Ибратли ҳикоялар

Аёл илмли бўлиши керакми?

 “Аёл” сўзини эшитган кишининг танасини майин шабада силаб ўтгандек бўлади. Чунки инсон онасининг раҳмига ўтган кундан бошлабоқ аёл зотининг ҳимоясида бўлади ва унинг раҳм-шафқатига  таянган ҳолда ҳаёт кечиради.  Зотан, Аёл – мушфиқа онангиз, муштипар опа-синглингиз, севимли рафиқангиз, маъсума қизингиздир.

Аёлнинг яна бир фазилати – у инсоният наслининг давомчиси. Илло, пайғамбарлар, авлиёлар, подшоҳлар, олиму уламонинг ҳамма-ҳаммаси онаизорнинг бағрида вояга етган. Шунинг учун ҳам динимиз аёлни улуғлаб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Ибн Можа ривояти).  

Эр йигит тоғасига ўхшайди

Бир оз худбинликка йўғрилган одатларимиз ҳам йўқ эмас. Масалан, оилада ота ёки она боласининг яхши одатларини ўзига, ёмон қилиқларини қарши тарафга ўхшатади. Яна бизда бола отага ўхшаши ШАРТ, деган қатъий тушунча бор. Уни  отасига ўхшатишнинг иложи топилмаса, тоғасига ўхшатамиз. Буни ҳазил аралаштириб қиламиз-да, бўлмаса, боланинг характери онаси таъсирида шаклланишини билмаймизми! “Эр йигит тоғасига ўхшайди” деб уни онаси тарафга ўхшатишимиз ҳам ана шуни эътирофимиз белгиси ўзи. Ҳатто халқимиз даҳоси яратган мақолларнинг бирида “Отаси тентакнинг биттаси тентак, онаси тентакнинг ҳаммаси тентак”, дейилган.

Яқинда ўтказилган тадқиқотлар ҳам боланинг интеллекти онасидан ўтишини тасдиқлади.

Буюк Британиянинг Глазго университети яқинда кўп йиллик тадқиқот натижасини эълон қилди. Бу – мусулмонлар ўн тўрт асрдан бери биладиган оддий ҳақиқат бўлиб чиқди. 

Илмий тадқиқот натижаси кўрсатишича, инсоннинг интеллекти, асосан, отадан эмас, она генидан ўтар экан. Бундан айнан эркак киши ўзига ақлли жуфт қидириши кераклиги келиб чиқади. Аёлларга эса “Нобель мукофоти” совриндорларини қидириб юришнинг ҳожати йўқ.

Ҳамма гап ирсиятда экани аён бўлди. Ақлий салоҳият учун жавобгар бўлган Х-хромосома эркакларда битта, аёлларда иккита. Бола манбани ўша хромосомадан олади. Қиз бола Х-хромосома бўйича отасининг ҳам, онасининг ҳам ирсий хусусиятларини олади, ўғил бола эса Х-хромосомани фақат онасидан олади. Кейинги тадқиқотлар ана шу “ақлли” генлар танланиб олиб, қолганлари ўчириб ташланишини ўрганди. Бунда зарар кўрувчиларнинг аксари ота генлари бўлар экан.

Сичқонларда ўтказилган тажрибаларда аёл генларнинг катта қисми мияга қараб югуриши аён бўлди, танаси заифроқ сичқонлар уларнинг энг ақллилари эди. Отадан ўтган генлар таъсиридаги сичқончалар жисмонан кучли бўлса-да, уларнинг миясининг ҳажми кичкина бўлиб, ақлий фаолияти ҳам бирмунча суст бўлган. 

Неча фоиз интеллект ген орқали ўтади?

