Мақолалар

Насаф ва Кеш – алломалар юрти

Қашқадарё воҳаси, унинг қадимий Насаф ва Кеш шаҳарлари илм-фан соҳасидаги салмоқли ишлари билан довруғи дунёга ёйилган олиму фузалоларга бешик бўлган. Манбаларда биргина Кеш вилоятида VII асрдан XII асргача 60дан ортиқ муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва тарихчи олимлар етишиб чиққани тилга олинади.

Дунёда 2700 йиллик тарихга эга бўлган шаҳарлар кўп эмас. Вилоятнинг икки шаҳри – Қарши (Насаф) ва Шаҳрисабз (Кеш) ана шундай улуғ кечмишга эга. Бу воҳанинг бой тарихи ва зафарларга тўлиқ бугунги куни унинг ҳар бир фарзанди қалбида юксак ифтихор туйғулари уйғотади.

Бугунги Қарши ва Шаҳрисабз тарихи Марказий Осиёнинг энг кўҳна шаҳарлари –Самарқанд, Бухоро, Хива тарихи сингари қадимийдир. Кейинги йилларда олиб борилган археологик қазилмалар, бизнинг кунимизгача етиб келган ёзма ёдгорликлар, турли асрларда барпо этилган меъморий иншоотлар ана шундан далолат беради. Афсуски, милодий VIII асргача бўлган ёзма манбалар ниҳоятда кам сақланиб ќолган. Воҳа тарихини юнон, хитой ва араб сайёҳларининг солномаларигина бир қадар ёритади. Хитойликлар Нахшабни “Нашебо”, Кешни “Ци-ши” деб ёзганлар. Араб тарихчилари Ибн Хавкал, Ибн Хурдодбеҳ, Истахрий, Ёқут, Муқаддасий, Самъонийларнинг асарларида воҳанинг тарихи ва маданияти ҳақида қизиқарли маълумотлар бор.

VIII аср охири ва IX асрнинг бошларида Насаф ва Кешда йирик ҳадисшунослик ва фиқҳшунослик мактаблари вужудга келган. Бу мактабларда ислом оламининг турли мамлакатларидан келган талабалар билим олган. Х асрда Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Тадёний, Ҳаммад ибн Шокир ан-Насафий, Абдулмўмин ибн Халаф ан-Насафий, ал-Лайс ибн Наср ал-Кожарий, ХI асрда Абдулазиз ибн Муҳаммад ан-Нахшабий, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Баладий, ал-Ҳасан ибн Али ал-Ҳаммадий ан-Нахшабий каби олимлар бутун ислом оламида шуҳрат топган эдилар.

Қашқадарё воҳасидан чиққан кўплаб адиб ва уламолар турли йилларда пойтахт бўлган Бухоро ва Самарқандда, айримлари эса тақдир тақозосига кўра, Ҳиндистон, Эрон, араб давлатлари ва Румда (Туркия) яшаб ижод этганлар. Масалан, мўғуллар истилоси даврида зиёлиларнинг катта қисми Ҳиндистондан бошпана топган. Бухорода Субҳонқулихон ҳукмронлиги чоғида (1680-1702) ҳам насафлик ва кешлик бир неча шоирлар Ҳиндистонга кўчиб кетган. Малеҳо Самарқандийнинг ёзишича, улар орасида Дастур Насафий, Насим Маҳрамий Насафий, Қадри Насафий, Ломеъ Насафий сингари шоирлар бўлган. Бобурийларнинг шеърият ва умуман маданиятга эътибори, ижод аҳлига ҳомийлиги ҳам бунга сабаб бўлгани аниқ. Амир Хусрав Деҳлавий, Мирзо Абдулқодир Бедил сингари атоқли шоирларнинг ота-боболари ҳам Қашқадарё воҳасидан бўлган.

