Мақолалар

Хатокорни жазолаш адолат, Кечириш эса фазилатдир

Президентимизнинг Шайхонтоҳур тумани, ўз навбатида Андижон вилояти, хусусан жорий йилнинг   15 июнь куни юртимиздаги барча имом-хатиблар эътиборига ташкил этилган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзуидаги анжуманда билдирган тавсия ва кўрсатмалари асосида биз Зангиота тумани имом-хатиблари ҳам диний эскстремистик оқим аъзоси сифатида махсус ҳисобга олинган барча фуқароларимиз билан якка тартибда суҳбатлашиб чиқдик. Суҳбат жараёнида уларни кўпроқ тинглашга ҳаракат қилдик. Давлатимиз Раҳбари ўз сўзларида мазкур фуқароларимиз билан шу кунга қадар ижтимоий масалаларда қандай муносабатда бўлаётганимиз, аслида эса қандай йўл тутмоғимиз кераклиги борасида доно йўналишларни баён этиб бердилар.

Шунга биноан улар билан дилдан суҳбатлашар эканмиз, даставвал уларнинг турмуш шароити, ечимини тополмаётган мавжуд муаммоларини ўргандик. Бу борада туман ҳокимлиги қошида ташкил этилган “Махсус Комиссия” номига тегишли таклифларни киритдик. Ўз навбатида уларга соф исломий эътиқод, шунинг баробарида турли ёт оқимларнинг асл қиёфалари ҳамда ғаразли мақсадлари ҳақида жонли мисоллар ёрдамида қатор тушунчалар бердик.

Ҳанафий мазҳабининг етук намоёндаси, нақшбандия тариқатининг лирик вакили, профессор, доктор, муршиди комил, аждодлари асли бухоролик бўлган Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг (1938-2001) шундай сўзларини ўқидим:

Гуноҳкорларга ғазаб ва нафрат назари билан қараманг. Аксинча, уларга шафқат ва марҳамат назари билан боқинг!”.

Дарҳақиқат, инсон одатда иккинчи томонга ғазаб ва нафрат билан бирор бир яхшиликни ато этолмайди. Қачонки шафқатли ва марҳаматли бўлсагина унга яхшиликни раво кўра олади.

Бугун бетакрор хизматлари ва  юксак шаънларига алоҳида эҳтимом ила эътибор қаратилган бобокалонимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳис салом:

"كل بنى آدم خطاء ، وخير الخطائين التوابون"

яъни – Ҳар бир Одам боласи хато қилувчидир. Уларнинг (ичида энг) яхшиси (хатосини англаб етиб, чин) тавба қилганларидир, дея марҳамат қилганлар.

Ўйлайманки, чин тавба қилган инсоннинг хатосини авф этиб, кечира олиш – энг юксак жасорат ва фазилат соҳибининг ишидир.

Шунингдек, жамиятнинг эртаси учун хатокорларни жазолаш адолат бўлса, ўрни келганида яна шу мақсадда уларни кечиришни улуғ жасорат ва фазилат, деб ҳисоблайман.

Шу нуқтаи назардан мақтов эмас, аксинча – эътироф маъносида айтмоқчиманки, Президентимиз бу борада барчамиз учун юксак жасорат ва фазилат бобида зиёси сўнмас намуна бўлдилар.

Мазкур фуқароларимиз билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг юз-у кўзларида балқиб турган қалб қувончларининг бениҳоялигига шоҳид бўлдик. Президентимизнинг кўрсатмалари асосида хонадонларига бораётганимизни эшитиб, қанчалари уйларига президент ташриф буюргандек кўз ёш ила дастурхон ёзиб, келин-куёвларни қарши олгандек кутиб олдилар. Яна қанчалари елкамизга чопонлар ёпишга ошиқдилар. Биз суҳбат жараёнида уларнинг бундай илтифотларига жавобан “Бу тотли дастурхон ва бағри илиқ чопонларнинг ҳақиқий эгаси айнан мана шу ташаббусни олға сурган шу Юрт Раҳбари ҳисобланади. Сизлар шу киши ҳамда у киши бошқараётган халқ ва ватаннинг бугун-у эртаси учун дуо қилинглар!”, дея дўстона суҳбатларимизни давом эттирдик.

Суҳбат жараёнида яна шунга ҳам амин бўлдикки, мазкур фуқароларимиздан аксарият қисмининг фарзандлари умумтаълим мактаб, КҲК ва академик лицейларда энг аъло баҳоларга ўқувчи ва интизомлилар қаторида экан. Бу ҳақиқатни устозларининг ўзлари ҳам эътироф этишди. Агар биз ушбу ука-сингилларимиз ва албатта уларнинг ота-оналарига Президентимиз белгилаб бергандек эътиборли муносабатда бўлсак, яқин йилларда улардан она ватанимизнинг кўклардан ҳам жой олса арзигулик гўзал байроғини юксакларга кўтарувчи чемпионлар, ватанпарвар етук кадрлар чиқишига аминман. Буларнинг барчаси эса бизнинг эътибор ва фаолиятимиз билан бевосита боғлиқ, деб ҳисоблайман.

Бугуннинг аксар инсонлари одатда соат кўрсатгичларининг юриб бораётганини кўриб режали ишлари ижросини тезлаштиради. Соат бармоқларининг “Вақтинг ўтмоқда!”, деган ишоралари уларни оёққа турғазади. Аксинча, у “Шу ишимни эрта ё индин қиларман”, дея дангасалик йўлига ўтиб қолади. Шу маънода ўйлаб кўрсам, инсон ҳаёти давомида асосан ўртача 30 йил фаолият юритар экан. Бу бир авлодни йўлга солиш учун тўлиқ имконият деганидир. Қолган ҳаёти – ёшлик ва кексалик чоғида бошқаларнинг хизматидан фойдаланади. Агар биз умримизни 70-80 йил, деб эмас, халқ ходими сифатида асосий хизмат давримизни ҳисобга олсак, бу бизни хайрли ишларга соат ишоралари мисол янада илдам қадам ташлашга ундайди. Зотан ҳаёт жуда ҳам тез, тўхтамас ва ортга қайтмасдир. Шу дамда Ўзбекистсон қаҳрамони ва халқ шоири ЭРКИН Воҳидовнинг “Ҳаёт йўли” номли шеърлари ёдимга тушди:

Замон тез, фурсат оз, ҳар лаҳза зиқдир!

Ҳар лаҳза зиқлиги билан қизиқдир.

Ҳаёт йўли надир? Қабр тошида,

Икки сана аро қисқа чизиқдир!

 

Зангиота тумани бош имом-хатиби в.б.,

“Умир” жоме масжиди имом-хатиби

Н.Мавланов

 

08.07.2017 й.

Read 5756 times

Мақолалар

Top