Мақолалар

Бу дунёдаги жаннат боғи қаерда?

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон жаннат боғларининг ёнидан ўтсангиз ундан ҳузурланинг”, дедилар. Мен: “Жаннат боғлари нимадир?” дедим. У зот алайҳиссалом: “Зикр ҳалқалари”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Зикр сўзи луғатда “эслаш, ёд этиш, тилга олиш, баён қилиш” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда Аллоҳ таолонинг номини тилга олиб ёдлаш, мақташ, эслаш, сўзлаш “зикр” деб аталади.

Зикр ҳам ибодатнинг бир тури, бандани ўз Роббига яқинлаштирувчи воситадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг қаломи Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб сураси 41-42 оят); Анкабут сурасининг 45-оятида: “Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур”; Бақара сурасининг 152-оятида эса: “Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!”, дейилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига икки аъробий келди. Улардан бири: “Ё Расулуллоҳ, энг яхши одам ким?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса, ўша”, дедилар.

Иккинчиси эса: “Ё Аллоҳнинг Расули, Исломнинг таклифлари кўпайди. Менга бир ишни амр қилингки, уни маҳкам тутай”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри ила ҳўл бўлсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш мўмин бандани олий мақомларга эриштиради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббингиз: “Модомики, бандамнинг лаблари Мени эикр этиб қимирлар экан, Мен у билан биргаман” дейди”, деганлар.

Зикрнинг фазилатлари:

  1. Аллоҳ таолога яқинлаштиради;
  2. шайтонни қувади;
  3. қалбдан ғам-қайғуни кетказади,
  4. қувонч, хотиржамлик, кенглик бахш этади;
  5. вужудга ва юракка қувват беради;
  6. юзни, қалбни нурлантиради;
  7. ризқни кенгайтиради;
  8. инсон сиймосини ҳайбатли, ёқимли қилади;
  9. илоҳий муҳаббатга сазовор этади;
  10. Аллоҳ таолодан қўрқувни орттиради;
  11. Аллоҳ таолонинг ҳам зокир бандасини эслашига васила бўлади;
  12. қалбни ғафлатдан уйғотади, гуноҳнинг кирларидан тозалайди, жилолантиради;
  13. сакинат ва раҳмат ёғилишига, зокирни фаришталар қуршашига сабаб бўлади;
  14. тилни ғийбат, чақимчилик, ёлғон, фаҳш ва бекорчи сўзлардан сақлайди;
  15. қиёмат кунида бандани пушаймонликдан қутқаради;
  16. зикр ибодатларнинг энг устуни, афзали бўлиш билан бирга, энг осони ҳамдир;
  17. Аллоҳ таолони зикр этишда давомлилик билан банда дунё ва охиратда Аллоҳни унутиш сабабли келадиган бадбахтликдан омон бўлади.
  18. Зикрдан бошқа ҳар вақт ва ҳар жойда қилинадиган бошқа ибодат йўқ;
  19. зикр шукрнинг бошидир;
  20. қалб қаттиқлигини кетказади;
  21. Аллоҳнинг изни ила неъматларни чақиради, азобларни даф этади;
  22. Аллоҳ таоло фаришталарга зокир бандалари билан мақтанади;
  23. давомли зикр қайтариш нафл ибодат ўрнига ўтади;
  24. бошқа ибодатларга катта ёрдамчи бўлади;
  25. қалбдан барча дунёвий қўрқувларни кетказади;
  26. олдинроқ қилишга тоқати етмаган ишларни бажариши учун бандага куч беради;
  27. зокирнинг содиқлар билан бирга тирилишига умид қилинади;
  28. банда билан жаҳаннам ўртасида девор бўлади;
  29. қийинни осонлаштиради, фақирни бой қилади;
  30. фаришталар зокир учун истиғфор айтишади;
  31. Аллоҳни кўп зикр қилиш мунофиқликдан муҳофазаланишдир;
  32. ҳеч бир солиҳ амалда бўлмаган лаззати ва тоти бор;
  33. уй, кўча-кўйда зикрни кўп қилиш банданинг қиёматда гувоҳларини кўпайтиради. Чунки ер юзи у кунда зокирга шоҳидлик беради.

Зикрнинг шунга ўхшаш яна жуда кўп фойдалари мавжуд. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зокир бандаларидан қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1566 times

Мақолалар

Top