Мақолалар

Табобат: Турпнинг шифобахш хусусиятлари

 ТУРП (Raphanus sativus L.) — карамдошлар оиласига мансуб икки йиллик ўсимлик. 5 минг йил муқаддам Қадимги Миср, Юнонистон ва Римда экилган. Ҳозирги пайтда дунёдаги деярли барча мамлакатларида экилади.

Турп фақат очиқ ерда етиштирилади. Турп намсевар ўсимлик. Намлик етишмаса илдизмеваси яхши ўсмайди. Илдизмеваси йирик, 200 г дан 4—5 кг гача. Таркибида ўртача 1,92% оқсил, 1,58% қанд, 1,55% бириктирувчи модда, 8—29 мг %.витамин С ва бошқалар бор. Асосан янгилигида истеъмол қилинади. Таркибида цингага қарши витамин бор, модда алмашинуви, овқат ҳазмини яхшилайди. Ўзбекистонда турпнинг Марғилон ва Андижон-9 тезпишар навлари давлат реестрига киритилган. Ҳосилдорлиги: Марғилон нави 350—360 ц/га; Андижон-9 нави 480—500 ц/га.

Турп - инсон саломатлигини мустаҳкамлашда тенги йўқ сабзавот. Унинг илдизмеваси минерал моддаларга бой, ўртача 13 % қуруқ моддалар, 2 % оқсил, 8,4 % углеводлар, С, В1, В2 витаминлари, органик кислоталар, эфир мойи ва глюкозидлардан иборат.

Бошқа сабзавотларда мавжуд бўлмаган ўзига хос  таъмига қараб, кўп таомларга қўшимча салатга  қўшиб истеъмол қилинади. Турп  таркибида углеводлар, ферментлар, витаминлар, эфир мойлари бор. Илдизмевасида  90% гача сув, шунингдек, қанд, бириктирувчи модда, унинг фитонцид ва бактерицид хусуиятларини белгиловчи олтингугуртли  моддалар, кислоталар,  натрий тузи, калий, кальций, магний, фосфор, темир, аминокислоталар ва бошқалар бор.

Турп ўзининг таркибига кўра қиш фаслида, баҳор бошланишида, халқимиз “илик узилди” деб атайдиган кунларда, организмда етишмаётган витаминлар ва минерал тузлар ўрнини тўлдиришда жуда фойдалидир.  У микробларга қарши куашувчан кучли хусусиятларга эга.

Шарбати ичак йўллари фаолиятининг тўғри юритилишига, сочларни мустаҳкамлашга истеъмол қилинади. Бу  сабзавот кишининг овқат ҳазм қилиш тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг истеъмоли атеросклерознинг, шишларнинг, ўт пуфаги ва пешоб йўлларида тош пайдо бўлишининг олдини олишда яхши фойда беради.  Халқ табобатида қирғичдан чиқарилган турпдан радикулитни даволашда фойдаланилади. Қирғичдан ўтказилган хом турп ва унинг шарбати иштаҳа очувчи, ўт пуфагини бўшатувчи энг яхши восита ва организмдаги ортиқча суюқликни чиқариб юборувчи табиий дори сифатида тавсия этилади. Аччиқликка мойил глюкозид ва хушбўй эфир мойлари мавжудлигидан турп ўзининг  хусусиятлари  билан пешоб йўлларидаги тош пайдо бўлиш касалликларида уларни эритиб, тушириб юборишдек мислсиз шифобахшликка эга.

Ўзининг фойдали шифобахш хусусиятлари билан турп иштаҳани, овқат ҳазм қилишни, организмда модда алмашинуви жараёнини яхшилайди, ошқозон соки ва ўт суюқлиги меъёрда ажралишига ёрдам беради.

Турп атеросклерозни даволашда ёрдам берувчи сабзавотдир. Халқ табобатида подаграда, буйракда тош пайдо бўлиш касалликларида турпни овқатга қўшиб истеъмол қилиш тавсия этилади. Турп пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Турпни асалга қўшиб йўтални, бронхитни, юқори нафас йўллари катарини даволашда истеъмол қилинади.  Шарбатини қовуқ, юрак, бронхлар, ревматизм касалликларида ичилади, шунингдек, бу шарбат балғам кўчирувчидир.

Турп ўт пайдо бўлишини кўпайтиради, овқат ҳазм қилиш безлари фаолиятини яхшилайди, ичаклар перистальтикаси(ошқозон ва ичакларнинг тўлқинсимон керилиш ёки сиқилиш ҳаракати)ни яхшилайди, антисклеротик хусусиятга эга. Унинг бу хусусиятлари иштаҳани очишда, ичаклар атонияси(мушак ва тўқималар фаолияти тонусининг пасайиши)ни даволашда, қабзиятда, холециститда ва ўт пуфагида пайдо бўлган тош касалликларини даволаш жараёнида фойда беради.

