Мақолалар

Муҳтожлик малҳами

Динимизда инсонларга фойда келтириш улуғ амал сифатида тарғиб қилинади. Бир кишига айни муҳтож вақтида ёрдам қўлини чўзиш ва уни қўллаб юборишга шу дунёда ҳам, охиратда ҳам катта ажр-савоблар ваъда қилинган. Бу хусусда айтилган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар талайгина. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, бир кишига етказилган манфаат билан кўпчилик ёки жамиятга келтирилган фойда баробар қадр-қиймат касб этади. Чунки эл-юртга етказилган манфаатдан алал-оқибат одамлар баҳраманд бўлади.

Ибн Мусаййиб Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:  “Ақлнинг боши Аллоҳ таолога имон келтириш ва ундан кейин одамлар меҳр-муҳаббатини қозонишдир”, деганлар. Қарангки, Пайғамбаримиз ҳадисларида икки амалга урғу берилган: бири имон, иккинчиси одамлар меҳр-муҳаббатини қозониш. Аммо ҳар иккиси ҳам ақлнинг боши деб қаралади. Одамлар меҳр-муҳаббатини қозониш ўз-ўзидан уларга манфаат етказишга боғлиқ. Бир кишига қанча фойда келтирилса, шунга қараб унинг меҳр-муҳаббати ошиб боради. У бир умр бу яхшиликни эсдан чиқармайди, мендан қайтмаса, Аллоҳдан қайтсин, деб ҳақига хайрли дуолар қилади. Шунинг ўзи катта бахт, инсон умри ва ҳаётининг безаги эмасми?  Аммо бир нарсани сўраб келганда илтимоси рад этилса, муҳтож бўлиб турган киши  ноумид қайтарган кишини ёмон кўриб қолиши мумкин. Шунинг учун илгари улуғ кишилар биров бир ҳожатини айтиб келса, иложи борича уни ноумид қайтармасликка ҳаракат қилган. Инсон табиати шундай яратилган.

Бундай ишларга ҳаётимизда тез-тез дуч келиб турамиз. Кимнингдир муҳтожлик ярасига малҳам бўлиб яшаётган экансиз ва шу йўлда умр кечираётган экансиз бу – ҳаётингиз беҳуда ўтмаётганига ҳужжат-далилдир. Ҳадиси шарифда айтилганидек, инсон ақл-фаросатини имон белгиласа, ундан кейин халқ манфаати йўлида амалга оширилган яхшиликлар туфайли уларнинг кўнглини кўтариш ва қувонч улашиш туради. Бир донишманд киши: “Муҳтожлик жароҳати раҳм-шафқат дори-дармони туфайли тузалади”, деганида халққа ғамхўрлик ва инсонпарварлик улуғ фазилат эканини таъкидланган. Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу: “Бошқалардан ёрдамини аямаган кишининг зикри кенг ёйилади”, дейди. Муғийра ибн Шуъба: “Дўстлари ҳолидан хабар олмаган кишини дўстлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўяди”, дейди.

Бировларга яхшилик қилиш туфайли қалбда кечадиган туйғу лаззатини сўз билан ифодалаб бўлмайди. Яхшилик қилган киши узоқ вақт хушнуд ва мамнун бўлиб юради. Дарҳақиқат, саховатпеша инсонлар бундай туйғуни қалбида кўп марта ҳис этадилар ва шуни деб очиқ қўл бўлишга ҳаракат қилиб яшайдилар. Паҳлавон Маҳмуд: “Кимдаки бўлмаса замона ғами, ё оламдин эмас, ё эмас одам”, дейди. “Қачонки шод эсанг, ғамлига раҳм эт, / Агар султон эсанг, мискина раҳм эт”, дейди Ҳофиз Хоразмий. Донишмандлар: “Яхши ном олиб ўлган киши ёмон ном олиб тирик юрган кишидан афзалдир”, дейишган. Синиқ ва ғамгин қалбга қувонч улашиш ва яхшилик қилиш баҳоси ва қийматини ўлчаб бўладими?  

Динимизда бошқаларга манфаат етказишга шу даражада тарғиб қилинадики, бошқа динда бундай тарғиботни учратиш амри маҳол. Шунингдек, барча ҳукм ва кўрсатмаларида инсон манфаатларига катта эътибор бериб, бу дунё ва охират бахт-саодатига мушарраф этиши маълум қилиб, инсоният ва бутун мавжудот манфаатига зид хатти-ҳаракатларни қоралайди. Инсон манфаати кенг тушунча бўлиб, ҳатто ёрдам бера олмаган тақдирда бир кўнгли синиқнинг кўнглига яхши сўз билан таскин ва тасалли беришнинг ҳам ажр-савоби ниҳоятда улуғ. Ҳар биримиз хайрли ишларга қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Ана шу вақтда қалблар бир-бирига талпинади, одамлар бир-бирининг оғирини енгил қилиш ва холис манфаат етказишга интилиб яшайди. Инсон учун бу дунёда бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Халқ манфаатлари ва фойдаси йўлидаги хайрли ишларимизда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин.

 

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли,

Шайхонтоҳур туман бош имом-хатиби

Read 5463 times

Мақолалар

Top