Олимлар миядаги ота ва она генларнинг тўқималарга қандай бўлинишини ўрганишда давом этдилар. Бунинг муҳимлиги шунда эдики, миянинг турли қисми турли функцияларга жавоб беради. Шундай қилиб, унчалик фаол бўлмаган ота ген, асосан, жинсий функция ва озиқ-овқатга нисбатан тажовузкорликни афзал биладиган қадимги миянгиз  тизимида қолган. Хотирада кучли сақлаб қолиш қобилияти, фикрлаш, нутқ, фаолиятни режалаштириш ва  мураккаб хулқий дастурларни яратишга жавобгар бўлган она ген тўқималари эса қобиқ ҳосил қилиб, ярим шар қиёфасини олган.  

Аммо, улар сичқонлар-ку! дейишингиз мумкин. Бироқ тадқиқотлар (албатта, кўпроқ билвосита) натижаси инсонларда ҳам тасдиғини топди. Глазго университети олимлари ушбу тадқиқотни 1994 йилда 13 мингдан ортиқ 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган ёшлар устида ўтказди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳатто барча омилларни – маълумотлиликдан тортиб ижтимоий-иқтисодий омилларгача – уларнинг интеллектуал ривожланиши даражасини она IQга қараб туриб аниқ айтиб бериш жуда ҳам осон иш экан.

Лекин илмга чуқурроқ кирилса, интеллект 100 фоиз генга боғлиқ эмаслиги кўзга ташланади. Ақлий салоҳият наслдан наслга 50 фоиз (40 дан 60 фоизгача) ўтади. Қолган ҳаммаси шахсда ташқи шароитлар таъсирларида ўсиб боради.

Барибир, онанинг ўрни бўлак 

Ҳатто замонавий жамиятда ҳам боланинг ақлий ривожланишида онанинг юқори роль ўйнаши сезилиб туради. Эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги энг баланд чўққига чиққан Швеция ва Норвегия давлатларида оилада бола туғилиши муносабати билан қонун талабига кўра эркак уч ойлик таътил олиб бола тарбияси билан шуғулланиши керак. Ана шу шароитда ҳам тарбиянинг энг муҳим жиҳатлари онада қолаётир.  

Она ва боланинг яқин ҳиссий алоқаси бола миясининг айрим қисмлари яхши ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бир неча гуруҳ оналар ва 7 ёшгача бўлган болалар таҳлил қилиб кўрилганда онасидан ижобий ҳиссиётни ва интеллектуал қўллаб-қувватлашни олган бола миясидаги гиппокампа яхши ривожлангани (ўртача ўн фоиз катталиги) аниқланди. Миянинг ана шу қисми хотира, таълим ва сиқилишларга иродали бўлишга жавобгар саналади. Она билан кучли боғлиқлик болага ўзини хавфсиз сезишга ва атрофдаги оламни эркин кузатишга шароит яратади. Унга машаққатларни енгиб ўтишга ва ўзининг салоҳиятини амалга оширишга айнан онаси ёрдам беради.

Албатта, отанинг ролини, гарчанд, у боланинг ақлий салоҳиятига тўғридан тўғри таъсир кўрсатмаса-да, билвосита таъсири аҳамиятини ҳам ҳеч нарсага алиштириб бўлмайди. Зеро, она-боланинг барча таъминоти эркакнинг зиммасида. Шунинг учун аёл уйда хотиржам ўтириб бола тарбияси билан машғул бўлади. Аёл киши қанчалик ақлли ва маълумотли бўлса ҳам, у бир вақтнинг ўзида ишлаб пул топиш ва боласини кўнгилдагидек тарбиялашга улгура олмайди. Ота эса уйни сақлаш ва оилани таъминлашнинг кафолати вазифасини ўтайди.

Бандаларнинг яхшиси...”

Шу тариқа, янги илмий тадқиқот мусулмонларга азалдан маълум бўлган ҳақиқатни тасдиқлади. Демак, жуфтни танлашда аёлнинг маълумотли экани жуда ҳам муҳим. Чунки боланинг камида 7 ёшига қадар асосий таълим ва тарбия берувчиси онаси бўлади. отанинг ролининг муҳимлиги идеал аёлни танлаш билан ниҳоясига етмайди, у оила таъминотини мукаммал қилмоғи лозим. Ана шунда унинг болаларининг  онаси озиқ-овқат, кийим-кечак топиш  мақсадида югуриб-елиб бир неча жойда ишлаб юрмасдан бола тарбияси билан машғул бўлади. Оилага ғамхўрлик қилиш борасида кўплаб оят ва ҳадисларда жиддий кўрсатмалар берилган. Хусусан, мана бу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида бандаларни энг яхшиси ўз аҳли аёлига фойдаси кўпроқ  тегадиган кишидир”,  деб марҳамат қилганлар (Аҳмад ривояти) .