Турпнинг шифобахш хусусиятлари. Турп билан даволаш

Турп шарбатини сабзи ва лавлаги шарбати билан қўшиб истеъмол қилиш  — камқонлиликни даволашда яхши восита. Бунинг учун хом турп илдизмевасини майда тишли қирғичдан ўтказиш, чиқарилган шарбатига худди шу йўл билан олинган  сабзи ва лавлаги шарбатларидан тенг миқдорда қўшиш, сопол идишга солиб, 2-3 соат олдиндан қиздириб қўйилган духовкага қўйиш лозим. Бу аралашма шарбатни 1 ош қошиғидан кунига 3 маҳал, овқатланишдан 15-20 минут олдин ичилади. Бир курс муолажа - 2-3 ой.  Бундай аралашма шарбатни дори сифатида даволаниш учун ичиш қуйидаги ҳолларда мумкин эмас: ошқозон яраси, гиперацид гастрит, подагра  ва модда алмашинуви бузилиши билан боғлиқ бошқа касалликларда.

Турпнинг янги олинган шарбати бронхит, йўтал, жигар касалликлари, атеросклероз ва пешоб йўлларидаги тош касалликларини даволашда ( 1 ош қошиғидан кунига  3 маҳал) яхши натижа беради..

Шамоллаш билан боғлиқ касалликларда турп шарбатига асал қўшиб ичилади: турп мевасида чуқур ўйилади, асал билан тўлдирилади, устидан турп бўлагидан “қопқоқ”  билан беркитилади,  4 соат давомида иссиқ жойда тиндирилади, ҳосил бўлган шарбат идишга қуйиб олинади. 1 ош қошиғидан, болаларга 1 чой қошиғидан кунига 3 маҳал ичилади.

Балғам кўчирувчи восита сифатида – шарбатига асал қўшиб истеъмол қилинса, яхши натижа беради. Шарбати  ва бўтқасидан ревматизмда, радикулитда ва невритда компресс қилиб фойдаланилади.

Бир бош хом турпни юпқа бўлакларга бўлинади  (6-8 бўлак), ҳар бир бўлакка шакар сепиб қўйилади. Ҳосил бўлган ширин шарбатдан ҳар соатда бир ош қошиғидан ичилади.Қисқа муддатда болаларда энг оғир йўталлардан  ҳам  фориғ бўлишга сабаб бўлади. Турпнинг илдизмеваси бош мия ва юрак қон томир атеросклерозининг олдини олиш ва уни даволашда мислсиз муолажа воситасидир.  Муолажа давомида турп шарбати билан  олма шарбати қўшиб ичиш тавсия этилади.

Турпдан совуқ ингаляция учун ҳам фойдаланилади.  Илдизмеваси қирғичдан чиқарилиб, шиша банкага солиб, маҳкам ёпилади. Ярим соат ўтгач, муолажа бошланади, бунинг учун: шиша банка қопқоғини очиб, ундан 5-6 марта чуқур нафас олинади, нафасни бир оз вақт  ушлаб туриб сўнг чиқарилади. Бу муолажа кун давомида 6-8 марта такрорланади.

Турп бўғин касалликларида ва модда алмашинуви бузилишида ҳам даволаниш мақсадида истеъмол қилинади. Унингянги олинган шарбатини касал бўғимларга суртилади, радикулит, миозит ва невралгияда горчичник ўрнига ишлатилади. Қирғичдан чиқарилган турп ва шарбати компресс сифатида касалланган аъзоларга қўйилади.

1,5 стакан турп шарбати 1 стакан асалга, ярим ош қошиғида туз қўшиб яхшилаб аралаштирилади, тайёрланган аралашмали идишни ишлатишдан олдин яхшилаб силкитиб, касал аъзоларга суртилади ёки компресс сифатида ишлатилади, шунингдек, 1 ош қошиғидан кунига 3 маҳал ичилади.

Куч-қувват камайиб, ҳолсизлик ҳолати кузатилганида, турп ёрдамида 3 кунда қувватни тиклаб олиш мумкин, бунинг учун турпдан олинган янги шарбатни ҳар соатда 4 ош қошиғидан истеъмол қилиб, кетидан илиқ сув ичилади

Турп шарбати шамоллаш ва стоматологик касалликларда оғиз бўшлиғини чайиш учун ҳам ишлатилади.

Турп  пешоб ҳайдаш хусусиятига эга, шунинг учун уни қирғичдан ўтказиб,  баданда кучли шиш, қандли диабет ва пешоб йўллари шамоллаш касалликларида истеъмол қилиш тавсия этилади. 

Турпнинг шифобахш хусусиятлари

Турп кенг маънода шифобахш хусусиятларга эга бўлиб, қуйидаги касалликларни даволашда фойда ва ижобий натижа бериши мумкин:

Сариқ касаллиги: Турп жигар ва ошқозон касалликларини даволашда қўл келади. Чунки у ажойиб детоксикант қонни ажойиб равишда тозаловчи табиий восита. Унинг бу хусусиятлари сариқ касаллигини даволашда қўл келади, чунки у касалланган билирубин моддасини чиқариб юбориб, бундай янги соғлом моддани ишлаб чиқаришга омилдир.

