Мақолалар

ИСТИҚЛОЛИМИЗ АБАДИЙ БЎЛСИН!

Истиқлолимизнинг 26 йиллик санаси юртимизга ўзгача тароват ила ташриф буюрмоқда. Ўлкамизга ўз фазилати ва саховати билан кириб келган Қурбон ҳайити байрамининг шукуҳи заҳматкаш халқимиз асрий орзусининг рўёби бўлган мустақиллик кунига ҳамоҳанг бўлиб келмоқда.

Азизлар, Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ каломида бундай марҳамат қилади: “Парвардигорингизнинг неъматлари ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло одамларга сўзлаш ҳақида буюрган неъматлар кўп. Ана шу неъматларнинг энг буюкларидан бири, шубҳасиз, истиқлол неъматидир.

Халқимиз бу неъматга эришгунга қадар ўз бошидан  не-не оғир кунларни кечирди. Истиқлол орзусида табаррук зотларнинг ҳаётлари барбод бўлди. Қанча-қанча миллатдошларимиз коммунистик мустабид тузумнинг зулмидан қочиб, ўз қон-қариндошларидан айри ҳолда, чет элларда сарсон-саргардонликда ҳаёт кечиришга мажбур бўлди. 

Ниҳоят, қават-қават зулматларнинг пардасини ёриб, Истиқлол қуёши балқиб чиқди, зулму истибдод барҳам топиб, халқимиз озодликка эришди.  

“Истиқлол” сўзининг моҳиятига теранроқ эътибор берадиган бўлсак, унинг оддий сўзлар эмаслиги, минг йиллик давлатчилигига эга Ўзбекистон учун нақадар катта аҳамият касб этиши очиқ- ойдин аён бўлади. 

Ҳар бир нарса унинг аҳамиятини қиёслаш билан кўзга яққол ташланади. Истиқлолгача қай ҳолатда эдиг-у, ҳозир қай мақомда турибмиз. Ана шуларни бир-бирига таққослаш орқали истиқлолимизнинг асл моҳиятини англаб етишимиз мумкин.

Ёши улуғ боболаримизнинг айтиб беришларига қараганда, Иттифоқда ягона исломий ўқув юрти саналган Бухородаги Мир Араб ўрта махсус билим юртини таъмирлаш, унда талабалар учун таҳоратхона қуриш мақсадида мадраса мутасаддилари бир неча йил Москвага қатнаб, бу ишларга ижозат олиша олмаган. Тошкентда Ислом институтини очишга рухсат олиш ҳам осон бўлмаган. Мустақиллик даврида ўнлаб ўрта махсус ислом билим юртлари, шунингдек, “Хадичаи Кубро” ҳамда “Жўйбори калон” номли аёл-қизлар ўрта махсус билим юртлари,Тошкент ислом университети, “Мир Араб” олий мадрасаси каби ўқув муассасаларининг ташкил этилгани истиқлолимиз шарофатидандир. 

Истиқлолдан олдин юртимиздаги масжидларнинг аҳволи ўта аянчли эди. Бутун республикада бор-йўғи саксонга яқин масжид бўлиб, уларнинг кўпи таъмирталаб, нурай бошлаган, таҳоратхонаси йўқ ҳисобида эди. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 2040 дан зиёд масжид мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти янгидан қурилди ва тўла таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, ҳаж ва умра масаласини олиб кўрайлик. Мустақилликдан олдинги даврларда Ўзбекистонимиздан йилига атиги икки-уч, баъзи йиллари эса тўрт-беш киши ҳажга борган. Бирор киши алоҳида умра сафарига бора олмас эди. 

Истиқлолгина юртимиз мусулмонларига ҳаж ва умра қилиш имкониятини очиб берди. Натижада ҳар йили минглаб фуқароларимиз ҳаж ибодатини адо этишга муяссар бўлмоқдалар.

Шўро замонида тор доирада нашр этилган “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали, айрим рисола ва диний тақвимлар  миллионлаб мусулмонларнинг диний адабиётларга бўлган эҳтиёжларини қондирмас эди. Истиқлол шарофати билан Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадис тўпламлари бир неча марта нашр қилинди. Бугунги кунда эса “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси мунтазам чоп этилиб келинмоқда. 

Марҳум Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан Самарқандда “Имом Бухорий” номидаги халқаро марказ ўз фаолиятни бошлади. У ерда “Ҳадис” илми бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилиб, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилиб, масжид имом-хатибларининг малакалари мунтазам ошириб борилмоқда.

Дунёга машҳур Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллудлари кенг нишонланиб, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилди.

Биз учун яратилган ана шундай диний эркинликлар ва қулайликлар Аллоҳ таолонинг жуда катта илоҳий неъмати эканини қалбимиздан англаб етайлик. Мустақил юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бораётган бир вақтда биз ҳам бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади.

Барчамиз Мустақиллик ҳамда Қурбон ҳайити байрамларини нишонлаш арафасида турибмиз. Ҳаммангизга ушбу қутлуғ қўшалоқ байрам муборак бўлсин! Шодлик шодликка улансин. Зеро, тинч юртга фақат байрамлар ярашади. Аллоҳ таоло мустақиллигимизни абадий қилсин, юртимизни тинч ва фаровон, халқимизни хотиржам ва бахтиёр айласин!

Ойшахон ҚОДИРОВА,

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти раҳбари муовини

 

Read 4004 times

Мақолалар

Top