Қаршининг номи бир неча бор ўзгарган. Дастлаб “Нахшаб”, деб аталган. Бу сўз этимологияси унчалик равшан эмас. Араблар истилосидан кейин шаҳар “Насаф” деб атала бошлаган. Тарихчиларнинг фикрига кўра, бу сўз Нахшаб номининг арабча талаффузидир. Аммо амалда иккала ном ҳам қўлланаверган. Турли асрларда ижод қилган нахшабий ва насафийлар номи фикримизни тасдиқлайди. Шаҳар тарихи ва унда яшаган алломалар ҳақида кўплаб асарлар ёзилгани қадимий манбалардан маълум. Абул Ҳорис Асад ибн Ҳамдавайҳ ал-Варасиний ан-Насафийнинг (928 йили вафот этган) “Китаб муфахарат аҳл Насаф ва Кашш” (Насаф ва Кеш аҳлининг ифтихорлари ҳақидаги китоб), Абу Саъд Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Астрободий ал-Идрисийнинг (милодий 1015 йили вафот этган) “Тарихи Насаф”, Абул Аббос ал-Мустағфирий Насафийнинг (961-1041) 2 жилдли муфассал “Насаф ва Кеш тарихи” деган асарлари худди шу мавзуда бўлган. Афсуски, бу асарлар бизнинг давримизгача етиб келмаган.

Мўғул ҳукмдорлари Кебекхон ва Қозонхон Насаф яқинида ўзлари учун сарой қурдирган. Машҳур шарқшунос олим, “Туркистон мўғуллар босқини даврида” деб номланган 2 жилдли муфассал монография муаллифи В.В.Бартольд бундай ёзади: “Шаҳардан 2 фарсах нарида қурилган саройдан шаҳарнинг ҳозирги номи пайдо бўлган. Чунки “Қарши” мўғул тилида “сарой” демакдир”. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса “Бобурнома” асарида бу сўз ҳақида шундай фикр билдиради: “Яна Қарши вилоятидиркум, Насаф ва Нахшаб ҳам дерлар. “Қарши” мўғулча оттур, гўрхонани мўғул тили била “Қарши” дерлар. Ғолибо бу от Чингизхон тасаллутидин сўнг бўлғондур”.

Насаф шаҳри тарихи ва бу ердан етишиб чиққан алломалар меросини ўрганишда Абдулкарим ас-Самъонийнинг (1113-1167) “Ал-Ансоб” асари алоҳида ўрин тутади. Илм оламида бу китобга бўлган қизиқиш бежиз эмас. Чунки унда мусулмон дунёсида, хусусан Мовароуннаҳрда VIII-XII асрларда яшаб ўтган олимлар, адиблар ва шоирлар ҳақида бой маълумот бор. Унда Насафлик олимларга ҳам кенг ўрин берилган. “Насаф – Мовароуннаҳр шаҳарларидан. Аввалги номи – Нахшаб. Бу шаҳарда қарийб икки ой турдим ва у ернинг кўп олимларидан таълим олдим. Бу шаҳардан ўз фанининг кўп мутахассислари етишиб чиққанлар. Уларнинг саноғига етиш қийин”, деб ёзади ас-Самъоний.

 Олимнинг қайд этишича, X-XII асрларда Насаф мусулмон оламидаги йирик шаҳарлардан бўлган. Ўша замонда Мадина (йирик шаҳар) номи билан аталадиган 8 шаҳар мавжуд эди. Булар – Мадинаи мунаввара, Бағдод, Исфаҳон, Нишопур, Марв, Бухоро, Самарқанд ва Насаф. “Ал-Ансоб” китобида Насаф атрофидаги 50 дан ортиқ қишлоқ ва бу ерлардан етишиб чиқан 180 га яқин алломанинг номи қайд этилгани ҳам ўша пайтдаги тараққиётдан нишонадир. Қашқадарё воҳасида яшаган алломалар ҳақидаги яна бир нодир асар - Нажмиддин Насафийнинг кейинги йилларда босилиб чиққан “Самарқандия” китобидир. Унда ҳам ўнлаб Насафий, Косоний, Касбавий, Баздавий ва Кешийларнинг номлари зикр этилган. Бу асарлар Қашқадарё адабий ва илмий муҳити тарихини ўрганувчилар учун бой манба бўлиб хизмат қилади.

