Мақолалар

МУСУЛМОННИНГ ҲИЖРАТИ ГУНОҲЛАРНИ ТАРК ЭТИШИДА…
Бугунги кунга келиб адашган оқимлар томонидан ижтимоий тармоқларда инсонларни ўз мамлакатини тарк этиш ва қонли урушлар бўлаётган ҳудудлардаги жангари гуруҳларга қўшилишга даъват қилиб, бу амални «ҳижрат» эканини даъво қилаётганини кўриш мумкин. Аммо минг афсуслар бўлсинки, бу сохта ваъдаларга эргашиб, мўмай даромад ёки савоб умидида ўз оиласи ва тинч-тотув ҳаётини тарк этиб, ўзга юртларда хор бўлаётган юртдошларимиз ҳам мавжуд. Бунга сабаб уларнинг аксари диний тушунчаларнинг моҳиятини тўлиқ англамаслиги ёки сохта даъволарга «ихлос» қилиб, кўр-кўрона эргашиши ҳисобланади.
Ислом – илм-маърифат дини бўлиб, инсонларни гуноҳ бўлмаган барча нарсаларнинг моҳиятини англаш ва илм билан унга амал қилишга чақиради. Айниқса, диний масалаларда ўзбилармонлик ва шошқалоқликка йўл қўйилмайди. Ҳижрат ва унга тегишли масалалар ҳам шундай амаллар қаторига киради.
«Ҳижрат» сўзи араб тилида «ажрамоқ», «тарк этмоқ» маъноларини беради. Ҳижратнинг шаръий маъноси эса – Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида «Куфр диёри»ни тарк этиб «Ислом диёри»га кўчишга айтилади. Мусулмонларнинг аввал Ҳабашистонга, кейинчалик пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳнамолигида 622 йил Маккани тарк этиб, Мадинага борганликлари ҳижратга мисол бўлади. Ушбу ҳижратга Аллоҳ таолонинг буйруғи билан бирга уларнинг жони, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан жисмоний ва бошқа шаклдаги тажовуз ўта кучайганлиги сабаб бўлган.
Демак, таърифдан маълум бўлмоқдаки, шариатда катта савоб ваъда қилинган ҳижрат мақомига етишиш учун Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида «Куфр диёри»дан «Ислом диёри»га кўчиш керак экан. Акс ҳолда бу шаръий ҳижрат бўлмайди, фарз ёки вожиблик касб қилмайди, балки оддий бир манзилдан бошқасига яшаш учун кўчиш бўлиб қолади.
Шу боис, ҳозирги кунда мусулмонларнинг бир жойдан бошқа ҳудудга кўчишлари диндаги ваъда қилинган ҳижрат мақомида эмас, балки яшаш, ўқиш ёки ишлаш учун қилинган ҳаракат саналади.
Аммо уламолар мусулмон инсон ҳижрат мақомини топиши мумкин бўлган «гуноҳларни тарк этиш» маъносидаги иккинчи амал борлигини ва ким агар бу ишни амалга оширса, савоб олишини таъкидланганлар. Бу ҳақида Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом шундай дейдилар: «Албатта, ҳижрат икки хислатдир; гуноҳлардан четланиш ҳамда Аллоҳ ва Расулига ажралиб келиш…» (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: «Ҳижрат қилувчи – хато ва гуноҳлардан узоқлашган кишидир» (Имом Ибн Можа ривояти)
Имом Бухорий ривоят қилган бошқа ҳадисда: “Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир», дейилади. Уламоларни ҳадисни шарҳлаб, ундаги «ҳижрат»дан мурод «тарк қилишдир», деганлар.
Шунингдек, бу борада ислом фиқҳининг «Намоз китоби»да «Намозда имом бўлишга кимлар ҳақлироқ?» деган масалада мужтаҳид уламоларнинг ҳукми келтирилган. Намозда имом бўлишга кимлар ҳақлироқ? деган саволга фақиҳ Носируддин Самарқандий «ал-Фиқҳ ан-нофеъ» китобида: “Мусулмонлар орасида суннатни яхши биладигани, агар улар баробар бўлса, Қуръонни яхши биладигани, агар улар баробар бўлса, вараъ (парҳезкор) инсон деб жавоб беради. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қавмга Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни яхши биладигани имом бўлади. Агар улар баробар бўлса, суннатни яхши биладигани имом бўлади. Агар улар баробар бўлса, аввал ҳижрат қилгани имом бўлади. Агар улар баробар бўлса, ёши каттаси имом бўлади», деган ҳадисини келтиради. 
Носируддин Самарқандий мазкур ҳадисни шарҳлаб, «Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни яхши биладигани»лар сўзидан Қуръон оятларининг маъносини яхши билганлар ва уни тажвид қоидалари билан қироат қила оладиганлар тушунилса, «аввал ҳижрат қилгани» сўзидан Мадинага ҳижрат қилганларни назарда тутилганини таъкидлайди. Аммо 630 йилда Макка шаҳри мусулмонлар қўлига ўтганидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Макка) фатҳидан кейин ҳижрат йўқ» деган (Имом Бухорий ривояти). Шу боис учинчи шарт фақиҳ уламолар томонидан ҳадисда зикр этилган «аввал ҳижрат қилганлар»дан «вараъ (парҳезкор) гуноҳларни тарк этган инсон»га ўзгартирилган. Чунки бошқа ҳадисда: «Вараънинг энг олийси гуноҳлардан ҳижрат қилган (киши)дир», дейилган. 
Демак, юқоридаги ҳадис ва улар асосида чиқарилган ҳукмдан маълум бўладики, бугунги кунда мусулмонларга амал қилиши лозим бўлган энг афзал ҳижрат вараъ (парҳезкор), яъни гуноҳ-маъсиятлардан ўзини сақлаш ва уларни тарк этишдир. Шу боис ислом уламолари бир овоздан агар инсон ўзидаги айб ва гуноҳларни тўғри англаган ҳолда уларни ислоҳ қилиб, яхши хулқларга ўзгартирса, тақводорлик мақоми билан бир қаторда ҳижрат мақомига ҳам эга бўлишини таъкидлаганлар. 
Бекзодбек МУХТАРОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги 
Малака ошириш маркази кафедра мудири,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Манба: iiau.uz
Read 1494 times

Мақолалар

Top