Мақолалар

Беҳудага кўп гапириш одати – 18 қисм

Бекорчи ва беҳуда сўзларни гапириш ҳам нафс касаллигидир. Кўп гапиришга: нотиқлиги билан одамларнинг эътиборини жалб қилиш ёки сўзлашилаётган масалада билимга эга бўлмаслик сабаб бўлади.

 Муолажа услуби

Ушбу ёмон одатдан халос бўлишнинг йўли – ҳар бир айтилган сўз учун Қиёмат куни Аллоҳ олдида жавоб беришни унутмаслик лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар” (Инфитор сураси, 10-12-оятлар).

“Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 17-18-оятлар).

Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тилни тийиш ҳамда беҳуда гап-сўзлардан узоқ бўлиш ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амрдан қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жим турган, нажот топибди”, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ҳар бир сўз инсон зарарига, фақатгина амри-маъруф ва наҳйи-мункар ҳамда Аллоҳнинг зикри бундан мустасно” деган маънодаги ҳадис ҳам ривоят қилинган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо сураси, 114-оят).

Келинг, бу бобни Бишр ал-Хофий раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзлари билан якунлайлик: “Сўзлашни ёқтириб турган вақтингда жим бўл, сукут сақла! Аммо гапиришни истамай, жим бўлишни хоҳлаб турганингда эса, сўзла (нафсингга зид иш қил)”.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 1705 times

Мақолалар

Top