Мақолалар

Ҳажжи мабрурнинг белгиси нима?

(Алданган) агар ҳаж қилса, ишининг бошини зое қилади. Зеро, ҳаж бу банданинг ўз Роббиси томон юришидир. Аллоҳ таоло у Байтни (Каъбани) бандаларга раҳмат қилиб қўйган. Токи улар ўша ерга бориб, Байтни тавоф қилишса, уларни уқубатдан қутқаради, мағфират қилади, гуноҳларидан ўтади, уларни азобдан сақлайди. Чунки улар гуноҳ қилганларида қўрқиб, Аллоҳ таоло томонидан хавфда қолдилар. Шунинг учун уларга бу ерни омонлик қилди ва: “Эсланг, Байтни (Каъбани) одамлар учун зиёратгоҳ ва хавфсиз жой қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 125-оят), деди.

Агар бандалар у ерга ҳаж қилиб, паноҳ сўраб, тавба қилиб кирсалар, уларни ҳаж сабабли омонда қилади. Уларга паноҳ беради, гуноҳларини кечиради. Аллоҳ таоло халили Иброҳим алайҳиссалом Каъба пойдеворини кўтарганида унга одамларни ўз ватанларидан гуноҳларини тарк қилиб келишлари, шу билан уларни кечириши учун чақиришни буюрган. Гуноҳини тарк қилмаганга ваъда қилинган нарса унинг устидан кулиб келади.

Ҳожи ишининг боши – барча гуноҳларни, зулмни тарк қилиши, тавба қилиши, ҳақдорларга ҳақларини бериши, ўша йўлда аъзоларини ўзи тавба қилган гуноҳлардан тийишидир. Токи у Роббисининг ҳовлисига келгунча тавбаси тўғри бўлсин. Кейин у ўзи чақирилган жойда қилган гуноҳларига узр тилаб туради. Роббиси уни кечириб, гуноҳидан ўтсин. Унга тавфиқ бериб, эҳромида ҳажини тугатгунча аъзоларини ҳар қандай жафо, хато ва одобсизликдан тийсин.

Ҳажнинг нусук деб номланишининг сабаби шуки, банда Роббиси байтига вазминлик, виқор, қурбонликлари билан келди. Барча жойларда Аллоҳ таолога хокисор бўлиб, жабр, манманлик ва худбинликни тарк қилиб, ўзини паст олиб келди. Агар шуларнинг барчасини қилиб, кўп тавоф, намоз билан машғул бўлса, сўнг ҳар йили ҳажга келаверса, у алдангандир. Чунки у тавба қилинадиган жойга келса ҳам, гуноҳларни тарк қилмади. Узр сўраладиган жойга келиб, узр сўрашга парво қилмади. Гуноҳларни тарк қилмаган бўлса, қандай қилиб узр сўрайди? Бировнинг молини тортиб олиб, қариндошлик алоқасини узиб, зулм қилиб, молини ҳаром йўллардан топиб, ота-онасига оқ бўлиб, хотини ва болаларига ҳақларини бермай, гуноҳида давом этиб тургани ҳолда тили билангина узр сўраши фойда берадими?! У ана шу билан алдангандир.

Ҳаж қилиб, гуноҳи кечирилмаса, унга ижобат қилинмайди. Гуноҳлардан сақланиб, шунда собит турса, унга Аллоҳ таолодан сабот келади, қалбини шу билан ислоҳ қилади. Бизга ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло бундай деган: “Эй Довуд, Мен кимни бир марта мағфират қилсам, шу билан унинг дунё ва охират ишларини ислоҳ қиламан”. Бизга Сулаймон ибн Мансур Заҳабий Ибн Муборакдан ривоят қилди: Ҳасандан: “Ҳажжи мабрурнинг белгиси нима?” деб сўрашди. У: “Олдингидан ҳам зоҳид бўлиб қайтиши”, деди.

 

Ҳаким Термизийнинг “Оқиллар ва алданганлар” китобидан

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ таржимаси.

Read 1453 times

Мақолалар

Top