ноўрин.
Маҳалла келинларидан эшитиб қоламан: “Болам кечаси шайтонлаб чиқяпти, тез-тез касал бўлади”. Энди мулоҳаза қилиб кўрайлик, ҳамма хасталик ҳам дори-дармон билан тузалавермагач, болаларнинг соғлигини тиклаш учун, уларнинг руҳияти билан ҳам ҳисоблашишимиз зарур.
Шифокорлар ҳар қандай касалликда гигиенага жиддий эътибор беришни таъкидлашади. Ислом динида Қуръони карим, Набавий таълимотларида покликка тарғиб қилинади. Шунинг учун ҳам эмизикли боласи бор бўлган аёлларга доимо таҳорат билан болани эмизиш, эмизиш вақтида Қуръон оятларини ўқиш, саловатлар, тасбеҳлар айтиш тавсия этилади. Бундай амалнинг фазилатини кенгроқ тушунтирадиган бўлсак, таҳорат билан фарзандини қўлга олган аёл покиза руҳ билан боласини эмизишни бошлайди. Қуръон тиловати эса гўдакдан шайтон ва жинларнинг таъсирини кетказади. Бундай болаларнинг уйқуси сокин, танаси соғлом, руҳи тетик бўлади. Шундай экан ҳаётимизни Қуръони карим оятлари ва Суннати Набавий билан нурлантиришимиз лозим. Токи фарзандларимизнинг имони мустаҳкам, ўзи саломат, эътиқоди юксак даражада бўлсин.
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси