Мақолалар

Охират уламоларининг сифатлари

Дунёда илмли инсондан, зиё йўлини тутган охират уламоларидан кўра яхши одам йўқ. Уларнинг наздида, дунё ва охират бамисоли кундош. Улар охиратни дўст тутиб, ўзларини фойдаси оз илмлардан четга олади, нафи улуғ илмларга интилади.

Шақиқ Балхийдан ривоят этилишича, у зот Хотимдан: «Мен билан бир қанча вақт бирга бўлдинг, нима ўргандинг?» деб сўради. Хотим: «Саккиз масалани ўргандим:

Биринчиси –  халойиққа боқдим, ҳар бирининг маҳбуби борлигини билдим. У вафот қилиб қабрга етса, маҳбуби ундан ажралади. Бу ҳолни кўриб қабримда мен билан бирга бўлсин дея барча ҳасанотларимни (яхши амалларимни) ўзимга маҳбуб этдим.

Иккинчиси – Аллоҳнинг таолонинг: «Нафсни орзу-ҳавасдан, бекорчи нарсалардан қайтарди»  (Нозиот сураси, 40-оят), деган сўзига таҳаммум ила назар солдим ва нафсимни ҳавойи нафсдан ҳимоя қилишга жаҳд қилдим. Натижада у Аллоҳ тоатида қарор топди.

Учинчиси: – яна шуни билдимки, қиммати бор нарсани ҳамма ўзида сақлаб туради. Сўнг Парвардигорнинг: «Сизлардаги барча нарса тамом бўлади, Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар боқий» (Наҳл сураси, 96-оят), деган оятига назар солдим, бас, ҳар доим қўлимга қиммати бор нарса тушиб қолса, уни дарҳол Аллоҳ ҳузурида боқий қолиши учун Ўзига йўлладим.

Тўртинчиси – одамларда мол-дунё, аслу насл, шон-шараф борлигини кўрдим. Менда улардан бирортаси ҳам йўқ. Бас, мен буюк Аллоҳнинг: «Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳузурида энг мукаррамингиз – энг тақводорингиздир»  (Ҳужурот сураси, 13-оят), деган сўзига боқдим ва Унинг ҳузурида мукаррам бўлиш учун тақво қилдим.

Бешинчиси – инсонлар бир-бирларига ҳасад қилишларини билдим ва улуғ Аллоҳнинг: «Биз ўрталарида маишатларни (турлича) тақсимлаб қўйдик»  (Зуҳруф сураси, 32-оят), деган сўзига назар ташладим ва ҳасадни тарк этдим.

Олтинчиси: – одамлар бир-бирларига қарши адоват этишларига гувоҳ бўлдим. Шунда Парвардигори оламнинг:  «Дарҳақиқат, шайтон сизларга дўст эмас, уни душман деб билингизлар» (Фотир сураси, 6-оят), деган сўзига қарадим, дарҳол одамларга адоват этишни тарк қилиб, шайтонни ягона душман деб билдим.

Еттинчиси: – инсонлар ризқ-рўз талабида ўзларини хор-зор этаётганларини кўрдим. Шунда мен улуғ Аллоҳнинг: «Ер юзидаги барча ҳайвонларга ризқни фақат Аллоҳ беради» (Ҳуд сураси, 6-оят), деган сўзига назар ташладим, бас, Аллоҳ менга юклаган вожиботларни адо этиш билан машғул бўлиб, Унинг ҳузуридаги менга тегишли нарсаларни тарк этдим.

Саккизинчиси – одамлар ўзларининг тижоратлари, касб-корлари ва сиҳҳат-саломатликларига бино қўйиб беташвиш эканини кўриб, мен ягона улуғ Аллоҳга таваккал этдим.

Охират  уламоларининг сифатлари шундай. Улар султонлардан ғамда бўлиб, уларга ихтилот – аралашишда эҳтиёткор бўладилар».

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:  «Сизлар фитна ўринларидан эҳтиёт бўлинглар»,  дедилар. У зотдан: «Фитна ўринлари нима?» деб сўрашди. У зот жавоб бериб бундай дедилар: «Умаролар  эшиклари. Сизлардан бир киши амир ҳузурига кириб ёлғонни ростга чиқаради, ўзида йўқ нарсани сўзлайди».

Ана шундай илму таълимот ва тақвога амал қилиб боришда Аллоҳнинг ўзи сизу бизга куч ва қувват ато айласин.

Мухторжон ШАРОФУДДИНОВ,

Марҳамат тумани бош имом-хатиби

 

Read 6629 times

Мақолалар

Top