Мақолалар

Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл

Яқинда пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг 2016-2017 йилларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги якунлари сарҳисоб қилинди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон томонидан ИҲТ фаолияти ва кун тартибини бойитган қатор тадбирлар ташкил этилди, тегишли чора-тадбирлар кўрилди.
Айтиш жоизки, ташкилот раҳбарияти ва аъзолари мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини юксак баҳоламоқда.
Муштарак мақсадлар йўлида
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан сўнг аъзолари сони бўйича иккинчи йирик халқаро тузилма бўлиб, унга дунёнинг 57 давлати қамраб олинган. Ушбу мамлакатлар нафақат диний, балки дунёвий давлат тузилишига эга. ИҲТ мусулмон оламининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларини ҳал қилишда аъзо-мамлакатлар салоҳиятини бирлаштиришни мақсад қилган нуфузли форумдир.
Ўзбекистоннинг мазкур тузилмага аъзо бўлганига йигирма йилдан ошди. Ушбу ташкилот билан барқарор равишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Томонлар халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан муштарак нуқтаи назарга эга. Жумладан, ИҲТ Ўзбекистоннинг афғон можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш таклифи ҳамда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни барпо этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги тарихий ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти — ISESCO (БМТнинг ЮНЕСКО тузилмасига ўхшаш) томонидан Тошкент шаҳри 2007 йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди.
2016-2017 йилларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик ҳуқуқи берилган Ўзбекистоннинг ИҲТ билан муносабатларида муҳим қадам қўйилди. Республикамиз ислом дунёсида юқори нуфузга эга бўлиб, сўнгги йилларда халқаро ташкилотлар тизимида ҳам мавқеи мустаҳкамланиб бормоқда.

Аниқ саъй-ҳаракатлар
Ўзбекистон раисликни 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ўзбекистоннинг раислиги даврида амалга оширилиши кўзда тутилган устувор мақсадларни илгари сурди. Президентимизнинг Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича ташаббуси қизғин муҳокамага сабаб бўлди ва барча мусулмон мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда ташкилотнинг махсус резолюцияси қабул қилинди.
Самарқандда бундай марказнинг барпо этилиши мантиқий жиҳатдан тўғридир. Ислом оламида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари тўпламининг ишончли манбаи деб эътироф этилган “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари барча муҳаддислар устози, дея таъриф бериладиган Имом Бухорийнинг кўп йиллик фидокорона изланишлари самарасидир. Ўн икки асрдирки, ушбу асар аҳамиятига кўра, муқаддас Қуръондан кейин ислом дини ҳақидаги иккинчи ишончли ёзма манба ҳисобланади. Нафақат юртимиз, балки бошқа мамлакатлардан ҳам минглаб, миллионлаб мусулмонлар бу табаррук зот туғилган Бухорои шарифга бориш ва унинг Самарқанддаги қабрини зиёрат қилишга интилиши бежиз эмас, албатта. Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Урганч шаҳарлари мусулмон оламида ислом илми ва маънавий қадриятлар маркази сифатида маълуму машҳур. Бу шаҳарларда маърифий ислом равнақига бебаҳо ҳисса қўшган илмий мактаблар анъаналари шаклланган.
Ўзбекистон Бурҳониддин Марғиноний, Исо Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний сингари қомусий олимлар ватанидир. Уларнинг номи нафақат ислом, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихига олтин ҳарфлар билан битилган. Улар ижод қилган давр бежиз -“Исломнинг олтин асри” — ислом ренессанси, деб аталмайди.
Ислом — тинчликпарвар ва бағрикенг дин. Аммо дунёнинг айрим нуқталарида уни зўравонлик ва террор билан боғлашади. Бундай қарашга ислом ҳақида етарли билимга эга эмаслик асосий сабабдир. Маърифий исломнинг чинакам қадриятларини нафақат мусулмон оламида, балки халқаро ҳамжамиятда кенг тарғиб қилиш янги ташкил қилинган марказнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, ёшларнинг диний экстремизм ва терроризм таъсирига тушиб қолишига йўл қўймасдан, ёш авлод вакилларида бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил май ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар билан учрашди. ИТБ раҳбари ислом динининг асл қадриятларини тиклаш ва кенг тарғиб қилиш бўйича Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади. Ўзбекистон билан Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил қилиш бўйича Англашув меморандуми имзолангани ҳақида фикр юритар экан, Бандар Ҳажар “Ислом тараққиёт банки — бу Ўзбекистоннинг банки”, деб айтдилар. Бу сўзлар бутун ислом уммати, ислом жамоатчилигининг Имом Бухорий юртига, унинг авлодларига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми ифодаси, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Бундан ташқари, Тошкент ислом университетида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) махсус кафедраси ташкил этилаяпти. Мусулмон оламида таълим, фан ва маданият тарихи ҳамда бугунги замонавий ҳолатни ўрганиш, бу соҳада кадрлар тайёрлаш мазкур муассаса фаолиятининг асосий йўналиши саналади.
Ўтган давр мобайнида Бухоро вилоятидаги Мир Араб мадрасасига олий диний таълим муассасаси мақоми берилди ҳамда пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази ташкил қилинди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 15 июнь куни бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзуидаги анжуманда “Халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида биз азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини барпо этишга қарор қилдик. Нега деганда, “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида мана шундай марказни ташкил этишни бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда”, деган эди. Шу маънода, Президентимиз бу ерда юртимиздан етишиб чиққан буюк ислом олимлари, аллома ва мутафаккирлар жаҳон маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган улуғ шоир ва адиблар, рассом ва хаттотларга оид бой маълумотларни мужассам этиш кўзда тутилаётганини қайд этди.

Халқимизга тинчлик-омонлик керак
Ўзбекистон ИҲТга раислигининг илк кунларидан “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиорини илгари сурди. БМТ аксилтеррор марказининг охирги тадқиқотларига кўра, террористик гуруҳлар ўз сафларига кўпроқ ёшларни жалб қилишга интилишади. Дунёда 18 — 24 ёшдаги йигит-қизлар бир миллиард 800 миллион нафардан ортиқни ташкил қилади. Мазкур марказ раҳбари жаноб Ж. Ханнинг таъкидлашича, ёшлар интернет орқали радикал ғоялар таъсирига тушиб қолади ҳамда ўз уйини ташлаб, -террорчилик авж олган ҳудудларга отланишга қарор қилади.
Дунё ҳамжамиятида, асосан, терроризмга қарши курашиш кун тартибидаги долзарб масала бўлиб, радикал ғоялар тарқалишининг олдини олиш эътибордан четда қолаётган эди. Агар жаҳон аҳолисининг 50 фоизи интернетдан фойдаланишини ҳамда уларнинг
80 фоизи ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларга ишонишини инобатга оладиган бўлсак, интернет ёшлар онгини манипуляция қилиш учун қулай маконга айлангани ойдинлашади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисидаги нутқида ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг турли террористик ва радикал тузилмалар фаолиятига қўшилиб қолишининг олдини олиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди. “Бу масала ёшларда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтириш, барча жамиятларда ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ҳамда қабул қилиш, дунёнинг барча халқларига ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш учун муҳимдир”, деди давлатимиз раҳбари. Президентимиз даврнинг ушбу ўткир муаммосини Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона cаммитида, имом-хатиблар ва Ўзбекистон ёшлари билан учрашувларда ҳам илгари сурди.
Глобаллашув шароитида барча давлатларда диний экстремизм ва терроризм таҳдидининг янги шакл-шамойиллари чиндан ҳам хавотир уйғотмоқда. Шу маънода айтганда, Ўзбекистоннинг “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” ғояси жуда кўплаб мамлакатлар раҳбарлари томонидан ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш масалаларига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш мақсадида ўз вақтида ҳамда долзарб аҳамиятга эга бўлган таклиф сифатида эътироф этилмоқда.
Жумладан, араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд экстремизмга қарши курашишда мўътадиллик ва тоқатлилик тамойилларини тарқатиш муҳимлигини қайд этди. Бу давлатимиз раҳбарининг ушбу масала юзасидан фикрлари билан уйғундир. Қайд этиш керакки, саммитда АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам ўзининг конструктив таклифларини билдирди. “Биз терроризм ва экстремизмга қарши муросасиз кураш олиб борамиз. Биз диний эътиқодимиздан қатъи назар, ушбу йўлда бирлашмоғимиз керак”, деди у.
Бундан ташқари, саммит якунлари бўйича Саудия Арабистони пойтахтида Экстремистик ғояларга қарши глобал марказ тузиш бўйича қарор қабул қилинди. Ўзбекистон уни тўла қўллаб-қувватлади.

Мафкурадан холи
Маълумки, ислом олами улкан иқтисодий, инсон ва инвестиция салоҳиятига эга. Улардан оқилона фойдаланиш, ИҲТга аъзо-давлатлар ўртасида халқаро савдо-иқтисодий, молиявий ҳамкорликни кенгайтириш юқори суръатли иқтисодий ривожланишга хизмат қилади.
Бугунги кунда мусулмон олами аҳолиси бир миллиард олти юз миллион кишини ташкил этади. Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиё мамлакатлари учун беш йиллик дастур қабул қилинди. Унда, жумладан, Осиё тараққиёт банки томонидан минтақа мамлакатлари транспорт, энергетика тизимларини кенгайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ўзаро савдони ривожлантиришни молиявий-техник қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Ушбу дастурнинг умумий қиймати 6 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Эзгу ишлар давом этаверади
Диний экстремизмга, терроризмга қарши курашиш, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик камарини яратиш, мамлакатда эса фуқаролар бирдамлигини, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, маърифий ислом равнақи учун шароитлар яратиш давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари саналади. Улар яқин беш йилликка мўлжалланган дастуриламал ҳужжат — Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган.
Ҳаракатлар стратегияси ИҲТ Бош котиби ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимиз эришаётган ютуқларни халқаро ҳамжамият тан олаётганини таъкидлаш жоиз. Натижада Ўзбекистоннинг дунёдаги нуфузи ошмоқда, юртимизнинг имижи мустаҳкамланмоқда. Бу эса минтақавий хавфсизлик, тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим роль ўйнаяпти. Мамлакатимизнинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги давридаги амалий тадбирлар самарасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори А. Саидов ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмитасига сайланди.
Жорий йилнинг 10-11 июль кунлари Абиджан шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 44-сессиясида Ўзбекистон ўз раислигини расман Кот-д‘Ивуарга топширди.


Шубҳасизки, стратегик мақсадларга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар кўлами янада кенгайиб бораверади.
Ўткир ҚОДИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
бош илмий ходими.

 

Read 5161 times

Мақолалар

Top