Мақолалар

Улуғ руҳоният, етук комиллик

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади.

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Мисрда икки амирзода бор эди. Улардан бири илм ўрганиш билан, иккинчиси эса мол-дунё тўплаш билан машғул бўлди. Оқибатда бири ўз асрининг бемисл олими, иккинчиси эса подшоҳ бўлди. Шундан кейин давлатманд амирзода олим амирзодага таҳқир назари билан боқиб деди:

— Мен салтанатга эга бўлдим, сен эса ҳамон хор-зор бўлиб юрибсан.

— Эй биродар, мен Парвардигорга кўпроқ шукр айтмоғим керак, — деди унга жавобан олим амирзода. — Зероки, илм-фан эгаллаб, мен пайғамбарлар меросига эга бўлдим. Сен эса Миср мамлакати тахтига ўтириб, Фиръавн ҳамда Ҳомоннинг меросига эга чиқдинг.

Фиръавн ҳамда Ҳомон ўзга одамхудолар қатори хокка қоришди. Уларнинг мероси кукун бўлиб соврилди, бойликлари тупроқ остида қолди...

Улуғ шоирлигидан ташқари шайх мақомига эга бўлган Саъдий ҳазратларининг “Гулистон” асарида келтирилган бу ривоят инсониятга ҳаёт ва унинг мазмуни ҳақида асрлар давомида сабоқ бериб келади. Расуллар эгнидаги ямоқ чопон қимматбаҳо зарбоф тўнлардан азизроқ бўлгани каби, маънавий қашшоқ кишини чексиз бойликлару мансаблар фазилатли қила олмаслиги фиръавнлар тарихида кўп кузатилган.

Қадим тарих қатларида жо бўлган ҳаёт ҳақиқатлари қайта-қайта синовдан ўтади. Тўғри хулоса чиқара олмаганлар зулму ситам, алдову ёлғонлар эвазига тўпланган бойликлардан роҳат-фароғат топа олмайдилар. Тарих ҳақиқати шу. Илоҳий ҳукм шундай. Узоққа бормай, Бухоро амирлари парча нонга зор халқидан яшириб, саржинлаб ўлчаган тиллалари тақдири ҳақида эслашнинг ўзи кифоя.

Бу — жаҳолат. Пайғамбарлар мероси саналган илм йўлидаги зотлар жаҳолат йўлини ёритиб, халқни эзгулик манзилига олиб чиқади. Шу сабабли, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадики, олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир.

Мавлоно Жалолиддин Румий эслатган ҳикматнинг кўпдан-кўп маънолари қаторида олимлар шахсига ишора ҳам мавжуд. Олимлар кўп, шахслар саноқли. Асрлар силсиласида бармоқ билан санарли шахслар етишиб чиқиб, ўз сўзини айта олса, ўша халқнинг манглайида қуёш балққанидир. Ана шундай улуғ шахслардан бири, атоқли олим ва адиб, улкан давлат арбоби, ислом мутафаккири Алихонтўра Соғуний қабрини зиёрат этиш учун пойтахтимизга келган хорижлик уламо “Ўзбек халқи тарихида Алихонтўра Соғуний ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари туфайли кейинги юз йил юксак аҳамиятга молик бўлиб қолади”, деган эди.

Ҳақиқатан ҳам, Алихонтўра Соғуний ўтган аср бошларида мустабидлик зулми туфайли ўз юртини тарк этишга мажбур бўлган ватандошларимизнинг оғир қисматини машҳур “Туркистон қайғуси” асарида ифода этади. Бу асарнинг ҳар жумласи, ҳар сўзи остида халқ тақдири билан ўз қисматини боғлаган жафокаш инсоннинг қалби акс этиб туриши ҳам китобхонга яхши маълум.

Юртимиз мустақилликка эришиши муносабати билан Алихонтўра Соғунийнинг халқимиз озодлиги, диний эркинлиги борасидаги орзу-умидларини амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Асрлар давомида мустабидлик зулми остида ўз иродасини ифода этишдан мосуво қилинган, ташқи ва ички эзувчилар зулми остида ҳуқуқлари поймол бўлган халққа мустақиллик моддий томондан ер ости ва ер усти бойликларини қайтариб бериши асносида маънавий жиҳатдан унинг онгини тажовузлардан қотиб қолган тушунчалардан тозалаб, Ҳақ йўлига бошламоқ вазифаси кўндаланг турарди. Шундай оғир ва масъулиятли даврда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзбек халқининг раҳнамоси сифатида ўртага чиқди. Тақдирни қарангки, орадан салкам бир аср вақт ўтгач, Алихонтўра Соғуний қисмати бу раҳнамонинг ҳам бошига тушди. Бу гал Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф туғилган юртини тарк этишга мажбур бўлса-да, юрт қисмати, халқ тақдири борасида Яратган томонидан зиммасига тушган вазифани теран англаб, уни хорижда туриб бажаришга сидқидилдан киришди. Зеро, қаерда бўлмасин, у шу тупроқ, шу халқ билан ялакат бирлашиб кетган эди.

