Мақолалар

Инсоннинг ёмонидан шайтон ҳам қочади

Баъзи  инсонлар фасод ишларда, бузғунчиликда, ҳавойи нафсига эргашиб шайтонга ҳам залолат этар экан. Яъни, уни довдиратиб қўяркан.

Бу борада Ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг қуйдаги байтлари мисол бўла олади.

Ёмонни, демаки, излол этар экан шайтон,

Дегил: фасодда мундин етар залолат анга.

Маъноси: Ёмон кишини шайтон адаштириб залолатга солар экан, гумроҳ қилар экан дема, аксинча, бузғунчиликда ёмон кимсадан шайтонга залолат етди. Ҳазрат Навоийнинг бу байти Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг каломидаги ушбу оятга мувофиқ.

“Сўнг у (Фиръавн) (халқини ва сеҳргарларни) тўплади ва (уларга) ҳайқирди: “Мен сизларни энг олий раббингизман!” – деди” (Нозиот сурасининг 24-ояти).

Фиръавн бу гапидан қирқ йил олдин ҳам аъёнларига: “Мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман” деган эди” (Қасас сурасининг 38-ояти). Яна Шуаро сурасининг 28-оятида ҳам Шайтон шайтон бўла туриб илоҳлик даъвосини қилгани йўқ. Аммо инсон инсон бўла туриб худоликка даъво қилди. Иблис бундан узоқ турди, ҳатто иймон аҳлига қарши жангга кирган куфр тоифасига қараб: “Мен сизлардан безорман... ва мен Аллоҳда қўрқурман, чунки Аллоҳ жазоси ўта шиддатли зотдир”, деди  (Анфол сурасининг 48-ояти).

Бундан англаш мумкинки. Шайтон ўзига тегишли бўлмаган бир мартабани даво қилмади. Аммо юқоридаги оятнинг мазмунидан кўриниб турибдики, Фиръавннинг сўзини шайтон эшитиб, неча фарсанг узоқликки қочиб кетгани айрим ривоятларда келтирилган.

Ҳа дарҳақиқат, инсон фасодда шайтондан ҳам ўтади, уни гумроҳ қилиб қўядиган даражага етади. Аммо бу сўзлар шайтон ҳақида ижобий фикр билдириш учун эмас, балки инсонларни фасоддан огоҳлантириш учун, холос.

“Руҳул баён” китобида айтиладики: “Иблис худоликни даъво қилмаган бўлса ҳам лаънатланди, Фиръавн ва унга ўхшаганлар эса худоликни даъво қилса ҳам на тайин жиҳатидан, на таҳсин жиҳатидан иблисдек лаънатланмади”. Бунинг ҳикмати нима? дейдиган бўлсангиз, бу саволга жавобан айтиладики: “Чунки иблиснинг нияти инсонларнинг ниятидан ёмонроқдир”. Ҳа, инсонларнинг ёмонидан, одам қиёфасидаги шайтонларнинг хийла-макридан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи асрасин.

Абдуқодир УСМОНОВ,

Марҳамат туманидаги  “Сулаймон Сирли” жоме масжиди имом-хатиби

Read 6259 times

Мақолалар

Top