Мақолалар

Ватан – муқаддас маскан

Мустақиллик – олий неъмат

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, унинг зурриёдларини Ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган инсоният турли миллат ва элатларни ташкил қилиб, маълум ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...”, - дейилган (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, шу ер унинг учун Ватан, ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган қадрли макон ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага юзланиб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан бошқа юртларга кетган киши киндик қони томган диёрини қумсаб маъюс тортиши ва у ҳақда бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши бор гап.

Тарихдан маълум, бирорта халқ бошқа бир халқни ўзига тобе қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган, ўзларини эса қулга айлантирган. Ватанини душман қўлига ўтганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида: “Ким моли ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким жони ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким дини ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоятлари). Демак, дин, халқ, ватан ҳимояси йўлида жон берган инсон Аллоҳ ҳузурида улуғ даражага эришади.

Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки, у инсон учун жондан ҳам азиз бўлган нарсани ҳимоялашга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлар эди. Ватан лафзи олдига “жонажон” деган сўз қўшиб айтилиши ҳам бежиз эмас. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бир киши менинг уйимга бостириб келиб, молимни тортиб олмоқчи бўлса нима қилай?” деб сўради. “Молингни унга бермагин”, деб жавоб бердилар. “Агар мени урса-чи?” деганда, Сен ҳам у билан уришгин”, деб жавоб бердилар. “Агар мени ўлдириб қўйса-чи?” – “Унда сен шаҳидсан”. “Борди-ю, мен уни ўлдириб қўйсам-чи?” – “У дўзахдадир”, - деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Таассуф билан айтамиз, бугунги кунда ватан, эрк, озодлик тушунчаларидан йироқ инсонлар орамизда йўқ эмас. Аслида юртнинг, халқнинг истибдодига ҳамма замонда ҳам шундай кимсалар сабаб бўлган. Яқинда ижтимоий тармоқларда собиқ иттифоқни мақташ оҳангида эълон қилинган мақола уларнинг юзини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Ушбу мақоладаги сохта даъвога кўра, совет давлати ўзбек халқининг халоскори бўлган, ўзбек халқи қолоқ, саводсиз эди, советлар мактаблар очди, ҳаммани саводли қилди, халқни ишли, уйли-жойли қилди ва ҳоказо. Яъни советлар тарғиботи етмиш йил давомида халқимиз қулоғига қуйган мағзава гаплар.

Минг афсус ва надоматлар бўлсин, мана шу сафсата мақола тагига уч юз кишига яқин одам “Ёқтирдим, севдим!” ифодаларини қўйган. Яна юз яқин киши эса, “бўларкан-у, баракалла”, деган мазмунда изоҳлар қолдирган.

Собиқ иттифоқни улуғлаётган бу кимсалар ушбу тузум халқимиз бошига солган чексиз кулфат ва мусибатларни билишармикан?!

Маълумотларга кўра, собиқ тузум даврида 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм чиқарилган. Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби халқимизнинг кўплаб ардоқли адиблари, маърифатпарвар фарзандлари отиб ташланган.

“Катта террор” 1937 йил 30 июлдан бошланиб, 1938 йил ноябрига қадар давом этган бўлиб, шу вақт ичида 1,5 миллион киши қамоққа олинган, шундан 700 минги отиб ташланган. Унинг қаҳрли тиғи жамият аъзоларининг барча тоифаларини ўз домига тортган.  

Яна бир даҳшатли фактга эътибор қаратсак. “Қатағон қурбонлари” китобида ёзилишича, “НКВДнинг 00486-сонли буйруғи бўйича 1938-1946 йилларда Қарағандадаги “АЛЖИР” (Акмолинский лагерь жён изменников родины) лагерида “Ватан хоинларининг оила аъзолари”дан 6500 аёл жазони ўтаган. Халқ душмани тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача Иттифоқ бўйича 25342 бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 22427 нафари Халқ маорифи комиссарлиги ҳудудидаги болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган, шундан 1909 нафари Москвада бўлган, 2915 нафари бошқаларга боқиш учун оилаларга қайтариб берилган. Бу болаларнинг ёши 15 гача бўлган. Ёши 15 дан юқори бўлган болалар “ижтимоий хавфли” ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган...”

Шунчалар ҳам разолат, қабиҳлик бўладими? Буни англамаган нима деб аташга ҳам ожизсан. Энг муҳими, биз ҳамиша ҳушёр бўлишимиз керак, чунки ёш авлоднинг юрт, озодлик қадрини билиб ўсишига масъулмиз.

Алҳамдулиллоҳ, мустақиллик неъмати бизга насиб этди. Эркин ва обод, инсон қадри азиз бўлган Ватанда бахтиёр умр кечиряпмиз. Бу бахтни асраб қолиш, унинг мустаҳкамлиги учун фидокорлик кўрсатиш шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчидир.

 

Муҳаммад Зариф ЭРГАШ ўғли,

Яккасарой туманидаги “Раҳимжон ҳожи ота”

жоме масжиди имом хатиби

Read 1448 times

Мақолалар

Top