Мақолалар

Хурмонинг 10 та навини биласизми?

Ажва – бу хурмо ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўп ривоятлар ворид бўлган. Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким эрталаб (оч қоринга) ажвадан етти дона еса, ўша куни унга заҳар ҳам, сеҳр ҳам зарар қилмайди”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари муборак қўллари билан Мадинада ажва хурмосини экканлар. Ажва нави мевасининг ранги тўқ жигарранг, деярли қора. Ажва бошқа навларга нисбатан кичикроқ, пўсти қаттиқроқ бўлса-да, меванинг инсон саломатлиги учун фойдали хусусиятлари жуда кўп.

Суккари – хурмонинг энг яхши навларидан бири. Меваси чўзинчоқ, ўртаси қавариқ, ранги сариқ, таъми жуда ширин. Эътиборлиси, ушбу нав барча босқичда – энди етилганида ҳам, пишиб ўтиб кетган пайтида ҳам, қуритилган ҳолда ҳам мазали. Узоқ сақлашнинг энг яхши усули музлатиб қўйиш. Аҳамиятлиси, суккари нави меваси қуритилган ҳолда ҳам юмшоқлилигини сақлаб қолади.

Бархи – ширин таъми ва ёрқин сариқ ранги билан машҳур. Шакли ўзимизнинг лўлаболишга ўхшайди: калта шарсимон цилиндр кўринишида. Анча серҳосил нав. Битта дарахт яхши парваришланса, мавсум давомида ўртача 110–120 кило мева бера олади.

Халас – ҳамёнбоп навлардан бири. Меваси ўртача катталикда. Пишиб етилиши арафасида тиниқ сариқ рангда, тўлиқ пишганда тилла ранг-қизғиш тусда бўлади. Пўстлоғи ярим шаффоф. Мевасидан бир қанча ширинлик ва таом тайёрланади. Пишиб етилишининг барча босқичида истеъмол қилинади.

Анбара – хурмонинг нисбатан йирик мевали (диаметри 2,5–3 см га етади) юмшоқ нави. Чўзиқроқ шаклга эга, ранги қизил бўлади. Мадина ва унинг атрофида етиштириладиган, тақчил навлардан бири.

Доғлатун-нур – ноёб навлардан бири. Ярим қуритилган ҳолда истеъмол қилинади. Мевалари ўртача катталикда, баъзан йирик бўлади. Шакли бироз чўзинчоқ, тухумсимон. Ранги хилма-хил: пушти, олов тусли, қизил, оч жигарранг. Пальмаси жуда серҳосил. Йилига бир дарахтдан 120 кило ва ундан ортиқ хурмо олинади.

Мажҳул – ушбу нав Марокашдан тарқалган. Қора хурмонинг энг кўп тарқалган тури ҳисобланади. Меваси ўртача катталикда, аммо жуда тўйимли. Таъми ирис конфетлари мазасига ўхшайди.

Зоҳидий – тилла ранг, тухумсимон шаклга эга, ёнғоқ таъмли нав. Пўсти қалин. Ярим қуритилган ҳолда истеъмол қилинади. Мевасининг бошқа нав меваларига нисбатан шираси кам бўлса-да, клетчатка (ўсимлик ҳужайралари пўстининг асосий таркибий қисми)га бойлиги билан ажралиб туради.

Сафавий – Мадинаи мунавварада етиштириладиган энг яхши навлардан бири. Мевалари йирик, “гўшт”ли, нисбатан узун. Қизғиш-жигар ранг тусда. Ширинлиги ўртача. Баъзилар уни сақич қилиб чайнашни хуш кўришади. Таъми ажванинг мазасига ўхшайди. Лекин арзонроқ.

Кабкаб – асосан Эронда етиштириладиган юмшоқ навли хурмо. Нисбатан йирик меваларнинг оғирлиги 15 граммгача етади. Ранги сарғиш-жагарранг. Данаги жуда кичик. Таъми асалникига ўхшагани боис уни “асалли хурмо” деб ҳам аташади. Мазкур хурмони музлаткичда бир ярим йил, хона ҳароратида ярим йил сақлаш мумкин.

 

Маҳмуд МАҲКАМ

@Abdul_Azim_Ziyouddin

Read 1556 times

Мақолалар

Top