Мақолалар

Аллоҳ ҳеч кимни бу неъматдан бебаҳра этмасин!

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматлар берган. Кўриш, эшитиш, гапириш, сезиш, тафаккур, ақл, фаросат, қўл, оёқ... уларни санасак, асло саноғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят).

Аллоҳнинг неъматларидан яна бири, бу фарзанддир. Бу неъматни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким бера олмайди. Буни англаб етиш учун бефарзандларга бир назар солинг. Шунда фарзанд қанчалик улуғ неъмат эканини англайсиз.

Айримларда эр-хотинлик муносабатидан кейин фарзанд туғилади деган нотўғри тушунча мавжуд. Аслида ҳомиланинг пайдо бўлиши ва соғ-саломат туғилиши – Аллоҳнинг иродаси ва лутфи-карамидир. Чунки ҳар бир ҳомила соғлом ривожланавермайди. Айримлари икки, уч ёки тўрт, ҳатто етти ва саккиз ойлигида нобуд бўлиши мумкин. Баъзан туғруқ ҳолатида аёллар вафот этишини яхши биласиз. Агар Аллоҳ марҳамат қилмаса аёл ҳам, бола ҳам вафот этиши мумкин.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. (У зот) хоҳлаган нарсасини яратур. (У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У Алийм ва Қодийрдир” ўро сураси, 49-50-оятлар).

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир”. Бутун борлиқ: осмонлар, ер, қуёш, ой, юлдузлар, махлуқот, мавжудот, ҳайвонот, наботот ва жамодотларни Аллоҳ таоло яратган.

( У зот) хоҳлаган нарсасини яратур”. Аллоҳ таоло йўқдан бор қилади, Яратувчи ёлғиз Аллоҳдир. Унинг яратишига ҳеч ким аралаша олмайди. У истаган нарсасини яратади.

(У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур”. Инсонларнинг баъзиларини ўғил, айримларини қиз қилиб яратади. Агар фарзанд кўриш инсоннинг ихтиёрида бўлганда, ҳар ким ўзи хоҳлаган вақтда, хоҳлаган фарзандга эга бўлар эди.

“Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур”. Аллоҳ таоло айрим бандаларига ўғил-қиз қилиб эгизак фарзандлар беради. Баъзиларга жуфт ўғил ёки қизлар ато қилади.

“Ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур”. Аммо Аллоҳ таоло айрим оилаларни бефарзандлик билан синайди. Йиллар ўтсада, қанча шифокорларга кўрилсада, лекин фарзанд неъматидан бебаҳра бўлишади. Чунки инсоннинг фарзанд кўриши фақат Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқдир.

“Албатта, У Аълийм ва Қодийрдир”. Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида ҳикмат бор. Аллоҳга ҳар бир иш осон, чунки У зот барча ишга қодирдир.

Аллоҳ таоло ҳар бир бандасини кўзлар қувончи, қалблар сурури бўладиган фарзандлар ила неъматлантирсин. Аллоҳ ҳеч кимни бу неъматдан бебаҳра этмасин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 988 times

Мақолалар

Top