Мақолалар

Фарзанд тарбиясидан 700 сабоқ: Амалиётнинг фойдаси – 3-сабоқ

 

9 ёшдаги фарзандим математикага умуман қизиқмас эди. Фақатгина қизиқмаса ҳам майли эди, у борган сари математика фанини ёмон кўриб қола бошлади. Фарзандимнинг математикани ёқтирмаслиги унинг бошқа фанларга бўлган муносабатига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Борган сари баҳолари пасайиб кета бошлади.

Бу муаммонинг муолажасида узоқ ўйланганимдан кейин менда бир фикр пайдо бўлди: фарзандимга тижоратни ўргатишга қарор қилдим.

Ёзги таътил яқинлашаётган кунларнинг бирида фарзандимни ҳар-хил ширинликлар, ўйинчоқлар сотиладиган дўконга олиб бордим. Ҳали болалиги тарк этиб улгурмаган ўғлимнинг юзида пайдо бўлган табассумдан унинг ичида “Дадам менга ўйинчоқ олиб берадилар, ўртоқларимга кўрсатиб мақтанаман”, деган ўйлар ўтаётганини пайқаш қийин эмасди. Кейин ўғлимга “Ўғлим, мана, хоҳлаган ўйинчоқларингни танлаб ол. Мен уларни сенга олиб бераман. Кейин сен уларни ўртоқларингга сотасан”, дедим. Аввалида ўғлим ҳайрон бўлиб бир муддат ўйланиб қолди. Кейин таклифим унга ҳам маъқул тушиб ўйинчоқларни бирма-бир танлай бошлади.

Уйга келганимиздан сўнг қайси ўйинчоқни қанчадан сотиб олгани, энди ўртоқларига қанчадан сотиши ҳақида мен билан маслаҳат қилди. Уни кўриб кўзларим қувнарди. Чунки бир тарафдан ўғлим билан кўп вақтимни ўтказаётганимдан хурсанд бўлсам, бошқа тарафдан унинг ҳисоб-китобларга ўта нозик ёндашаётгани, фойда-зарарни тўғри чамалаётгани мени қувонтирарди.

Шу тахлит сотиб олган ўйинчоқларимизни ўғлим ҳар куни битта-иккитадан қилиб ўртоқларига сотиб келарди. Кечқурун ишдан келганимда иккаламиз кўрган фойдасини ҳисоб-китоб қилардик. Кўрган ҳамма фойдаси ўзига бўлишини айтганим учун фарзандим ишига ўзгача меҳр билан ёндашарди. Шу орада фарзандим ҳисоб-китобга ҳам уста бўли қолди. Энди нархларини мен эмас, ўзи мустақил белгилаб сотадиган бўлди. Бутун ёз бўйи шу иш билан машғул бўлди. Албатта дарслари ҳам қолиб кетмади.

Янги ўқув йили бошланиб 4-синфга ўтгач, математика фанидан аъло баҳолар ола бошлади. Бунда ёз бўйи қилган тижорати давомида математиканинг асоси бўлган бўлиш, кўпайтириш, қўшиш ва айириш амалларини яхши ўзлаштиргани қўл келган бўлса, не ажаб. Математикадаги фаоллиги сабаб бошқа фанларга ҳам бефарқ бўлмади. Чунки бола психологияси бир фандан яхши ўқиса, албатта бошқа фанлардан ҳам яхши ўқий олишини тақозо қилади. Ўқув йили охиригача бошқа фанлардан ҳам аълочилар сафига қўшилди, алҳамдулиллаҳ.

Демак, фарзандаларимизни биргина фандан, айниқса математика каби аниқ фанлардан яхши ўқишига эриша олсак, бу уларнинг бошқа фанлардан ўқишига ва умуман олганда ҳаётдаги фаоллигига ижобий таъсий қилмасдан қолмас экан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясидан 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Read 2178 times

Мақолалар

Top