Мақолалар

Уйқудан туришда бажариладиган суннатлар
  1. Юздаги уйқу асарини қўл билан аритиш.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб, ўтирдилар ва юзларини ишқалаб, уйқуни аритдилар” (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Қуйидаги дуоларни ўқиш:

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ.

 “Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйаана баъда ма амаатана ва илайҳин нушур”.

“Бизни вафот эттиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилиш Унинг Ўзигадир”.

 

الحمدُ لله الذي رَدَّ عليَّ رُوحي وعافاني في جسدي و أَذِنَ لي بذِكره.

“Алҳамду лиллаҳиллазий родда ъалаййа руҳий ва ъафааний фий жасадий ва азина лий бизикриҳи”.

“Менга руҳимни қайтарган, жисмимга офият берган ва зикрини қилишимга изн берган Аллоҳга ҳамд бўлсин”.

 

  1. Оғизни мисвок ёки бошқа воситалар билан тозалаш.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда уйқудан турганларида оғизларини мисвок билан тозалар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Қўлни ювиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, кафт қўлларини идишга солмасдан, уч марта ювсин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Бурунни қоқиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин. Чунки шайтон унинг димоғида тунаган бўлади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1107 times

Мақолалар

Top