Тарихий тараққиёт асосчилари ким бўлган?

Илмли, маърифатли аёлнинг фазилати кўплиги тарихда кўп бора исботини топган. Бир ёдга олинг. Ислом дини кириб келишидан олдин нима бўлган эди? Аёлларнинг жамиятдаги ўрни йўқ эди, ҳатто арабларда кичкина қизлар тириклай кўмиб юборилар. Қабила бошлиқлари, бадавлат кимсалар юзлаб хотин олар, уларга подага муносабатда бўлгандек муомала қилар эди. Чунки у бечоралар ҳеч қандай илм ўргатилмаган, маърифатдан бебаҳра қолган росмана пода бўлиб қолган эди... ана шуларнинг таъсирида араблар буткул жоҳилият ботқоғига ботиб кетган эди.

Ислом дини аёлларни ҳурликка чиқарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига илм олиш эркак ва аёл учун фарзи айн эканини ўргатдилар.  Шу туфайли кўплаб аёллар жуда ҳам яхши таълим олди ва ўзларининг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш имконига эга бўлди. Маълумотли оналарнинг илми, маърифати улар ўстирган фарзандлар сиймосида намоён бўлди. Айнан шу даврда мусулмонларнинг шиддатли равишда илмий ихтиролар қилишига ва мусулмон олимларининг бутун бошли жамияти юзага келишига шароит яралди.

Ислом илмининг сўниши ҳам аёлнинг оиладаги роли унинг эри ва оиласининг оддий хизматкорига айланиб қолганидан сўнг бошланди (аслида бу исломдан бурунги анъана эди). Шунингдек, аёлларга таълим олиш босқичма-босқич тақиқлаб борилганидан кейин  ислом давлатларининг илмий тараққиёти инқирозга юз тута бошлади ва ислом илми ҳам сўнди. Мусулмон олами ҳали ҳам қутула олмаётган варварлик ботқоғига ботиб кетди.

Аёлни “одам” деса бўладими?

Европанинг ҳам неча асрлар жаҳолат ботқоғига ботиб, қашшоқлик балосидан қутула олмаганининг сабаби –  уларнинг ҳам аёлни одам ўрнида кўрмагани, аёл шайтон билан шартнома тузган зарарли мавжудот деган фикрни онгига жойлаб олгани, ҳатто аёл ўзи одамми, одам эмасми? деган масалада бир тўхтамга кела олмагани эди.

Григорий Турский “Франклар тарихи” асарида ёзишича (VIII китоб,  20-боб), Ўрта асрларда черковда айни шу масалага бағишланган катта йиғилиш бўлиб ўтган. Ўша анжуман иштирокчиларидан бири аёлларга нисбатан homo (лот. «одам») сўзини ишлатиш мумкинми ёки йўқми? деган саволни қўяди. Аммо бу савол диний ёки антропологияга эмас, тилшуносликка оид эди. Гап шундаки, ўша замонларда шаклланган роман тилларида homo (homme, uomo) сўзи «эркак»ка нисбатан қўлланган. Бу саволга ўша вақтда ижобий жавоб берилган. Лекин шу воқеа сабаб бўлиб Макон черковида аёлнинг одам ёки одам эмаслиги муҳокама қилинибди, деган афсона тарқалиб кетган. (Аслида “одам” сўзини бошқа динларда ҳам аёлга нисбатан қўллаш унчалик тўғри эмас. Негаки, бу сўз Одам алайҳиссаломнинг исми бўлгани боис эркакларга дахлдор бўлади – Д.Ж.) Бу масала жамиятда, ҳатто бадиий адабиётда ҳам кенг муҳокама қилинган ва кейинчалик қарама-қарши фикрлар ҳам илгари сурилган. Масалан, лотин адабиётида “Аёл одам эмас”  (Франкфурт, 1690) ва немисларнинг «Аёлнинг одам авлоди эмаслигига доир қизиқарли далил» (Лейпциг, 1753) ва шунга ўхшаш китобларнинг баъзилари аёлни одам деган бўлса, бошқалари бу фикрни инкор қилган.  

