Мақолалар

Яхши сўз ҳам, ёмон сўз ҳам тилдан чиқади

Кўча-кўйда турли ёшдаги одамларнинг суҳбати қулоққа чалинади. Афсуски, уларнинг баъзилари, айниқса, ёш йигитларнинг оғзидан боди кириб шоди чиқаётгани кўнгилни хира қилади. Ҳатто ён-атрофида онаси, синглиси ёки опаси борлиги ҳам уларни қизиқтирмайди. Азбаройи жаҳли чиққанидан  ақли кетиб тилидан нима чиқаётганини назорат қила олмаётгандир, деб қўймоқчи бўласиз. Аммо яхшилаб эътибор берсангиз, уларнинг сўкиниши жаҳлдан эмас, жоҳилликдан эканига гувоҳ бўласиз. Ғазабланса ҳам, севинса ҳам, ҳайратланса ҳам, қўрқиб кетса ҳам туйғуларини ахлоқсиз сўзлар билан ифода этади. Аслида одам ҳар доим ўз тилидан чиқаётган гапларнинг маъносига эътибор бериши ва ўйлаб гапириши керак. Имом Бухорий ва Имом Термизий каби аждодларимиз тўплаган ҳадиси шарифларда бу ҳақида шундай дейилади:

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз ота-онасини ҳақорат қилиши катта гуноҳлардандир”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, киши қандай қилиб ўз ота-онасини ҳақорат қилади?”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бошқа одамнинг отасини ҳақорат қилади, сўнг у ҳам бунинг отасини ҳақорат қилади. Бошқа одамнинг онасини ҳақорат қилади, сўнг у ҳам бунинг онасини ҳақорат  қилади”, дедилар”.

Ана шу ҳадиси шариф ақли бутун одам учун сўкағонлик иллатини даволашнинг асосий воситасидир. Чунки кимнидир ота-онаси билан ҳақорат қилиш ўз ота-онасини бошқалар ҳақорат қилишига тўғридан-тўғри кўндаланг қўйиш эканини англаган киши бу иллатдан дарҳол узоқлашади. Ақли расо инсон ҳеч қачон ота-онасини ҳақорат қилишларига рози бўлмайди. Халқимиз бекорга: “Аввал ўйла, кейин сўйла”, демаган. Чунки тил суяксиз уни қайси тарафга айлантирманг ундан яхши-ёмон сўзлар чиқаверади. Бунинг учун ақлимиз бош бўлиб, инсонларнинг қулоғига ёқадиган, кўнглини равшан қиладиган сўзларни топиб гапирсак, ўзимиз ҳам ана ўшандай ажойиб сўзларни эшитамиз.

ШЕРЗОД ЧЎЛПОНОВ

Read 7532 times

Мақолалар

Top