Мақолалар

Ота-она дуоси мустажоб

بسم الله الرحمن الرحيم

Маълумки, Ислом дини одамларнинг доимо бир-бирларига яхшилик қилишга амр қилади. Жумладан, шу гўзал дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасига яхшлик қилиш лозимлигини тушунтирган. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли улуғ кишилардир. Ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром билан уларга яхшилик қилиш ҳар бир фарзанд учун зарур бўлган вазифалардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота онасига яхшилик қилишга амр қилиб бундай дейди:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا ...  (سورة العنكبوت/8)

яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...”

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا

 (سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/23)

яъни: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”.

Ушбу оятда “уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки хизматкордек тутиш кабиларни тушиниш керак бўлади.

Фарзанд ота-онага доимо яхши муомалада бўлиши шарт. Айниқса, улар кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, унинг хизматига муҳтож бўлганларида, масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач унинг кўнгли нозик бўлиб қолади. Ҳар қандай сўз ва муомала ёқавермайди. Ана шундай ҳолда фарзанд уларга “уф” деган сўз билан ҳам эътироз билдириши мумкин эмас. Чунки, ота-она ўз боласини тарбия қилиш ва парваришлаш вақтида ҳар қанча машаққат бўлса ҳам сабр қилган ва унга меҳр билан муомалада бўлганлар. Фарзанд гўдаклик пайтида ота-онага қанчалик муҳтож бўлса, улар ҳам болаларига шунчалик муҳтож бўлади.

Жаноб Пайғамбаримиз (сав) Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.) ривоят қилган ҳадисда марҳамат қиладилар:

" أيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إِلي اللهِ تَعالي، قال: الصّلاةُ علي وَقْتِهَا، قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ، قال: بِرُّ الْوَالِدَيْنِ ،قُلتُ: ثُمَّ أَيُّ، قال: الجِهادُ في سَبيل الله "

(متفق عليه)

яъни: “Қайси амал Аллоҳга севиклироқдир деб сўрадим. Вақтида ўқилган намоз дедилар. Сўнгра қайсиси Ота-онага яхшилик қилиш дедилар. Ундан кейин қайси иш яхшироқ дедим. Аллоҳнинг тоати йўлида жидду жаҳд қилиш дедилар”.

Мана шундан биламизки, ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматини бажариш, уларни улуғлаш шу қадар буюк бир иш экан.

Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган.

" رِضَا الرَّبِّ في رِضَا الْوَالِدِ وَ سَخَطُ الرَّبِّ في سَخَطِ الْوَالِد "

(رواه أبو داود)

яъни: “Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилиги ва Аллоҳнинг ғазабида ота-онанинг ғазабидадир”.

Шунингдек, кимки Аллоҳ таолони рози этаман деса, ота-онасини рози қилишга ҳаракат қилсин. Чунки ота-она фарзанди учун қилган дуолари мақбул бўлади. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладиларки:

" ثَلاَثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لَهُنَّ لاشَكَّ فِيهِنَّ: دَعْوَةُ الْمَظْلُمِ وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ وَدَعْوَةُ الَْوَالِدَيْنِ عَلي وَلَدِهِما "

(رواه البخارى)

яъни: “Уч дуо дарҳол қабул бўлади. Уларда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандларини койиб қилган дуоси”.

Дарҳақиқат, ота-она боласи учун қандай дуо қилса, ҳеч шубҳасиз қабул бўладиган дуолардан экан. Шунинг учун, фарзанд доимо ота-онасини хайрли дуоларини олишга ҳаракат қилиши лозим. Аксинча, дуоибад бўлишидан эҳтиёт бўлиши зарур.

Имом Муслим (рҳ.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (сав) зикр қилдилар: “Ота-онасининг бирини ёки иккаласини кексалик ҳолларида топиб, ўзига жаннатни вожиб қилолмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (яъни, хор бўлсин)!” – деб бир неча бор такрорладилар.

Бола ота-онасига қанчалик яхшилик қилмасин, ҳеч вақт ўзи дунёга келишига сабаб бўлган зотларнинг мукофотини қайтара олмайди.

Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз (сав) қуйидагиларни айтадилар: “Бола отаси мукофотини қайтара олмайди, фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса-ю фарзанд уни сотиб олиб озод қилсагина, мукофотини қайтарган бўлиши мумкин”.

Абу Бурда ибн Абу Мусо ал-Ашъарий (рз.)нинг айтишларича, Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) бир яманлик киши ўз онасини елкасига кўтариб хонаи-Каъбани тавоф эттириб юрганини кўрибдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни ўқиб юрар экан:

Онаи зорим учун бўйнини эгган теваман,

Тева минган онам ҳориса, мен ҳоримасман.