Бундай чоғларда беихтиёр ҳозирги кунда буюк аждодларимиз сифатида номлари фахру ифтихор билан тилга олинадиган, аммо ҳаётлик вақтида инсоният тамаддунига беқиёс улуш қўшгани ҳолда ўз юртига сиғмаган Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий каби буюк ватандошларимиз ёдимизга тушади. Алихонтўра Соғуний ўтган аср бошида мустамлакачилар тазйиқидан туғилган гўшасини тарк этишга мажбур бўлган бўлса, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф туҳмат ва ғийбатлар туфайли 1993 йилда Ўзбекистондан кўчиб кетишга мажбур бўлади. Аввал Саудия Арабистонида, 1994 йил Ливияга бориб, 2001 йилгача ўша ерда мусофирчиликда яшаб, кўп китоблар ёзади.

Бу буюк инсон бегона мамлакатларда юрт соғинчи билан яшашга мажбур бўлди. Аммо халқлар тарихи шуни кўрсатадики, буюк зотларнинг ҳақ гапларига дош беролмаган сиркаси сув кўтармаганларнинг ўзлари хор бўлиб, ёмонотлиққа чиқишган. Илоҳий ҳукм шундай. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), кофирлар сизни ҳибс қилиш, ё ўлдириш, ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам “макр” қилур. Аллоҳ “маккор”роқдир”. (Анфол сураси, 30-оят).

Бугунги кунда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали истаганча маълумот олиш мумкин. У кишининг қаламига мансуб асарлар қайта-қайта нашр этилиб, халқимиз ижтимоий онгининг таркибий қисмига айланиб бормоқда. Шунинг баробарида, олимнинг ибратли ҳаёти, асарларидаги теран мазмунларнинг янгича талқинлари бизни мафтун этишидан ташқари тўғри йўлга бошлайди. Бу Ҳақ йўлидир. Ҳақ йўли ҳамиша собитдир.

Айтишларича, бир киши шайх ҳазратларининг ҳузурига келиб, ўғлига ҳам яхши ният билан унинг исмини қўйганини, аммо фарзанди аржуманди илм олиш ўрнига, аксинча, номақбул йўллардан кетиб қолгани борасида айтиб қолади.

— Нима қилсам экан? — нажот истаётгандек шайх ҳазратларига мўлтираб қарайди ота. — Мен аслида ўғлим ҳам сиз каби бўлишини истаган эдим.

Шайх ҳазратлари ундан ўғлининг таълим-тарбияси билан қандай шуғуллангани ҳақида сўраганида, маълум бўладики, ота яхши ниятнинг ўзи билан кифояланиб, таълим-тарбия, одоб-ахлоқ борасида қайғуришни хаёлига келтирмаган экан.

Шайх ҳазратлари бола тарбияси борасида мисол келтириб, отаси Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли болалигида унга қандай китоб ёд олдирганини айтиб беради. У ўғли Муҳаммад Содиқни тонг саҳардан катта бир тош устига чиқазиб, қўлига китоб берган.

“Мана шу жойини ёдлаб, кейин тошдан тушасиз”, дея шартини ҳам айтиб қўяркан. Китобдан кўрсатилган жойни тезроқ ёдлаб олмаса, ҳадемай, қуёш чиқишини, кейин қиздира бошлашини, бошидан офтоб ўтиб, ёдлаш нари турсин тош устида туришнинг ўзи ҳам мушкул бўлиб қолишини яхши билган Муҳаммад Содиқ отаси қўйган вазифани тезроқ бажариш учун диққатини бир жойга жамлаб, қуёш юз кўрсатганича китобда белгиланган жойларни ёдлаб оларкан.

Бу гапларни эшитиб, ўғлига Муҳаммад Содиқ исмини қўйган ота нима деярини билмай, бош эгиб қолибди.

— Муҳаммад Содиқ бўлиш учун унга Муҳаммад Юсуф каби ота тарбияси ҳам лозим бўлади, — дея ўзига хос нуктадонлик билан лутф қилган экан шайх ҳазратлари.

