Мақолалар

ҚАЙТМАСИН!

Қашқадарё томонларда уч-тўрт рўзғор бирлашиб қудуқ қазиб олади. Бир жойдан қирқ метр, бошқа жойдан эллик метр қазилгандан кейин сув чиқади.

Қазилган қудуқдан сув олиш учун унинг тубига етадиган узунликда сим трос олиб келишади. У “кўк” деб аталади.  Ўша кўкка икки челак сув сиғадиган қовға уланади. Кейин кўк қудуқ ичига ташланади. Кўкнинг бир учи эшакми, отгами боғланади. Уловни биров миниб ҳайдаб кетади. Қовға чиққандан сўнг қудуқ бошида турган одам “қайтинг”, деб овоз қилади. У уловининг бошини буриб ортига қайтади. Шу вақтда қовға челакларга бўшатилиб яна қудуққа ташланади. Керагича сув олингунча у шу тариқа бир неча бор бориб келади.

Уйшун қишлоғидаги  75-мактаб директори  Умир Эрназаров кузатувчан одам. Шу киши бир даврадаги гурунгда бундай деб гапириб қолди:

– Биз болалигимизда “қайтинг”, дейилмасди. “Аллоҳ” дейишарди. Орада мана бу канал келиб қолди-да (Москва канали), муайян вақт шу канал сувидан ичиш билан андармон бўлдик. Кейин қарасак, бу сув ичишга ярамас экан. Бундан ташқари, мустабид тузум даврида одамлар Худонинг номини тилга олишга ҳам қўрқар эди. Шу икки сабабга кўра қудуқ бошида “қайтинг” сўзи қўлланадиган бўлди. Яқинда бир жойга кетаётсам, одамлар қудуқдан сув олаётган экан. Бир келинчак куёвигами, қайнисигами “қайтинг”, деди. Мен беихтиёр: “Қайтмасин, йигит қайтмасин, улови қайтсин!”, – дедим.

Тўғри-да, қовға тортиб кетаётган одамга “Аллоҳ” десангиз ҳам, “қайтинг” десангиз ҳам қайтади. Унга қайси сўзни айтганингиз эмас, овоз қилганингиз муҳим. Лекин бу сиз учун жуда аҳамиятли: “Аллоҳ” десангиз, Раббимизни зикр қилган бўласиз, У ҳам сизни зикр қилади; “қайтинг” десангиз, ҳеч қандай насиба олмайсиз, Умир муаллим айтганидек, бадтилак айтганга ўхшаб қоласиз.

Қиссадан ҳисса қилиб, бошқа ишларимизда ҳам, айниқса, хиргойиларимиздаги сўзларни бир ўйлаб кўриш керак экан деб ўйлаб қўйдим.

Дамин ЖУМАҚУЛ   

Read 5974 times

Мақолалар

Top