Мақолалар

Хурмо ва сув билан оғиз очиш

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизлардан кимки ифторлик қилса, хурмо билан оғиз очсин, чунки у баракадир. Агар хурмо топа олмаса, сув билан (очсин), зеро сув ўта пок ва тозадир” (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига хурмонинг фазилатлари ҳақида хабар бермоқдалар, яъни хурмо, аввало хуштаъм бўлиб, ҳар қандай одам учун севимли озуқадир. У мия фаолиятини яхшилаб, кишига кўп миқдорда қувват бағишлайди. Сув эса, меъда сустлигининг олдини олади, иштаҳани очади ва кишининг соғлигини тиклаб, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди

 нас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Абу Яълонинг ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч дона хурмо ёки олов тегмаган бирон нарса билан оғиз очишни яхши кўрар эдилар.

“Олов тегмаган нарса” – оловда пиширилмаган ёки сувда қайнатилмаган маъноларини беради.

Оғиз очишда бирдан овқат ёки шунга ўхшаш нарсалардан эмас, балки мева (хурмо, анжир, олма, узум...) ёки сув билан очилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу инсон саломатлиги учун ҳам муҳим ҳисобланади.

Демак, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилиб, агар имкони бўлса хурмо, бўлмаса, сув билан оғиз очсак, ҳам соғлиғимизни тиклаган ва ҳам кўплаб ажр-савобга эришган бўламиз.

 
Одилхон қори Юнусхон ўғли

Read 1973 times

Мақолалар

Top