Ҳақиқатан ҳам, у кишининг отаси Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлгани ҳақида ёзишади. Муҳаммад Содиқнинг илк устози ҳам отаси бўлган экан. У бошланғич диний таълимни ҳам, Қуръони карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни ҳам падаридан ўрганган ва шу тариқа илмга, китобга қаттиқ муҳаббат қўйган экан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг кўп китоб ўқиб, дунё илмларидан хабардор бўлгани у кишига Қуръони карим, ҳадиси шарифда келган ҳақиқатларни илмий жиҳатдан тадқиқ-таҳлил этиш имкониятини берган эди. Бу ҳол Қуръони карим таржимаси, бу муқаддас китобнинг тафсирига бағишланган олти жилдлик асарида намоён бўлади. Тафсирлар, таржималар, ақидалар, мазҳаблар, ихтилофлар, руҳий тарбия, иймон, фолбинлик, сеҳргарлик, жин чақириш ва ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати, ёлғон, исроф, тақводорлик, намоз, рамазон, кексаларни эъзозлаш, ижтимоий одоблар, зикр, руҳий тарбия каби ўнлаб мавзуларнинг ҳар бирини оддий китобхондан тортиб илм аҳлигача бирдек аҳамиятга молик даражага етказиб муфассал очиб бериш учун улкан салоҳият, иқтидор ва билимдан ташқари сабр-тоқат, чидам ҳам талаб этиладики, бундай фазилатлар бир инсон шахсида мужассам бўлишининг ўзи ноёб ҳодиса ҳисобланади.

“Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда У зот: “Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар”.

Илм эгалари ўзларида бор нарсалари — илму маърифатни ўзгаларга бериш орқали ҳам ўзлари юксак мақомларга эришади, ҳам ўзгаларни эзгу йўлларга етаклайди. Бундай инъом инсонга кўзгу тутади. Уни нуқсонларидан огоҳ этади. Атоқли адиб Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, “Табиатни қандай қилиб асраш, урушлардан, техникавий тараққиёт келтириб чиқарадиган кулфатлардан ҳимояланиш тўғрисида бош қотиришдан аввал маънавий маънода инсон қандай қилиб инсон бўлиб қолажагини, нафақат ақл-идрокли мавжудот шаклида эмас, балки ҳис қиладиган, виждонли инсон қандоқ бўлиши кераклигини билмоқ керак”.

Шу маънода, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг исломда инсон ҳуқуқлари, экология, оила масаласи, ижтимоий одоблар, бозор, қарз каби мавзуларни ёритиши унинг замонавий илм-фанлардан чуқур хабардорлигини намоён этади. Бугунги кунда эркин дунё даъвосини қилган мутараққий мамлакатларда одоб-ахлоқ, маданият, маънавият аталмиш тушунчаларга ўзгача ёндашув вужудга келди. Ҳатто жинсдошларнинг турмуш қуриши маъқулланиб, “улар ҳам Тангрининг болалари ва оила қуриш ҳуқуқига эга”, дея эътироф этилиши инсоният хаёлига ҳам келтирмаган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган касалликларни келтириб чиқарадиган омиллардан кўз юмишни англатади.

“Ummat.uz” сайти орқали тақдим этилган видеороликда Тўхтабой жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқ Муҳаммад домла 2003 йилда бир гуруҳ дин вакиллари шайх ҳазратлари бошчилигида ривожланган давлатлардан бирига сафар қилишгани ҳақида айтади. Улар дунёнинг етакчи бу мамлакатидаги эътиборга сазовор жойлар билан танишишади, турли муассасаларда бўлишади. Шундай муассасалардан бири ОИТС касаллигини даволаш шифохонаси бўлган экан.

— Биз беморларни бу касаллик билан оғригани учун камситмаймиз, уларга ҳамма қатори муносабат қиламиз, — дейди ватандошларимизга йўлбошловчилик қилаётган шифохона масъул ходими. — Улар учун миллиардлаб маблағлар ажратиб, даволаш йўлида сарфлаб юборамиз.

Масъул ходим ОИТС билан оғриган беморлар учун яратилган шарт-шароитларни кўрсатиб, инсонпарварлик ҳақида ваъз бошлаганида шайх ҳазратлари:

— Беморларнинг динини биласизми? — деб сўраб қолади.

— Бизда инсон ҳуқуқлари барчага баробар, — бироз малолланиб жавоб қайтаради масъул ходим.

— Агар динини суриштирсангиз, улар орасидан бир нафар ҳам мусулмон тополмайсиз.

— Нима учун? 

— Чунки ислом дини ҳаром-ҳаришдан, зинодан, гиёҳвандлик моддалари қабул қилишдан, маст қилувчи ичимликлар истеъмолидан, ҳамжинсларнинг нафақат турмуш қуришини, балки уларни бир-бирлари билан яқинлик қилишдан қайтаради, — тушунтиради шайх. — Мусулмоннинг қалби вужуди каби, вужуди қалби каби покиза бўлади. Бундай касалликнинг илдизи маънавий бузуқликдандир.

