Мақолалар

Намунали имом қандай бўлиши керак?

Ҳақиқий имом қандай бўлиши керак? Бугун юртимизда масжидлар, имом-хатиблар етарлими? Диний соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар нималардан иборат? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВ билан суҳбатлашдик.

Ассалому алайкум, чекка туман ва қишлоқларда масжидлар, малакали имом-хатиблар етишмаслиги бор гап. Афсус, бу жойларда бидъат-хурофотлар, бировнинг ҳақидан қўрқмаслик, ичкиликбозлик каби иллатлар кўп учрайди. Бу муаммони ҳал этишда имом-домлаларнинг амру маъруфлари жуда зарур. Шу ҳақда фикр мулоҳазаларингизни билдирсангиз.

– Бисмиллаҳир Роҳманир Раҳим. Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи барокатуҳ. Бугун диний идора томонидан малакали имом-хатиблар тайёрлаш борасида кўп ишлар қилиняпти. Аммо чекка ҳудудларда имомлар етишмаслиги бор гап. Бу масалани ҳал этиш мақсадида диний таълим муассасаларида мақсадли қабуллар жорий этилди. Бунда имом-хатиблар етишмаётган ҳудудлар вилоят, туман кесимида ўрганиб чиқилади ва масжидга яқин манзилда истиқомат қилувчи, диний соҳага иштиёқманд уч нафар абитуриент мақсадли қабулга тавсия этилади. Уларнинг қай бири имтиҳонлардан юқори балл тўпласа, ўқишга қабул қилинади. 2022–2023 ўқув йилида ана шундай қабулга 75 та квота ажратилди. Шу билан бирга бундай ҳудудларга малакали имом-хатибларни жалб қилиш, улар учун хизмат уйларини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти. Бу лойиҳамиз тез кунларда ишга тушади ва ўз самарасини беради, иншоаллоҳ.

Айрим жойларда масжидлар камлиги ҳақиқат. Бу масала ечимига ҳаракат қилиняпти. Шу кунларда диний идорамизнинг низоми янгиланяпти. Низомга жоме масжидларнинг филиалларини очиш банди қўшиляпти. Бунда аҳоли эҳтиёжи, адади, масжидлар орасидаги масофадан келиб чиқиб, жомеларнинг филиаллари очилади. У ерда беш маҳал намоз ўқилади, аммо жоме мақомида бўлмайди. Жоме масжид имом-хатиби ушбу филиал масжиднинг имоми ҳисобланиб, унинг барча ташкилий ишларига жавобгар бўлади. Иншоаллоҳ, тез кунларда ушбу низом тасдиқланса, бу масала ҳам ўз ечимини топади.

Масжид қуриш ишларида саховатли ҳомийлар кўплаб топилади. Албатта, бу яхши. Ҳомийлик маблағлари малакали имом-хатибларни  юқорида қайд этганимиздек чекка, диний-маърифатга эҳтиёжи бор ҳудудларда фаолият юритишига йўналтирилса, аҳолининг диний-маърифий билими янада ошармиди?!

– Бу тажрибамизда бор. Диний таълим йўналишида қўлланилган услуб. Ҳозир ҳам балки масжидлар тизимида ҳам қўлласа бўлар. Буни кенгашиб, йўл-йўриғини ишлаб чиқиш даркор.

Бугун жума мавъизаларида кундалик ҳаётимиз учун зарур бўлган масжид одоблари, намоз рукнлари, ақида, мазҳаб, дуо қилиш каби муҳим масалалар кам гапирилаётгандек. Имом-хатибларимиз тезислардан ташқари жамоатнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, жума кунидан бошқа вақтларда ҳам мавъизалар, суҳбатлар қилса яхши бўлади. Шундай эмасми?

– Халқимизнинг маърифатга қизиқиши тобора ортиб боряпти. Шу боис улар  билан кўпроқ кундалик суҳбатлар ташкил этиш муҳим. Бу борада жума мавъизалари кенг қамровли тайёрланаётганини алоҳида қайд этиш даркор. Имомлар мазкур тезисни ўқиб берсалар ҳам, халқимиз анча манфаат олади. Бироқ имомларимиз унинг мазмун-моҳиятини жамоатга ўз тилида кенгроқ тушунтириши зарур. Шундагина кўзланган мақсадга эришилади. Қолаверса, муфтий ҳазрат бошчилигида тажрибали имом-хатиб ва уламоларимизнинг республикамиз бўйлаб масжидларда диний-маърифий суҳбатлари ташкил этиляпти. Бу ҳам халқимизнинг диний-маърифий билими юксалишида муҳим аҳамият касб этяпти.

Шунингдек, жорий йил бошидан барча имомларга беш маҳал намознинг биридан сўнг жамоатга 15 дақиқа маъруза қилиш вазифаси қўйилди. Буни имомларимиз айни кунда қай тарзда адо этяпти, бу уларнинг виждонига ҳавола.