Бу байтни ўқир экан ҳалиги киши Абдуллоҳ ибн Умарга қараб: “Эй Абдуллоҳ мана шу хизматим билан онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?” – деб сўрабди. Абдуллоҳ ибн Умар (рз.): “Йўқ бу хизматинг онанг туғиш пайтидаги қийнаган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг бўла олмайди” – дедилар.

Демак, фарзандлар доимо ота-оналарига яхшилик қилмоқликлари зарурдир. Ота-она бу дунёдан ўтиб кетган бўлса, уларнинг вафотларидан кейин ҳам фарзандлар ҳақларини адо қилиши лозим бўлади. Фарзандлар уларнинг ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам дуода бўлиб туришлари керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) марҳамат қилиб айтдилар: “Агар банда вафот этса, унинг барча амаллари тўхтайди. Лекин уч амали тўхтамайди: 1) Садақаи жория; 2) манфаат берадиган илм ва 3) дуо қиладиган солиҳ фарзанд”.

Садақаи жория деганда Аллоҳ таоло розилиги учун ва кўпчиликка хизмат қилувчи хайрия ишлардир. Бундай ишларнинг савоби тўхтовсиз ёзилиб тураверади.

Манфаат берадиган илм ёки шогирд тайёрлаш, жамият манфаати учун ёзиб қолдирилган илмий асрлар ва кашфиётлардан иборатдир.

Ўзидан кейин дуо қилувчи солиҳ фарзанд қолдирган бўлса, улар воситасида вафотидан кейин ҳам савоб у инсонга етиб туради.

Абдуллоҳ ибн Аббос (рз.)дан келтирган ривоятда, Пайғамбармиз (сав)га: “Эй Аллоҳнинг расули, онам вафот этди, лекин васият қилмади, унинг номидан садақа берсам, фойдаси тегадими?” – деди. Расулуллоҳ (сав): “Ҳа” – деб жавоб қилдилар, дейилган.

Ота-онаси вафот этишганидан кейин ҳам яхшилик қилишни истаган фарзандлар ота-оналари номидан хайру садақа ва эҳсонлар қилсинлар. Қилган садақалари савобини ота-оналарига бағишласалар, иншоаллоҳ, манфаати улкандир.

Пайғамбаримиз (сав) қуйидагиларни айтадилар: “Отангнинг дўстлари билан алоқани давом эттир. Аллоҳ таоло шунда сенинг нурингни ўчирмайди”.

Ота-она вафотларидан кейин уларнинг дўст ва дугоналарига фарзанд яхшилик қилса, худди ота-онасига яхшилик қилгандек бўлади. Қариндошлар билан ўзаро алоқани сақлаш фазилатли иш бўлиб, ота-онадан сўнг уларнинг қариндошларига яхшилик қилган фарзанд худди ота-онасига яхшилик қилган билан баробар бўлиб, умрига ҳам барака берилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ота-онанинг фарзанддаги ҳақлари ўта муҳим ҳақлар ҳисобланади ва ота-онага нисбатан фарзандлар жуда ҳушёр бўлишлари, доимо уларнинг кўнгилларини олиб, яхшилик қилиш, хурсанд қилиш учун ҳаракат этишлари ва бу яхшиликни ҳатто ота-онанинг вафотидан сўнг ҳам давом эттиришлари зарур бўлади.

Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомалада ва ширин сўзли бўлишилари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларнинг ҳизматларини бажариши лозим.

Жаннатмонанд мамлакатимиз ўзининг истиқлолига эришган илк даврлардан нафақахўр кекса отахонлар ва онахонларга, ногиронларга катта ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Ҳаётлари енгил ва осон кечиши ҳамда ижтимоий эҳтиёжларини янада мукаммалроқ қондириш йўлида ҳукуматимиз томонидан доимий суратда ёрдамлар берилмоқда. Улар даволанишлари, соғлиқларини мустаҳкамлашлари, транспорт воситаларидан фойдаланишда алоҳида имтиёзларга эгадирлар. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг нуроний дуогўйларига билдирилган ҳурмат ва эътибор бўлса, иккинчи томондан уларнинг холисона қилаётган дуойи хайрлари, иншоаллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало ва офатлардан сақлайди. Зеро, бу борада жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) марҳамат қилиб айтганлар:

" لَوْ لاَ الشُيوخُ الرُكَّعُ وَاْلبَهائِمُ الُرتَّعُ وَالْصِبْيانُ الرُّضَعُ لَصُبَّ عَلَيْكُمُ الْبَلاَءُ صَبَّا "

(رواه البيهقى)

яъни: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар қуйилган бўлар эди”.

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни, кексаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, бизларнинг ҳалқимизда қилаётган холис дуоларини мустажоб айласин! Омин.

Фатво бўлими ходими

Арзикулов Собиржон

Read 16159 times
Tagged under

Мақолалар

Top