Бу сўзларни эшитган масъул ходим шайх ҳазратларидан бу борада дастур тузиб беришини сўраганида шундай жавоб олади:

— Менинг сизларга дастур тузиб беришимнинг сира ҳожати йўқ. Бу дастур бир ярим минг йил аввал пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган муқаддас Қуръони каримнинг оятларида, ҳадисларда ўз ифодасини топгандир.

Ҳақиқатан ҳам, минглаб йиллар давомида синовдан ўтган маънавий-ахлоқий тушунчаларни, қадриятларни назар-писанд қилмай, янги олам очмоқчи бўлавериш тажрибаси инсониятни ҳалокат ёқасига олиб келади.

Банибашариятнинг тақдирини ўткир файласуф, жамият қонун-қоидаларини моҳир сиёсатчи, инсон руҳиятини кўпни кўрган руҳшунос каби талқин қилиш лаёқатига эга бўлган шайх ҳазратлари даврнинг долзарб масалаларига муносабатда бўлишда муқаддас ислом дини маърифатига суянган ҳолда иш тутиши ва бунга ўзи ҳам амал қилиши унинг билимдонлик ва инсонийлик сифатларини безаб турарди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ўзбек адабиётига муносабатида ижодкорларнинг ҳақ сўзни айтишига даъвати алоҳида ибратли ҳодисадир. Шоир ва ёзувчилар сўз билан ишлагани, олимнинг эса сўзни муқаддас билгани бу муносабатларга самимий руҳ бағишлаган. Ижодкор қисмати халқ тақдири, иймон-эътиқод, виждон, орият, дин ғами билан чамбарчас боғланиши кераклигига алоҳида эътибор қаратиши бежиз эмасди. Мустабидлик қиличи ҳали халқимиз боши узра муаллақ осилиб турган 1991 йилда ўтказилган Ўзбекистон ёзувчиларининг Х қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятлари диний бошқармасининг бошлиғи сифатида сўзга чиқиб, айтган фикрлари бугунги кунда ҳам адабиёт аҳли учун дастуриламалдек янграб туради:

“Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим, — дея сўз бошлаганди шайх ҳазратлари. — Аввало, мен барча ёзувчиларни — халқимизнинг асл гуллари бўлган етук мураббийларни тарихий қурултойингиз билан муборакбод этаман. Аллоҳ таоло бу анжуманларингизнинг хайрли, дўстона ўтишини, халқимиз қалбига яхшилик бўлиб етиб боришини тилаган бўлардим. Сиз ёзувчилар халқимизнинг ғами билан яшадингизлар, унинг энг яхши ниятларини амалга ошириш йўлида қалам тебратдингизлар. Бу ёзган ажойиб асарларингиздан ҳам маълум. Лекин халқимизнинг ҳозирги аҳволи сизлар янада кўпроқ меҳнат қилишингизни тақозо этади. Шу учун қурултойдан кейин сизларнинг ҳаётларингизда туб бурилишлар бўлиши лозим.

Бу бурилишлар нималардан иборат? Аввало, сизлар олдингизда раҳбарларни эмас, халқни улуғламоқ йўлидан боришингизни тилардим. Қолаверса, сизлар фақат ҳақиқат йўлига, халқ манфаатига хизмат қиласизлар, деб умид қиламан. Халқимиз қадим-қадимдан юксак маърифатли, маданиятли, иймон-эътиқодли бўлган. У доимо маънавий юксаклик учун интилган. Лекин кейинги 74 йиллик ҳаёт бизни моддий нарсаларга қарам қилиб қўйди. Ҳисобот даврида маълум бўлдики, ҳатто ижодий ташкилот ҳам бундай иллатдан четда қолмаган. Ижодкорларимиз орасида ҳам раҳбарликка интилганлар, машина, уй, ҳовли-чорбоғ ва бошқа моддий бойликлар ортидан қувганлар бор экан. Эндиликда ана шу дард қуллигидан халос бўлишингиз керак”.

Бу сўзлар қулоғимиз остида бизга руҳ бағишлаб туради. Ижодга муносабатимизни тарбиялайди. Элу юрт, халқ ғами билан яшамоқдек юксак аъмолнинг саодатларидан сабоқ беради бу сўзлар. Шу сабабли бўлса керак, шайх ҳазратлари ўзбек ижодкорларининг ҳаётидан ҳар қандай ижодий ташкилотдан кўра кўпроқ хабардор эди, десак, муболаға бўлмас.