Имом-хатиблар она тили ва адабиётни, айниқса, мумтоз адабиётларимиз дурдонларини яхши билишлари керак. Бугун яхшигина нотиқ, лекин тарих ва адабиётдан билими саёз ёки тил меъёрларини яхши билмайдиган имомларимиз ўз фаолиятида ижобий натижаларга эришиши қийин. Сизнингча, намунали имом қандай бўлиши керак?

– Албатта, бу жуда оғриқли масала. Имом сўзи араб тилида “Имамуна амомана”, яъни “олдимиздаги бошлиғимиз” деган маънони англатади. Ҳар бир имом бу сўзга мос, ҳар жиҳатдан пешқадам, барчага намуна бўлиши қийин. Айниқса, бугунги ахборот замонида бу касб янада масъулиятли бўлиб қолди.  Чунки  халқимизнинг диний эҳтиёжлари кун сайин ошиб, савияси юксалиб боряпти. Улар билан тенгма-тенг мулоқот қилиш, ўз ортидан эргаштириш учун албатта, етарлича билим ва малака керак. Бунинг учун имом замон билан ҳамнафас бўлиб, ўзининг касбий маҳоратини ошириб бориши, сўнгги  фатволардан хабардор бўлиши, кўпроқ диний-маърифий, бадиий ва турли адабиётлар мутолаа қилиши даркор.  Имомнинг илмий салоҳияти, нотиқлиги юқори бўлса, қавмнинг ҳам ҳурмати, меҳр-муҳаббати шунга яраша бўлади.

Намунали имом қандай бўлиш керак деган саволга эса доим қийналиб жавоб берамиз. Имомлик аслида масъулият ва ҳар жиҳатдан намуна бўлиш деганидир. Энг асосийси, имом меҳробнинг эгаси. Бир сўз билан айтганда, намунали имом беш вақт намозда масжидда қоим бўлган кишидир.

Бугун аҳоли ўртасида имом-хатибларимиз ҳақида нотўғри фикрларга бориб, турли таъна тошларини отаётганлар ҳам учраб туради. Бундай фикрлар пайдо бўлмаслиги учун нималар қилиш керак?

– Агар сутга бир қил тушса, дарров кўзга ташланади. Имомлик ҳам  шундай: биргина доғ барчага намоён бўлади. Шарафли касбни  оқлаш учун  меҳробнинг  масъулиятини ҳис қилиши керак. Чунки имомлик Расулуллоҳдан мерос. Ҳар бир имом доим шуни ёдда тутиб, фаолият юритиши лозим. “Агар Расулуллоҳ ҳаёт бўлганларида, у кишининг атрофида қандай жамланган бўлар эдик?”, “У зот имом бўлиб турса, ўзимизни қандай тутардик?” Мана шу саволларни ҳар бир имом ўзига бериши керак.

Имомлар – Расулуллоҳнинг меросхўрлари, дин ходими. Уларнинг ҳурматини жойига қўйиш – қавмнинг вазифаси. Имомда бирор нуқсон ёки камчилик кўринса, қавм уни ислоҳ қилсин. Орқасидан гапириб, ғийбат қилиб, гуноҳкор бўлмасин. Улуғларимиз имомларни ғийбат қилиш заҳарли гўшт ейиш билан баробар деганлар.

Ўттиз йилдан буён талабаларга дарс бериб, кўплаб ёшларга устозлик қилгансиз. Бугунги ёшлар билан ишлашда нималарга аҳамият бериш лозим? Диний-маърифий соҳани танламоқчи бўлган ўсмир ёшларга қандай тавсияларингиз бор?

– Бугун ёшлар билан ишлаш муракакаб жараён. Бу ҳақда Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Фарзандларингизга ёки ёшларга ўша замоннинг илмини беринглар. Чунки улар ўша замон учун яратилгандир”, деганлар. Демак, ҳар қандай устоз замон билан тенг юриши, ўз устида кўпроқ ишлаши даркор.

Ўз навбатида, бугун ёшларимиз илм олиши учун кенг имкониятлар борлигини ҳам алоҳида қайд этиш керак. Биргина диний таълим бўйича ўндан ортиқ билим юртлари ишлаб турибди. Ҳозир чет элда ҳам ўқиш имкониятлари яратилган. Бугун хорижда диний таълим оламан, Қуръон ёдлайман дея у жойдаги нотўғри оқимларга қўшилиб қолаётган ёшлар ҳам бор. Шу боис ота-оналардан илтимос қилардикки, фарзандини хорижга диний таълим олишга юборяптими, ҳушёрлигини қўлдан бермасин.   

Ёшларга эса доимо китоб билан ошно бўлишини тавсия қиламиз.. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча ўринларида бежиз: “Ушбу Китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорлар учун ҳидоятдир” (Бақара сураси, 2-оят) дея марҳамат қилмаган. Чунки мутолаа инсонларга тўғри йўлини кўрсатадиган маёқ. Арабларда “Китоб ўқисанг, албатта фойда оласан”, деган гап ҳам айни шу мақсадда айтилгандир.

Ёшларимиз телефону ижтимоий тармоқларга берилмасдан, кўпроқ китоб ўқисалар, келгуси ҳаётлари учун катта манфаат олади.

