Мақолалар

Ҳақиқий муваффақият

Қуръони каримда бир буюк оят борки, бизга дунёда муваффақиятга эришиш ва охиратда нажот топишнинг тўртта асосий сабаби ҳақида сўзлайди. Улар: рукуъ қилиш, сажда қилиш, Аллоҳга ибодат қилиш ва қаерда бўлса ҳам яхшиликлар қилиш. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, иймон келтирганлар, рукуъ, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, нажот топсангиз” (Ҳаж сураси, 77-оят).

“Яхшилик қилинглар” буйруғи барча яхшиликни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда яхшилик ҳақида айтадики: “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор” (Нисо сураси, 114-оят).

Демак, ҳақиқий муваффақият одамларга манфаат бериш, уларнинг ҳолини яхшилаш каби воқеъликда таъсири кўринадиган яхши амаллар экан.

Талабанинг муваффақияти илмий юкаслишда, жамиятга фойдаси тегадиган кадр бўлиб етишишдадир. Муаллимнинг муваффақияти эса ўз мутахассислигини чуқур ўзлаштиришиб, талабаларга чиройли тарзда таълим беришидадир. Шу каби ҳар қайси касб эгасининг муваффақияти ишини пухта қилиши ва унга юкланган вазифани тўла-тўкис амал қилишидадир.

Бундан ташқари мутлақо бошқа нажот ва муваффақият ҳам бор! У илоҳий иноят ва абадий саодат муваффақиятидир. Унда ҳеч қандай хавф ҳам, надомат ҳам бўлмайди, маҳзунлик ҳам, зерикиш ҳам бўлмайди. У охиратда муваффақият топишдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир. Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир. Ана ўшалар ворис бўлгувчилардир. Улар Фирдавсни мерос олурлар, улар унда абадий қолгувчилардир” (Мўминун, 1-11-оятлар).

Демак, ҳақиқий муваффақият Аллоҳнинг тоатида бўлиш, унинг буйруғига амал қилиш, қайтариғидан қайтиш ила рўёбга чиқар экан! Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир” (Нур сураси, 52-оят).

Ҳақиқий муваффақият бу – инсон қиёмат куни (амаллари рўйи-рост ёзиб қўйилган) китобини ўнг томонидан оладиган ва турган жойида ютуғини халойиққа эълон қиладиган кундаги муваффақиятдир: “Бас, кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, у, мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар... Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим, дейдир. Бас, у розилик ҳаётидадир. Олий жаннатдадир. Унинг мевалари яқиндир. Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин” (Ҳаққо сураси, 19-24-оятлар).

Инсон жаннатга кириб, дўзахдан узоқлаштирилган кун… Ана шу буткул муваффақият, нажот эрур… “Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас” (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Лекин, мусулмон инсон дини ва охирати хусусида муваффақиятга эришиши керак дегани, дунёвий муваффақиятларга эришишга ҳаракат қилмасин, дунёга бутунлай қўл силтасин дегани эмас! Аксинча, мусулмон кишининг дунёда муваффақият қозониш учун саъй-ҳаракат қилиши – ердаги ўринбосарлик маъносини рўёбга чиқаришдаги асосий ишдир! Муҳими ўткинчи ҳаётда муваффақият қозонишга берилиб кетиб, дунёга бўлган эътиборни охиратга бўлган эътибордан ошириб юбормасликдир.

 

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1074 times
Tagged under

Мақолалар

Top