Мақолалар

Ўзини бошқалардан устун қўйиш – 17 қисм

Ўз билими билан фахрланиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш ва ҳамма нарсада биринчилардан бўлишга интилиш ҳам руҳий касалликдир.

 
Муолажа услуби

Ушбу касалликни Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазлини тафаккур қилиш орқали даволаш керак. Чунки илм ва юксак мартаба Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган неъматларидир.

Яна шуни унутмаслик керакки, банда Аллоҳ таолога тўлиқ шукр қила олмайди, доимо бирор камчиликка йўл қўяди.

Инсон хулқини камтарлик билан безаши, ҳамиша одамларга тавозели, хушмуомала ва раҳм-шафқатли бўлиши лозим. Инсонларни ҳақорат қилишдан тийилиши, балки уларнинг яхши фазилат ва хайрли ишлари учун ташаккур айтиши, камчиликларига кўз юмиб, уларга тўғри насиҳатлар қилиши керак.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илмни уламолар билан можаро қилиш, эсипастларга ғолиб келиш ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).

Уламолардан бири айтади: “Банданинг илми кўпайган сари унинг Роббидан бўлган қўрқуви ҳам ортиб боради. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир сураси, 28-оят) деб марҳамат қилган”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Илм – гапнинг кўплигида эмас, балки Аллоҳдан қўрқишнинг кўплигидадир”, деганлар.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ буюрган нарсага қизиққан, Аллоҳ қайтарган нарсадан қочган одамдир”, дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилдилар.

Бир киши Шаъбий раҳимаҳуллоҳдан “Ҳақиқий олим ким?" деб сўради. Бунга: “Олим – Аллоҳдан қўрққан киши”, деб жавоб берди.

Абу Абдурраҳмон ас-Суламий бошқа бир асарида бундай ёзади: “Дунё ҳаётига икки нарса хосдир: бошқалар олдида мақтаниш ва мансабга эга бўлишга харислик. Бу икки иллат кимда бўлса, ўткинчи дунёга эгалик қилади”.

Абу Усмон раҳимаҳуллоҳ мақтаниш ва мансабга ҳавас қилиш касаллигини таърифлар экан бундай дейди: “Аллоҳдан қўрқсангиз Унга яқинлашасиз. Агар мағрур ва мақтанчоқ бўлсангиз, Аллоҳ билан муносабатларингиз бузилади. Билиб қўйингки! Агар сиз одамларни камситиб, ўзингизни бошқалардан устун деб билсангиз нафсингиз бедаво касалликка учраши мумкин”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

Read 1492 times

Мақолалар

Top