Шу билан бирга, ёшларимиз устоз ва шогирд анъанасига қатъий амал қилиши зарур эканини эслатиб ўтамиз. Бу амалиёт барча таълим муассасаларига тегишли.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг “Таълим ва мутаалим” китобида бундай дейилади: “Бир фарзандни етук касб-ҳунар ёки илм эгаси бўлиши учун уч омил: болада қобилияти бўлиши, ота-онанинг эътибори, устознинг меҳри жам бўлиши лозим. Шулар жамлансагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Бири кам бўлса ҳам,  натижа чиқмайди.

Ҳар йили диний таълим муассасаларини кўплаб ёшлар битириб чиқади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ўз соҳасида фаолият юритмайди. Бунинг сабаби нимада?

– Бундай ҳолат нафақат диний таълим, балки барча соҳаларга тегишли оғриқли масала. Бунинг турли сабаблари бор. Биринчи навбатда моддиятга бориб тақалади. Иккинчиси эса, соҳага қизиққан, умрини шу ишга бағишлаган ёшлар кам. Бунинг яна бир сабаби абитуриентда касбга лаёқат, одоб, меҳр бўлмаса, қандай қилиб уни ўқишга қабул қилиш мумкин. Шунинг учун қабул жараёнларини қайтадан ўйлаб кўриш лозим.

            Бу масала аёл-қизларимизга ҳам тегишли. Чунки ҳар йили учта аёл-қизларга ихтисослашган мадрасани ўнлаб талабалар битириб чиқяпти. Лекин уларнинг кейинги фаолияти турмуш ўртоғи ёки қайнона-қайноталарининг қош-қовоғига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Улар ҳам жамиятимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшсалар, аёллар ўртасида турли бидъат-хурофотлар камайган, илмли хотин-қизларимиз кўпайган бўлармиди?! Чунки аёл миллат тарбиячиси эканини унутмаслик лозим.

Бугун диний-маърифий адабиётлар масаласи турлича. Ҳар ким ўзича китоб нашр эттирмоқда. Бир меъёр йўқ. Бу адабиётлар мазҳабимизга мувофиқлигини, ҳеч бўлмаса, намозга оид китобларни идора ҳайъати кўриши керак эмасми?

– Бугун бозорларимиз ранг-баранг китоблар билан тўла. Бироқ уларнинг савияси, мазҳабимизга мувофиқлиги ҳақида яхши фикр билдира олмаймиз. Гоҳида китоб дўконларимизда бугунги кунимизга тўғри келмайдиган, одамларни чалғитадиган, фитнага сабаб бўлувчи китобларга ҳам кўзимиз тушяпти. Шу боис ноширларимиздан замон талабига мос, мазҳабимизга тўғри келадиган, кишиларга ҳақиқий диний-маърифат улашадиган китоблар чиқаришни тавсия этамиз. Энг асосийси, диний китоблар даромад учун эмас, балки чин маънода дин хизмати учун бўлиши лозим. Келгусида идорамиз ҳам бу масалада ўз таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқади, иншоаллоҳ.

– Бугун Имом Мотуридий таълимотини халққа етказиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Лекин олимнинг шахсияти ҳақида кўп гапириляпти. Аммо у зотнинг таълимоти ҳақида аниқ, содда, мухтасар манбалар  йўқ ҳисоби.

– Тўғри, Имом Мотрудий таълимотини ўрганиш, ўргатиш ва тадқиқ этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан саналади. Бунга илк қадамлар ташланган. Бу борада Имом Мотуридий илмий-тадқиқот маркази ва Қашқадарё вилоятида Калом илми мактаби очилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугун бу масканларда имом-хатибларимиз, олимларимиз ақида илми бўйича ўз малакасин ошириб, тадқиқот олиб боришяпти. Бу ишлар самараси ўлароқ, Имом Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳли-сунна, “Тавҳид”, “Баҳрул улум” асарлари таржима қилиниб, нашр қилинмоқда. Бироқ ҳали халқимизга Мотуридий таълимотига оид содда, равон, оммага етиб борадиган китобларни чоп этганимиз йўқ. Бу бугунимизнинг талаби бўлиб турибди. Шу боис ноширларимиздан мана шундай китобларни олимлар билан ҳамкорликда ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни тавсия қиламан. Чунки ақида, эътиқод масаласи бугун фитналар авж олган паллада ниҳоятда муҳим. Ёшларнинг ақидада адашиши эртага нафақат ота-она, балки жамиятга ҳам катта зарар бўлиши мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам 23 йиллик пайғамбарлик даврларидан 13 йилини “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини, яъни ақоид таълимотини авомга ўргатганлар.

Демак, бугун ҳар бир диний соҳа вакили – у имом бўладими ё ноширми – улар олдида турган муҳим вазифалардан бири аҳолининг эътиқодини тўғри шакллантириш, Ислом таълимотини халққа етказишдан иборат. Бу йўлда барча имом-хатибларимизга куч-қувват, рушду ҳидоят сўрайман.  

 

Бобур МУҲАММАД суҳбатлашди.

Read 1859 times
Tagged under

Мақолалар

Top