Бавосирда: Турп қўпол тўқималарга бой, яъний бошқа сўз билан айтганда сингиши қийин, бадҳазм углеводларга бой. Унинг бу хусусияти овқат ҳазм қилишни енгиллаштиради, суюқликни организмда кўпроқ сақлаб туради, қабзиятни бартараф этади (бу бавосир  касаллиги келиб чиқишининг асосий сабаларидан бири), оқибатда касалликнинг кечишини  сезиларли енгиллаштиради. Детоксикация жараёнини қўллаб, бавосирдан  тез фориғ бўлишга ёрдам қилади. Турп шарбати инсон организмининг овқат ҳазм қилиш ва уни ажратиш системаларини тинчлантиради, бу эса, ўз навбатида бавосирни енгиллаштиради. 

Пешоб ва жинсий йўллар иллатларида: турп диуретик хусусиятга яъний пешоб ишлаб чиқаришни кўпайтириш хусусиятига эга. Турп шарбати шамоллашни даволайди ва пешоб чиқариш вақтидаги ачишишга барҳам беради. У буйракларни тозалайди ва буйраклар ҳамда пешоб йўлида инфекция тарқалишига қаршилик қилади. Шундай қилиб, турп пешоб чиқариш йўлларидаги иллатларни даволашда сезиларли ёрдам беради.

Тери касалликларида: турпда мавжуд бўлган витамин С, фосфор, цинк ва В группасига кирувчи баъзи витаминлар инсон териси учун жуда фойдали. Унда мавжуд бўлган сув тери учун зарур бўлган намликни сақлашга ёрдам беради. Қирғичдан чиқарилган турпдан қилинган маска юз терисини ажойиб равишда тозалаб, тиниқлаштиради. Ўзининг дезинфекцияловчи хусусиятлари сабабли турп  қуруқшаган, тошма тошган, ёрилган терини даволашда чиройли ёрдам беради, шунингдек юз териси ҳужайраларини янгилайди.

Буйраклар иллатларида: Диуретик хусусияти билан турп ажойиб тозаловчи ва дезинфекцияловчи восита сифатида кўпгина буйрак иллатларини даволашда ёрдам беради.

Унинг диуретик хусусиятлари буйракларда йиғилиб қолган токсинларни ювишда ёрдам беради. Турпнинг тозаловчи хусусиятлари қонда токсин моддалари тўпланишининг олдини олиб, шу йўл билан уларнинг буйракларда йиғилишини пасайтиради.

Унинг дезинфекцияловчи хусусияти буйракларни ҳар қандай  инфекцидан ҳимоя қилади. Шундай қилиб, турп буйракларнинг умумий саломатлик ҳолатига даволовчи таъсир кўрсатади.

Ҳашаротлар чаққанида: Турп шамоллашга қарши курашиш хусусиятларига эга, терининг қичишини тинчлантиради, шу сабабдан ҳашаротлар: ари, қовоғари, асалари в.б. чаққанида ундан фаол даволовчи восита сифатида фойдаланиш мумкин. Турп шарбати шунингдек оғриқни пасайтиради, шишни қайтаради ва ҳашарот чақишидан озорланган аъзони тинчлантиради.

Тана ҳарорати кўтарилиши: Турп тана ҳароратини пасайтиради, кўтарилган ҳарорат натижасида келиб чиққан шамоллашни олиб бартараф қилади. Бундай ҳолатда турп шарбатига бироз туз қўшиб ичиш фойда беради. Ажойиб дезинфекцияловчи восита сифатида турп шунингдек, ҳароратнинг кўтарилишига сабаб бўлувчи инфекцияларга қарши курашади.

Нафас йўллари касалликлари, бронхит ва астма: турп нафас олиш системасини (бурун, томоқ, ўпка) шамоллаш, инфекция ва аллергиядан келиб чиққан тиқилмалардан тозалайди. У инсон нафас олиш йўлларини  дезинфекциялайди ва ҳимоя қилади.

Турп истеъмоли тўғри келмайдиган ҳолатлар

Турп истеъмоли тўғри келмайдиган ҳолатлар – булар жигар  ва буйракларнинг ўткир шамоллаши, баъзи ошқозон касалликларида – масалан, гастритнинг гиперацид кўринишида, - ва ичакларда, агар бу шиллиқ парда шамоллаши билан боғлиқ бўлса,, шунингдек айрим юрак қон томир касалликларида – турп истеъмол қилиш мумкин эмас.

Қуйидаги ҳолларда турпни кўп миқдорда муолажа олиш мақсадида истеъмол қилиш мумкин эмас:

-  Ҳомиладорликда;

-  Ичак (йўғон ва ингичка) шамоллашида;

-  Ошқозон ва ўниккибармоқли ичак ярасида;

-  Жигар ва буйраклар (тош пайдо бўлган ҳолатдан ташқари) касалликларида;

-  Кислотаси юқори бўлган гастритда;

-  Яқинда инфарктни бошидан кечирган кишиларда турпни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш мумкин эмас..

 

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади.

15 декабрь 2022  йил

Read 4671 times

Мақолалар

Top