“Ислом тарихида VIII-XII асрлар илм-фан ва маданиятнинг ривожланиш даври бўлган. Ана шу даврларда кўплаб мовароуннаҳрлик алломалар – бухорийлар, самарқандийлар, термизийлар, хоразмийлар, насафийлар, кешийлар, шошийлар ва фарғонийлар етишиб чиқиб, дунё илм-фани тараққиётига жуда катта ҳисса қўшгани тарихий ҳақиқат. Мовароуннаҳрлик муҳаддисларнинг ўзи уч мингдан зиёд бўлган. Кешда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш ва фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) илмига тааллуқли мактаб бўлган, унга Абдулҳамид Кеший асос солган. Унда муҳаддислар султони Имом Бухорий, машҳур олимлар Доримий Самарқандий, Абдулҳамид Кеший дунёнинг турли жойларидан келган ёшларга таълим берган. Бу мактабда кейинчалик Ислом оламида ҳадис илми бўйича шуҳрат қозонган Имом Муслим узоқ Нишопурдан келиб билим олган.

Ушбу таниқли алломаларнинг Кешдаги илмий ҳамкорлиги IX асрнинг бошлари – 820-826 йиллар оралиғига тўғри келади. Кеш айни шу даврда дунё илм-фани ўчоқларидан ҳисобланиб, Куфа, Бағдод, Ҳижоз, Шом, Марв ва бошқа машҳур шаҳарлар қаторида эътироф этилган. Имом Кеший, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Муслим Кешда яшаб, илм тарқатгани боис, уларнинг бу шаҳардаги буюк хизматлари ҳисобга олиниб, дунё аҳли Кешга “Қуббат-ул илм ва-л-адаб” – “Илм ва адаб қуббаси” деб шарафли ном берган.

1220 йилда бутун Мовароуннаҳр аланга ичида қолди. Мўғуллар босқини оқибатида кўплаб нодир қўлёзмалар, қадимий обидалар нобуд бўлди. Асрлар давомида шаклланган илм ва маданият марказлари инқирозга юз тутди. Илм ва санъат аҳллари дарбадар бўлди. Кеш шаҳри ҳам бундан мустасно эмас эди. Соҳибқирон Амир Темурнинг тарих саҳнасига чиқиши бутун Турон аҳлига нажот бағишлади. Айниқса, Шаҳрисабз ўз тараққиётининг юксак даражасига эришди. Бу ерда гўзал меъморий обидалар барпо этилди, ободончилик ва фаровонликни таъминлаш борасида катта тадбирлар амалга оширилди.

Бу даврда Кеш Мовароуннаҳрдаги йирик шаҳарлардан бирига айланади. “Бобурнома”да қайд этилишича, у қўрғонининг катталиги жиҳатидан минтақада Самарқанддан кейинги ўринда турган. Шаҳар қалъа девори ва ҳандақ билан мустаҳкамланган. Бу даврда Кешда бўлган Испания элчиси Клавихо ўз хотираларида бундай ёзади: “Ушбу шаҳар текисликда жойлашган. Унинг барча томонларидан кўплаб ирмоқлар ва каналлар оқиб ўтади, шаҳар кўп сонли боғлар ва уйлар билан ўралган”.

