Мақолалар

“Амаллар ниятга қараб бўлади”

Узоқ йўлга отланган бир мусофир киши бепаён ялангликда кетар экан узоқдан бир дарахтга кўзи тушиб, отини ўша тарафга бурди. У дарахт тагига етганида отидан тушиб қўлига қозиқни олди ва уни дарахт сояси тушадиган ерга қоқиб унга отини боғлаб қўйди. Сояда овқатланиб бир оз ҳордиқ чиқаргандан сўнг отига минар экан “Мендан кейин келган йўловчилар ҳам уловларини шу қозиққа боғлаб, ундан фойдаланса савоби тегар”, дея қозиғини қоқилган жойида қолдирди ва отига миниб йўлида давом этди.

Бир қанча вақтдан кейин бошқа  бир йўловчи ўша ердан ўтиб кетар экан, у ҳам дарахт сояси остида дам олиш учун уловини дарахтга боғлади. Вақт пешиндан бир оз ўтиб қолгани учун дарахт сояси ҳам ўзидан бир оз узоқлашган эди. Йўловчи дарахт тагидан соя тарафга юрар экан оёғи ногоҳ ўтлар орасида нимагадир тегиб қоқилиб  тушди. Туриб қараса, ерга қоқиб қўйилган қозиқ турибди. Мендан кейин келган йўловчилар унга чалиниб йиқилиб тушмасин, деб уни суғуриб олиб улоқтирди.

Уларнинг бирининг иши тўғри, бошқасиники эса нотўғри бўлиши керак. Аммо, Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган “Амаллар ниятларга қараб бўлади”, деган машҳур ҳадисга кўра, бу йўловчиларнинг ҳар бири қилган иши учун мукофотланади ва уларга савоб ваъда қилинади. Чунки ҳар иккаласининг ҳам қалбида одамларга яхшилик қилиш ва эзгулик бор эди. Шунинг учун ҳам бу воқеада ҳар иккала ҳолат ҳам тўғри деб баҳоланади. Демак, ҳар қандай оддий ишни қилаётганимизда ниятимизни чиройли қилсак, амалларимиз савобли ва икки дунёда ҳам фойдали бўлар экан.

Раббимиз нақадар меҳрибон!

Ш.ЧЎЛПОНОВ,

Тошкент ислом институтининг “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси  

 

Read 8318 times

Мақолалар

Top