Мақолалар

ВАТАН НЕДИР?

Ватан недир?

– Шу тупроқдир, она замин,

Чумолилар, чирилдоқлар, қушлар бари

Ағанайди, завқ олишар, яйрар эмин

Унга дунё фалсафадир, ҳаёт қонун.

 

Билмаганга билдиради, сабоқ берар,

Ғариб кулба, ўтовларда момолари

Ҳали-ҳануз қизлар тенги ип йигирар,

Эшкак эшар, қўй боқади боболари.

 

Ватан недир?

– Қўрқут ота, Жалолиддин

Темур Малик бандаргоҳи Аму узра,

Иккиланмай, кесиб ташлаб қулоқ-бурун

Широқ билан ёвлар кезган саҳронгизда.

 

Ҳакимбекнинг Бойсун эли, Бойчибори

Мадаминбек, Дўкчи Эшон излари бор,

Бу тупроққа не йигитлар келар ҳали,

Туғилади Тўмарисдай аёллари.

 

Ватан недир?

– Ҳаёт билан кураш тушган

Ҳар бир жоннинг танасида ҳужайрадир,

Бўғиқ-бўғиқ чинқирганча илк туғилган

Митти гўдак киндик қони томган жойдир.

 

Ёвқур юрак дарчасида, қалбда турган

Гўзал шуур, туйғу ўзи Ватан эрур,

Шу ер, осмон, халқим, элим, отам-онам

Эътимодим, эътиқодим Ватан бўлур.

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

“Мовароуннаҳр” нашриёти ходими

 

       

Read 5388 times

Мақолалар

Top