XVI асрда ҳокимият тепасига шайбонийлар келгач, темурийлар даврида бунёд этилган иншоотлар қаровсиз қолади, уларнинг баъзилари вайрон қилинади. Амирлар тўхтовсиз Шаҳрисабз устига юришлар қилар, орадан сал ўтмай вилоят яна бўйсунмаслик йўлини тутар эди. Биргина Амир Насрулло 20 йил давомида Шаҳрисабзга 30 мартадан ортиқ ҳужум ќилган. Натижада экин майдонлари пайҳон қилинган, обидалар, сув иншоотлари бузиб ташланган. Энг муҳими, ташқи тижорат йўллари тўсилиб қолган. Аммо босқинлар, жангу жадаллар ҳам халқнинг илм ва маърифатга бўлган интилишини тўхтата олмаган. Бу ерда бир қанча мадрасалар ишлаб турган, шоирлар, хаттотлар, мўйқалам усталари, ҳунармандлар фаолият олиб борган. XIX аср охири ва XX асрнинг биринчи ярмида Мулла Қурбон Хиромий, Фараҳ Шаҳрисабзий, Равнақий, Гулшаний, Фақирий, Мирзо Умрбоқий Шаҳрисабзий сингари шоирлар, Мирзо Юнус Шаҳрисабзий, Муҳаммад Юсуф Шаҳрисабзий, Имомуддин Шаҳрисабзий, Иброҳим Девона, Бобобек Иштибар, Абдумалик Шаҳрисабзий каби истеъдодли хаттотлар баракали ижод этганлар. Улар мумтоз адабиёт анъаналарини муваффақиятли давом эттирганлар.

Шўролар даврида Шаҳрисабзда бўлганлар яхши билади, ўша вақтда шаҳардаги кўпгина зиёратгоҳлар ярим хароба аҳволга келган, баъзиларининг гумбазлари йиқилиб тушганди. Дор ут-тиловат ва Дор ус-сиёдат мажмуалари ўртасида пасқам уйлар, деворлар, қинғир-қийшиқ кўчалар бор эди. Бугун бу ерда икки мажмуани туташтирувчи равон йўлаклар, хиёбонлар барпо этилган. Умаршайх мирзо мақбараси, Амир Темурнинг ўзи учун қурдирган сағана атрофи очилиб, мазкур иншоотларнинг пойдевори ўрни белгиланган. Илгари бу мақбара ва сағана харобалари тамомила тупроқ остида қолган, устида уйлар қурилиб кетганди. Қайси бир йили тепада ўйнаб юрган болалардан бирининг оёғи ногаҳон чуқурга тушиб кетади. Қадимшунослар текшириб, бу Амир Темур сағанасининг ер остки қисми эканини аниқлайдилар. Уйлар кўчирилиб, атроф текширилганда, Умаршайх мирзо мақбарасининг қолдиқлари ҳам топилади.

Шаҳрисабз тарихи гоҳида қувончли, гоҳида аянчли воқеаларга бой. Неча асрларни кўрган обидаларгина уларга гувоҳ бўлган. Бугун бу воқеалар бизга худди афсонадек туюлади. Зеро, истиқлол шаҳарнинг қадим шавкатини қайта тиклади, унинг аҳлига тинч ва осойишта ҳаёт бахш этди. Соҳибқирон Амир Темур олти асрдан кейин яна ўз туғилган тупроғига қайтди. Оқсарой олдида унинг муҳташам ҳайкали тикланди, шаҳар Амир Темур ордени билан тақдирланди.

Бугунги кунда Шаҳрисабз ўз тарихининг энг шонли саҳифаларига гувоҳ бўлмоқда. Шаҳардаги маҳобатли Оқсарой, ҳар бири ўзига хос Дор ут-тиловат, Дор ус-сиёдат, Гумбази сайидон сингари меъморий иншоотларни қўли гул усталар қайта таъмирлади ва улар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Қадим Кешнинг бу халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ўтказилган 2700 йиллик юбилейи тантаналари шаҳарни бутун жаҳонга танитди. Айни пайтда, у мамлакатимизда тарихнинг унутилган саҳифаларини тиклаш, аждодлар меросини эъзозлаш борасида амалга оширилаётган катта миқёсли ишларнинг яна бир намойиши бўлди.

И.ВАЛИЕВ,

Хожа Бухорий номли ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Read 6998 times

Мақолалар

Top