Мақолалар

Эзгулик йўлидаги ҳамкорлик анжумани

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим 

«Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилманг!» (Моида сураси, 2-оят).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсинки, сўнгги йилларда буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмакон ватанимизда салкам бир ярим асрдан орзиқиб кутилган тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ижобий ўзгаришларнинг кўлами йилдан-йилга ортиб, дастлаб қардош қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар қайта тикланган бўлса, эндиликда Ўзбекистон давлати халқаро ҳамжамиятда ҳам муносиб ўрин эгаллаб, дунёнинг етакчи давлатлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу йил юртимиз ана шундай кенг кўламли, кенг қамровли ҳамкорлик анжуманига – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига мезбонлик қилаётгани фикримизнинг яққол далилидир.

Рўйи заминнинг сайқали деб ном олган қадим ва навқирон Самарқандимиз яна Буюк Ипак йўлининг марказий тугунига, Осиё билан Европани бир-бирига боғлаб турувчи йўллар кесишган муҳим нуқтага айланди.

Саммитда ўн беш мамлакатнинг раҳбари – Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистан, Ҳиндистон  ва Ўзбекистон ҳамда кузатувчи давлатлар: Беларусь, Мўғулистон ва Эрон раҳбарлари, шунингдек, Туркманистон, Озарбайжон, Арманистон ҳамда Туркия раҳбарлари қатнашиши эълон қилинди.

Бу йилги анжуман Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида мутлақо янги саҳифа очиб бериши,  иштирокчи ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари томонидан фавқулодда муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу анжуманнинг ўзига хослиги шундаки, унда иштирокчи давлатлар раҳбарлари ҳам, кузатувчи давлатлар раҳбарлари ҳам, таклиф қилинган давлатларнинг раҳбарлари ҳам биринчи бор биргаликда қатнашаётган бўлиб, бу эса саммитнинг аҳамиятини янада оширмоқда. Жумладан, бу йилги саммитда ташкилотнинг фаолият доираси ва ваколатларининг кенгайтирилишига оид муҳим қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган бўлиб, ШҲТ учун янги давр бошланишини белгилаб беради. Бундан ташқари, Самарқанд анжуманига ўнга яқин нуфузли халқаро ташкилот раҳбарларининг ташрифи ҳам кутилмоқда.

Самарқанд саммитининг яна бир ўзига хос жиҳати шуки, бу йилги анжуман сўнгги уч йил давомида (жумладан, пандемия туфайли) онлайн-форматда ўтказилган учрашувлардан кейинги биринчи юзма-юз, бевосита учрашув бўлади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22-Самарқанд саммитида халқаро савдо, саноат, транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик, иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа кўплаб соҳаларга оид ўнлаб муҳим ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган бўлиб, саммит якунида қабул қилинадиган декларацияда иштирокчи давлатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммоларга оид муайян қарашлари ўз ифодасини топади.

Мазкур декларацияда ШҲТ давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиёт, нақлиёт муаммоларини ҳал қилиш ҳамда маданий алоқаларни кенгайтиришга оид муштарак манфаатлар акс эттирилади.

Шу боис юртбошимиз ушбу анжуман муносабати билан чоп қилинган мақолаларида Самарқанд саммити ташқи сиёсий манфаатлари, қарашлари турлича бўлган давлатларни бирлаштириш, улар ўртасидаги муаммоларини ислоҳ қилишнинг мутлақо янги формати ишлаб чиқиладиган платформага айланишига катта ишонч билдирдилар.

Мана шундай оламшумул эзгу ишлар дебочаси бўлмиш анжуманнинг айнан башариятга буюк алломаларни тарбиялаб берган улуғ бобокалонларимиз мангу қўним топган шу табаррук заминда бўлиб ўтаётгани чинакам тарихий, рамзий маъно ифода этади. Зеро, бу юрт – инсониятга Аллоҳ таолонинг каломидан кейин энг мўътабар манба саналган «Жомеъус-саҳиҳ» асарини тақдим этган Бухорийлар юртидир, Термизийлар, Мотуридийлар юртидир. Бу юрт қадимдан бутун дунёда тинчлик-осойишталик, илм-маърифат, фан ва санъат рамзи бўлиб келган. Бу йилги анжуман ҳам бугунги нотинч дунёга тинчлик, барқарорлик бахш эта олса, улуғ аждодларимизнинг руҳи шод бўлади, уларга муносиб авлод бўлиш йўлида дадил қадамлар босилаётганининг ифодаси бўлади, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло инсониятни турли ирқ, миллат ва элатлардан иборат қилиб қўйганининг асл мақсади, ҳикмати ҳам айнан эзгулик, бунёдкорлик, маърифатдир. Парвардигоримиз буни Ўзининг муқаддас каломида шундай баён этган:

«...Сизларни ўзаро танишишингиз учун турли халқ ва қабилалар қилиб қўйдик...» (Ҳужурот сураси, 13-оят)

Шундай экан, Роббимиз табарока ва таолодан эзгулик йўлида ушбу ҳамкорликни хайрли қилишини, бардавом қилишини, дунё ва охиратимиз учун манфаатли қилишини насиб қилишини сўраймиз.

Аллоҳ таоло барча хайрли ишларимизни бардавом айласин, шу улуғ мақсад йўлида фидойилик қилаётган барча азизларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин!

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 1495 times

Мақолалар

Top