Ана шундай қарашлар ва черков ташкилотларининг аёлларни ибодатларда фаол иштирок этишдан қайтариши (лот. in ecclesia mulier tacet) аёллар тақдирига салбий таъсир кўрсатди. XI-XII юзйилликда аёл ялмоғиз деган якуний хулосага келинди, аёл шайтон билан иттифоқ тузган деб топилди. Ана шу хулоса натижасида жодугарликда айбланиб юзлаб аёллар ёқиб юборилди.

Хуллас, Европада ҳам Уйғониш даври аёллар илм билан шуғуллана бошлагани шарофати билан бошланди. Аммо муслималардан фарқли ўлароқ насроний аёллар ўзларининг мактабларини очиб ўғил ва қиз болаларга таълим берган. Улар: Нивеллада Гертруда, Шелледа Бертилла, Мобежеда Альдегонда, Параклетеда Элоиза кабилар эди. Олима аёлларнинг аксари мумтоз мамлакат Италияда эди. XIII асрга келиб Биттизия Гоццадини Болония университетида Рим ҳуқуқшунослигидан маъруза ўқиган...

Ҳосили калом, Европа давлатлари ислом олимлари илми ва тажрибаларидан муваффақиятли фойдаланиб дунё лидерларига айланиб олди.

Япон мўъжизасини ким яратди?

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг талон-тарож бўлиб қашшоқ мамлакатга айланиб қолган Япония кўз очиб юмгунча ривожланган давлатларни ҳам ортда қолдириб кетди. Бунинг сабаби оддий. У японларнинг: “Бизга маълумотли оналарни беринг, биз сизга мамлакатни юксалтириб берамиз!” дегани шиори эди. Амалда худди шундай бўлди ҳам.  

Бой берилган имкониятлар қайта тикланмоқда

Демак, ислом оламининг шиддатли  тараққиёти замирида аёлларнинг маълумотлилиги турган.

Ҳозирги вақтда ана шу йўқотиш ўрни секин-асталик билан тўлдирилмоқда. Айниқса, бизнинг Ўзбекистонимизда бир неча илмий, маданий марказлар, олий ўқув юртлари очилаётгани фикримизни тасдиқлайди. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, орадан бир неча ўн йил ўтиб мусулмонлар яна илмда ҳаммадан илгарилаб кетади ва ўша илмнинг маркази ЎЗБЕКИСТОН бўлади.

Жажжи тадқиқот: таҳририятимиздаги уйланмаган йигитлардан “Маълумотли қизга уйланган яхшими ёки маълумотсиз қизга”, деб сўраб кўрдик. Улар: “ўқигани яхши-да”, дейишди. Бошқа ёшларнинг фикри турлича: баъзилари илмлиси маъқул, деса; баъзилари ўқимагани яхши ювошгина бўлиб, айтганингга кўниб яшайди, дейди. Яна бир тоифанинг айтишича, баъзи қизлар олий ўқув юртларида ўқимаса ҳам табиатан зийрак бўлиб, кўрган-ўқиган нарсаларини тез ўзлаштириб олади. Бола тарбияси нуқтаи назаридан уларни маълумотсизлар сирасига киритиб бўлмайди. Айрим қизлар эса олий даргоҳларда ўқиса ҳам фаҳми тез эмас. Бола тарбияси жиҳатидан уларни маълумотлилар сирасига киритиб  бўлмайди...

Бу хусусда Сиз нима дейсиз?..

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 7826 times

Мақолалар

Top