Мақолалар

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди

Каъбаи муаззама – мусулмонлар қибласи, қалблар қайта-қайта талпинувчи муқаддас шиор, ҳаж ва умрада зиёрат этиладиган тавофгоҳ, одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган ер юзидаги биринчи уй.
Унинг Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи), Хонаи Каъба (Каъба уйи), Байтул-Атийқ (Қадимий уй), Қибла (ибодатда юзланадиган тараф) каби номлари бор.

Каъбаи муаззама еттинчи осмондаги фаришталар тўхтовсиз тавоф қиладиган Байтул Маъмурнинг соясидаги бир муқаддас макон бўлиб, уни улуғлаш қалбнинг тақвоси саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир" (Ҳаж сураси, 32-оят).

Каъба ичида намоз ўқиш ва дуолар қилишнинг ажр-мукофоти ҳамда савоби улуғ бўлиб, бунга тўрт мазҳаб имомлари якдил тарзда иттифоқ қилганлар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ким Байтуллоҳга кирса, савобга кирибди. Гуноҳдан ва мағфират қилинган ҳолда чиқибди”, дедилар (Имом Байҳақий, Имом Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом:“Ким Каъба ичига кириб, унда намоз ўқиса гуноҳларидан (худди) онасидан туғилган кунидек (пок) бўлиб чиқади”,деганлар (Имом Фокиҳий ривояти).

Read 2041 times

Мақолалар

Top