Мақолалар

Қуръони каримни тиловат қилишда бажариладиган суннатлар

1. Таҳоратли бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа сураси, 79-оят).

2. Пок жойда тиловат қилиш. Афзали масжид ҳисобланади.

3. Қиблага юзланиб, виқор ва салобат билан, бошини эгган ҳолда хушуъ хузуъ билан ўтириш.

4. Мисвок ишлатиш.

5. Қироатдан олдин тааввуз
(Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Қачонки, Қуръон ўқисангиз, албатта, қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрангиз!" (Наҳл сураси, 98-оят).

6. Тавба сурасидан бошқа ҳар бир суранинг аввалида басмала (Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим)ни айтиш.

7. Тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Қуръонни "тартил" билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил сураси,4-оят.)

8. Бир сура қироатини бошлаганда уни охирига етказиш.

9. Бошқалар билан сўзлашиш учун қироатни тўхтатмаслик.

10. Сажда оятини ўқиган вақтдаёқ сажда қилиш.

11. Мусҳафга қараб ўқиш. Бу ёддан ўқишдан кўра афзалдир. Чунки Қуръонга назар қилиш ҳам ибодатдир.

12. Имкони борича қироат овозини чиройли қилиш ва уни зийнатлаш.

13. Йўғон овоз билан тиловат қилиш ва аёллар каби овозини ингичка қилиб ўқимаслик.

14. Тиловат вақтида йиғлашлик ёки йиғлашга қодир бўлмаса йиғламсирашлик, маҳзунлик ва хушуъ билан ўқиш.

15. Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш. Чунки тиловатдан асосий мақсад ҳам шудир. Аллоҳ таоло айтади: "(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир" (Сод сураси, 38-оят).

16. Аллоҳ таолонинг қудратини баён қилувчи оятларда унинг қудратини идрок қилиш, кофирларнинг ҳолати баёни келганда Аллоҳдан паноҳ сўраш.

17. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг сўзи эканини ёдда тутиш.

18. Тадаббур, тафаккур қилишдан тўсадиган нарсаларни тарк қилиш. Масалан, ҳарфларни ҳаққини адо қилмаслик, уни ўз махражидан чиқармаслик каби ишлар билан шайтон васваса қилади.

19. Гуноҳга муккасидан кетиш, мутакаббир бўлиш, нафси ҳавога берилиб кетиш ҳам Қуръонни тафаккур, тадаббур қилишдан тўсади. Чунки бу ишлар қалбни қорайиши унинг занглашига сабаб бўлади.

20. Қуръон тиловат қилувчи инсон шуни билиши лозимки, ундаги қилинган хитоблар, ваъидлар ўз навбатида ана шу инсонга ҳам тааллуқлидир. Ундаги қиссалар шунчаки гап-каштак учун эмас, балки ибрат учун уларни нозил қилингандир. Уларни тааммул қилиб, ўзига хулоса чиқарсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1335 times

Мақолалар

Top