Мақолалар

Бидъат ишлар ўрнак бўлмайди!

Касб тақозоси билан элнинг иссиқ-совуғида хизматда бўламиз. Элчилик, баъзан тўй-ҳашам, баъзида жаноза бўлиб туради. Шундай пайтларда одамларимиз динимизга алоқаси бўлмаган анча-мунча удумларни қилишга уринишади. Чунки халқ орасида “кўпдан қолма” деган тушунча шаклланган. “Ҳамма шундай қилади”, “Урф шунақа”, “Кўп қатори биз ҳам...” деган гаплар тез-тез айтилади. Аммо ҳар ишда оммага эргашиш доим ҳам тўғри бўлавермаслиги ҳақида бот-бот такрорласак ё кишиларни Аллоҳ таоло амр қилган ибодатларга чорласак-да, афсус, “кўпчилик намоз ўқимайди, ҳамма аёллар ҳам рўмол ўрамайди ёки ҳамма диндор эмас. У дунёда мен ҳам ўшалар қатори ҳисобимни берарман”, қабилида хато фикрлайдиганлар топилади.

Хўш, ҳар ишда кўпчиликка эргашиш қанчалик тўғри? Бунга динимиз уламолари умумий қилиб бундай жавоб беришган: “Хато ва бидъат ишлар ўрнак бўлолмайди. Гарчи уларни кўпчилик қилаётган бўлса-да, янглиш тўғри бўлиб қолмайди. Шунингдек, тўғри ва яхши амаллар доим кўпчилик билан бўлмайди. Яъни, кўплар тўғри йўлни билмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳақида Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони каримдан қуйидаги оятларни келтириш ўринли: 

“Ер (юзи)даги кўп кишилар (сўзи)га итоат қиладиган бўлсангиз, Сизни Аллоҳ йўлидан янглиштирадилар” (Анъом сураси, 116-оят); “...одамларнинг аксарияти оятларимиздан ғофилдирлар” (Юнус сураси, 92-оят); “Уларнинг аксарияти фақат гумон ортидан эргашадилар” (Юнус сураси, 36-оят); “Уларнинг кўплари ёлғончилардир” (Шуаро сураси, 223-оят); “...сизларнинг кўпларингиз ҳақиқатни ёмон кўрувчидирсиз” (Зухруф сураси, 78-оят); “Энг тўғри дин шу (ислом)дир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар” (Рум сураси, 30-оят)...

Тарихга назар ташласак, Нуҳ алайҳиссаломга эргашиб, кемасига чиқиб қутилганлар, кемага чиқмай ҳалок бўлганларга қараганда жуда оз эди (Ҳуд сураси, 40-оят). Демак, имон келтириб, тўғри ва солиҳ амал қилувчиларгина нажот топади. Фурсат эса кутиб турмайди.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши туманидаги

“Чим” жоме-масжиди имом-хатиби

Read 1219 times

Мақолалар

Top