Жумладан, ўн бир ёшида бахтсиз тасодиф туфайли икки кўзидан ажраб адабиётга меҳр қўйгани туфайли заҳматли ҳаётини нурга эврилтирган Қобил Мирзо бир умр ижод завқ-шавқи билан яшади. Ўзбекистон Ўзувчилар уюшмаси аъзоси, Халқаро Бобур мукофоти совриндори бўлди. Китоблар ёзди. Фарзандлар тарбиялади. Тўрт мучаси соғлом бўла туриб, умрини беҳуда ўтказганлардан фарқли ўлароқ ҳамма ҳавас қиладиган ҳаёт кечирди. Ўзган асарлари туфайли обрў-эътибор қозонди. Унинг шеърларини Орол Мирзо қўшиқ қилиб куйлаганида минг-минглаб одамлар ҳаёт ва унинг мазмуни ҳақида ўйга толиб, хаёл суриб қолишар эди. Вафот этганидан бехабар қолган шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ Қобил Мирзонинг маъракаси ўтказилаётганида ҳовлиси дарвозасидан кириб келганида, бу хонадонга файзу шукуҳ, мунавварлик нури ёприлиб кирганини ҳис этишганини ўша жойда жам бўлганлар ҳозиргача бир-бирларига айтиб юришади. Шайх кириб келиб, марҳумнинг яқинларига таъзия билдиради. Маҳалланинг оддий одамлари, қўни-қўшнилар, қавму қариндошлар билан камтарона дастурхон атрофида Қуръон оятларидан тиловатлар, дуолар қилади. Эндиликда Қобил Мирзонинг ўғли Зафаржоннинг саъй-ҳаракатлари билан мана шу даврда олиб қўйилган видеотасвирни кўрган ҳар бир киши бу дунёнинг ўткинчилиги, ислом маърифатига амал қилиб ҳаёт кечириш афзалликларини катта бир сабоқ сифатида қабул қилади. Шайх ҳазратларининг ўз халқини нечоғли яхши кўришига яна бир бор амин бўлади. Халқ тўғри сўз, тўғри фикр уламосини нечоғли эъзозлашига тасанно айтади.

Ахир, биз киммиз шу жафокаш халқ қаршисида?! Яна бир иқтидорли шоир Аъзам Ўктамнинг “Тараддуд” китоби ҳақида эса муҳтарам шайх шундай деганди: “Кўпдан бери ўйлаб, излаб юрган — шеърият мана шу даражага чиқса эди деган хоҳиш, истакни айнан “Тараддуд” китобида кўрдим. Аввало, тан олиб айтишим керакки, мен Аъзам Ўктамни яхши танимас эканман. Бу эҳтимол камчилигимиздир. Лекин шунчалик шеър битишга иқтидорли шоир ватандошни танимаслик, албатта, биз учун обрў ҳам бўлмас”.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ўзбек адабиётига қўшган улушини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Адабий жараёнда бир бўшаб қолган бўшлиқни у кишининг китоблари тўлдирмаганида, ҳолимиз не кечарди, тасаввур этиш мушкул. Шундай бўлдики, маънавий-ахлоқий қадриятларидан йироқ кўча адабиёти, чучмал оҳанглар, мадҳиябозлик, яланғоч ташбеҳлар адабий дид ва савиянинг тубанлашиб кетишига олиб келди. Халқ шайхнинг китоблари томон юз бурди. Эндиликда бу асарларни халқимизга арзон ва қулай тарзда етказиб беришимиз бу инсоннинг руҳини шод қилади. Зеро, у киши бегона элларда ўз халқи ғамини еб ёзган китобларидан фойда олишни эмас, маънавий камолот ҳақида ўйлаганлари, шубҳасиз.

 Ўз ижодини саргузашт асарлар ёзишдан бошлаб, кейинчалик диний мавзуларни ҳам қаламга олган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф прототип бўлган бадиий асар ёзмоқчиман. Бу хотира ёки хроника бўлмай, ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги Ўзбекистондаги диний аҳвол, уламоларнинг тақдирлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асар бўлади”, деб орзу қилган эди. Унинг орзуси амалга ошишига умри вафо қилмади. Энди адабиётга дадил қадамлар билан кириб келаётган ёшлар қалбида ана шундай улуғвор ниятлар туғилиб, улуғ аллома сиймосини яратиш учун ижодий изланишлар олиб борилиши халқимизга маънавий ибрат бўлади, деб умид қиламиз. 

Шойим БЎТАЕВ

(«Халқ сўзи»).

Read 1685 times

Мақолалар

Top